www.muslimuz

www.muslimuz

 Шу йилнинг 25 июлидан эътиборан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва бир гуруҳ юртимиз уламолари Самарқанд вилоятида мўмин-мусулмонлар билан яқиндан мулоқот қилиш ҳамда жоме масжидларда намозхонларга мавъиза қилиш мақсадида, ушбу вилоятнинг турли ҳудудларида бўлдилар.

Мазкур сафар давомидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, масжид қавмлари ила маърифий суҳбатлар ҳамда халқимизнинг диёримиз имомлари, хусусан, Муфтий ҳазратларига бўлган ҳурмат-эҳтиромлари кўпчиликни мамнун этди. Бундай лаҳзалар ижтимоий тармоқларимиз орқали ҳам кенг ёритилди (линкларимиз).

Мана шундай файзли суҳбатлардан бири шу йил 29 июль куни Самарқанд шаҳрида жойлашган "Намозгоҳ" масжидидаги жума намозига йиғилган катта жамоат билан бўлди. Ушбу жомедаги мавъизадан таъсирланган масжид қавми якунда Муфтий ҳазратларининг дуоларини олиш учун йўл ёқасига қадар тўп-тўп бўлиб, кузатиб бордилар.

Лекин айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қайд этганимиздек, Муфтий ҳазраларини зиёрат қилишга интилган мўмин-мусулмонларини гўёки “Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари (“Толибон”) мухлислари”, дея асл вазиятдан одамларни чағитишга уриниб, ижтимоий тармоқларда турли изоҳлар ёзганлар.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этган Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси ҳам мазкур жума намозида қатнашди.

Таъкидлаш керакки, эълон қилинган ижтимоий тармоқ материалларидан яққол намоён бўлмоқдаки, мўмин-мусулмонлар Муфтий ҳазратларини зиёрат қилиш ва у кишининг дуоларини олиб қолишга интилганлар (линкларимиз).

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай изоҳларни ёзмаслик ва уларни тарқатмасликни илтимос қиламиз.

Аҳоли орасида асоссиз маълумотларни тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

✅ Эслатма! 2022 йилнинг 30 июль куни – янги 1444 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2022 йилнинг 8 август, душанба кунига тўғри келади.

?Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

?Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

?Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

? Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.

?Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

? Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

? Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

✍️ Даврон НУРМУҲАММАД

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

mercredi, 27 juillet 2022 00:00

Илмнинг дунёдаги фазли

Имом Абу Юсуф бу воқеа содир бўлгунича ўта фақир киши бўлганлар. Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид бир кишига бундай савол берди: “Бир аёл эрига сиз дўзаҳ аҳлидансиз, деди. Эри эса агар мен дўзаҳ аҳлидан бўлсам, сен талоқсан, деди. Бунинг масаласи нима бўлади?”. У Боғдоддаги фақиҳлардан бу масалани сўраб чиқди. Бироқ улардан жавоб бўлмади. Шунда Абу Юсуфдан сўралганда: “У киши Роббисидан қўрқиб ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарадими, дедилар. Савол берувчи ҳа, деди. Унда унинг қасами бекор, талоғи тушмайди, дедилар. Нима учун? деб сўради. Чунки Аллоҳ таоло:

وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَىٰ فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَىٰ
“Ва аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир”, деган дедилар (Назиъаат сураси, 40-41 оятлар) . Савол берувчи: “Ҳа, Аллоҳ тўғри айтди ва сиз ҳам”, деди.

Ҳорун хурсанд бўлганидан имомни дуру-жавҳарлар билан сийлади ва ўзига яқин олиб, мамлакатдаги қозиларнинг қозиси этиб тайинлади. Шунингдек, сафарларининг аксарида имомни ўзи билан олиб кетар, ҳатто ҳажга борганида ҳам бир маркабнинг тахтиравонида бирга, ёнма-ён олиб кетар эди.
Буларнинг барчаси илмнинг баракаси, фазли ва шарафидандир. Зотан, фиқҳ илми илмларнинг энг шарафлисидир. Чунки фиқҳ диннинг асосидир.

“Ал-Жамъу байнал фатва ваттақва” асаридан
Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби
Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли таржимаси

Бугун, 27 июль куни Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров ҳамда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Диний соҳа раҳбарлари муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлаётгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар халқимиз ва дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида айни кунларда Самарқанд вилоятида Тошкентдан ташриф буюрган ва вилоятда фаолият юритаётган воиз уламолар олис ва чекка ҳудудлардаги масжидларда маърифий суҳбатлар ўтказилаётгани, шунингдек, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилаётгани, уларда ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилгани баён қилинди.

Шунингдек, тадбирда вилоятдаги масжид ва маҳаллаларда ўтказилаётган суҳбатларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялардан асрашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида имом-хатиблар фаолиятини янада яхшилаш, аҳолимизнинг диний саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 65 sur 637

Янгиликлар

Top