www.muslimuz

www.muslimuz

samedi, 17 novembre 2018 00:00

Дин насиҳатдир

Дарҳақиқат, дин насиҳатдир (самимиятдир). Лекин унинг риоя қилиш керак бўлган одоблари, таъсирчан услублари бор. Энг аввало, насиҳат қилмоқчи бўлган киши ниятни холис қилмоғи лозим. Зеро, ҳар бир насиҳатгўй ҳам самимий ва омонатдор эмас. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилинган киши ўзига берилган маслаҳатни тўғри қабул қилиб муваффақият қозонавермайди. Охирини ўйламай, берилган қанчадан-қанча насиҳатлар алоқалар узилишига, ноиттифоқликка, ҳатто ўзаро ёвлашишга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон насиҳат қилишда самимийлик, холислик ва омонатдорликка риоя қилиши, биродарига  насиҳат қилиш учун муносиб вақт ва жой топиши лозим.

Насиҳат қилишнинг турли услублари, қонун-қоидалари бор. Энг муҳими шуки, насиҳат қилишда ҳар қандай ғаразли мақсадлардан воз кечиш, унинг одоблари ва қонун-қоидаларига риоя қилиш  лозим. Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳга: «Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» дейилди.

«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», дедилар.

Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми», деб гуноҳларини санайди. У: «Ҳа, Раббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан сўнг унга: «Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Агар насиҳатни кўпчилик ичида қилишга тўғри келиб қолса, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал намуна бор. Расулуллоҳ алайҳиссалом қавм ичида бирон ёмон иш ёки камчиликни кўрсалар, буни дабдурустдан ўша одамнинг юзига солмасдан, умумий тарзда, фалончига нима бўлди, эмас, балки одамларга нима бўлдики, шундай-шундай ишларни қилмоқдалар, деб ҳаммага тааллуқли қилиб гапирардилар.  «Қавмларга нима бўлдики, бундай дейдилар ёки қиладилар» (Имом Абу Довуд).

Шунингдек, ота ўғлига, раҳбар кўл остидаги одамга, устоз шогирдига, табиб беморига, ҳамкасаба ўзининг касбдошига, дўст ўзининг дўстига насиҳат қилишида фарқ бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, насиҳат  бу – бир инсонни яхшиликка йўллаб қўйиш, ҳаққа етаклашдир. Камчиликларини гўзал услубда самимийлик билан тузатишдир. Токи унинг қалби нурлансин, хатоларини кўрсин ва уларни тузатиб олсин. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилувчи ҳам ўта зийрак, кучли фаросат эгаси бўлмоғи тталаб этилади.

Тошкент вилояти Тошкент тумани

"Холмуҳаммад ота" жоме масжиди имом-хатиби

Авазхўжа Баҳромов

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Имом Бухорий маънавий мероси ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга ташриф буюрган Қирғиз-Турк Манас университети ректори профессор Сабаҳиддин Балжи жаноблари куннинг иккинчи ярмида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган ишлар ва яратилган шарт-шароитларни кўриб юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Бу ишларнинг бошида турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тасаннолар айтди. Шундан сўнг, мартабали меҳмон Имом Бухорий мажмуасида бўлиб, буюк муҳаддис бобомизни қабрини зиёрат қилиб қуръон тиловат қилди.

Сабаҳиддин Балжи ташрифи давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий ходимлар иштирокида учрашув ташкил этилди. Меҳмон марказда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ва марказ қўлёзмалар хазинаси билан танишди. Дўстона ўтган учрашувда Балжи “Мен Ўзбекистонга келишни бир неча йиллардан бери орзу қилар эдим. Мен аслида математик олимман. Мен ўз илмий ишим давомида сизнинг бобонгиз Маҳмуд ал-Хоразмий ҳаёти ва илмий меросини кўп ўргандим ва унинг бу дунё аҳли учун қанчалик катта иш қилганлигини жуда яхши биламан. Мен бу ўзбек диёридан яна кўплаб олимлар ҳаёти ва тарихини ўқиган пайтларимда шу юртни бир бориб кўриш насиб қилармикан деган тасаввурда эдим. Аллоҳга шукрки мана бу Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларининг саъйи ҳаракатлари туфайли мен бугун азалий орзуимга эришдим. Сиз жуда ҳам буюк аждодларнинг меросхўрларисиз. Ишонаманки боболарингизнининг илмий меросларидан фойдаланиб бу дунёга, илм аҳлига катта илмий ютуқларни олиб чиқасиз” деди.

Шунингдек, Балжи жаноблари яқин келажакда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан барча соҳаларда доимий алоқа ўрнатилишига тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув сўнгида меҳмонларга марказ илмий ходимлари томонидан тайёрлаб нашр этилган китоблар совға қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Бугунги кунда бутун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётган исломий молия ва савдо асослари Ўзбекистонда ҳам кенг ёйилиш арафасида турибди. Бу ишга халқаро ташкилотлар, жумладан, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро исломий савдо молия корпорациясининг яқиндан кўмаги ушбу йўналишдаги ишлар ташкил этилишига катта хизмат қилмоқда. Бу йўлда турли ҳамкорлик шартномалари, келишувлар, меморандумларнинг имзоланиши мўмин-мусулмонларнинг исломий банк хизматларидан фойдаланиш имконини беради.

Кеча, 15 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Вақф” хайрия жамоат фонди, Халқаро ислом академияси ва Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Исломий молия ва вақф ишлари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Халқаро молиявий ташкилотлар билан ишлаш департаменти, “Вақф” фонди ва Халқаро исломий савдо молия корпорацияси вакиллари мавзу доирасидаги долзарб маърузалари билан иштирок этдилар. Ушбу семинарда соҳа мутахассислари, диний ходимлар ва талаба-ёшлар қатнашдилар. Семинарнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ушбу семинарда иштирок этган хорижлик мутахассислар инглиз ва рус тилларида исломий молий, савдо ва банк тизими ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот бериб ўтдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

 

  • Қолоқликнинг энг муҳим сабабларидан бири — бир ишни, вазифани унинг мутахассиси бўлмаган кишига топширишдир!

«Тарих мухрлаган сўзлар»

 

  • Шарафли фақирлик ориятсиз бойликдан афзалдир!

Жорж Бернард Шоу

 

  • Баъзи одамлар сизни ташлаб кетишади. Лекин бу ҳаётингиз тугади дегани эмас. Балки бу ҳаётингизнинг фақат уларга боғлиқ қисми тугади деганидир.

Уил Смит

 

  • Қурол билан террорчиларни ўлдира оласан. Аммо, таълим билан терроризмни ўлдира оласан.

Малала Юсуфзай

 

  • Баъзи одамлар «акса уриш»га ўхшайди. Ҳаётингдан чиқиб кетганидан кейин «АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ» дейишинг керак!

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

 

 


Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

 

Аёлнинг сукути

Аёлнинг жим туришининг учта эҳтимоли бор:

  1. Ё фикрлашга берилган.
  2. Ё кутиб чарчаган.
  3. Ёки қалби парчаланган.

 

  • Бургутлар сукут сақлаб турганда, тўтиқушлар сафсата сотишни бошлайди.

Уинстон Черчилл

 

  • Жоҳиллик — ҳар бир ёмонликнинг аслидир.

Афлотун

 

  • Аёл севган инсонининг олдида жим туриб, гапиришга журъати етмаётган пайтда сўзлари кўз ёши кўринишида келади.

 

Эсимиздан чиқмасин!

БИЗНИ ДУНЁГА КЕЛТИРГАН ИНСОН БОШҚАЛАР УЧУН ОДДИЙ АЁЛДИР, ЛЕКИН БИЗ УЧУН ОНАДИР!

 

  • Аллоҳнинг сенга тақсим қилганига рози бўл! Эҳтимол, кўпроғига эга бўлганингда, ҳалокатинг ўша кўпроғида бўлар.

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

 

Янгиликлар

Top