www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муборак Қурбон ҳайитининг халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтиришдаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни улуғлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль – сешанбага тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2021 йил 20 июль куни Қурбон ҳайити байрами этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–6122-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ПФ–6222-сон Фармони билан 2021 йил 21–22 июль кунлари ҳам дам олиш кунлари сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитини карантин талабларига амал қилган ҳолда халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда оила даврасида ўтказиш афзаллиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 13 июль

манба: http://uza.uz/posts/284375

Муносабат

Буюк мутакаллим аллома, ватандошимиз Абу Муин Насафий ҳазратлари эзгулик ва ёвузликдан бирини танлаш инсон ҳаётининг асосини ташкил этишига эътибор қаратар эканлар, бахтли ёки бахтсизлиги айни шу сабаб билан боғлиқлигини уқтирадилар ҳамда тўғри танловнинг бир кўриниши жамиятда мавжуд қонунларга итоат қилишда эканини айтганлар.

Дарҳақиқат, қонунларга итоат этиш ва риоя қилиш – тотувлик ва тинчликнинг асосидир! Қонунга риоя қилиш жамият аъзоларининг барчасига бирдек тааллуқли!

Ушбу келишувни қайд этиш, расмийлаштириш, амал қилиш ва назорат қилиш тизимининг барчага баробар тушунарли бўлиши жамиятнинг комиллик даражасини белгилаб беради. Демак, барча жабҳаларда қонун устувор бўлган жамият – комил жамиятдир! Интизом, тартиб, ўзаро ҳурмат бўлган жамият ривожланиш йўлини тез топиб олади ва ушбу йўлда собитқадамлик билан илгарилайди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги Қонунни имзолади.

Мазкур Қонун жаҳон андозаларидан, инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон намуналаридан, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги халқаро қонунчилигидан, виждон эркинлиги ҳамда диний соҳа бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг кўплаб ҳужжатларидан, ҳуқуқшуносликнинг виждон эркинлиги банди бўйича дунё тан олган давлатларнинг қонунларидан, аксарият халқи мусулмон динимизга мансуб давлатларнинг, кўплаб араб давлатларининг, аввал-азалдан дунё харитасида шу соҳада обрў қозонган мамлакатларнинг қонунларидан яхши ва манфаатли томонлари олинибгина қолмасдан, балки тилимиз бошқа бўлса-да, ДИНИМИЗ – БИР булган бир қанча диёрларнинг АЙНАН мана ШУ қонунлари зўр профессионалларимиз ва кучли мутахассисларимиз тарафларидан ҳар томонлама пухта ва чуқур, ҳар жиҳатдан батафсил ва кенг ўрганиб чиқилгани яққол кўриниб, очиқ-ойдин сезилиб, равшан билиниб турибди.

Буни нафақат ҳуқуқшунос, нафақат диншунос, нафақат исломшунос, балки ҳар қандай оддий фуқаро ҳам, оддий бир мўмин-мусулмон одам ҳам яхшилаб, диққат билан ўқиб ва уқиб чиқса, ўзи англаб олади.

6 та боб, 35 та моддадан иборат бўлган, Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган, 2021 йил 5 июльда қабул қилинган № ЎРҚ-699-сонли “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонунда бир талай ўзгаришлар бор. Энг муҳими, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам енгиллаштирилди.

– диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилди;

– диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;

– рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланди.

Дунёда элатлар кўп, эътиқодлар, дин ва мазҳаблар хилма-хил. Минг йиллардан бери инсоният билан ёнма-ён яшаётган, унинг маънавий оламини тўлдириб, эзгу амалларга ундаб келаётган динларнинг моҳиятига разм солсак, ҳамоҳанглик, муштараклик ғояларни илғаймиз. Ҳатто уларнинг даъвати ҳам ниҳоятда ўхшаш: “Одамлар, аҳил-иноқ яшанг!”, “Ўзганинг ҳақидан хазар қилинг!”, “Бир-бирингизга ёмонлик қилманг!”, “Ўзингизга раво кўрганингизни яқинингизга ҳам раво кўринг!”, “Қўлдан келганча яхшилик қилинг!”, “Меҳр-мурувватли бўлинг!”...

Шундай бўлса-да, сайёрамизнинг турли нуқталарида динлараро зиддиятлар, мазҳаблараро қарама-қаршиликлар ҳамон учраётгани, бу ҳол қонли тўқнашувларга сабаб бўлаётгани, бундан тинч аҳоли жабр чекиб, шаҳарлар, давлатлардаги барқарорлик издан чиқаётгани айни ҳақиқат. Инсонларнинг энг муқаддас аъмоли – эътиқодидан фойдаланиб, мафкуравий хуруж уюштириш, дин ниқоби остида манфур ғояларини амалга оширишдан тап тортмайдиганлар, афсуски, доимо пайт пойлайди, содда, ғўр кишиларга, ёшларга тузоқ қўяди. Бундай таҳдидларга қарши огоҳлик ва ҳушёрликни йўқотмаслик, ёшларнинг онги ва қалбини ҳимоялаш – давр талаби.

Сир эмас, айрим ғараз мақсадли кимсалар муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, ёшларни ўз домига тортмоқчи бўлгани яқин тарихимизда кузатилди. Шу ва бошқа сабабларни инобатга олиб, янги қонунда диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши – ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келишини ҳаёт кўрсатмоқда...

Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгилангани айни муддао бўлди.

Кўп миллатли ҳамда кўп конфессияли юртимизда диний бағрикенглик масалаларига катта эътибор берилаётгани боис турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. “Жаҳолатга қарши – маърифат” устувор тамойилга амал қилинаётир.

Оқилона дин сиёсатидан миннатдор кишилар умуминсоний ғоялар остида бирлашмоқда. Мамлакатимизда динлараро бағрикенглик нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини юзага чиқариб, тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартларидан бирига айланган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.

Ушбу Қонун доно халқимизнинг БУГУНГИ хохиш-истакларига, ҲОЗИРГИ замон талабларига, АЙНИ ПАЙТДАГИ давр эҳтиёжларига тўла-тўкис жавоб беради, деб ишонамиз.

Қонун қабул қилинди, расмий кучга ҳам кирди... Энди ҳамма гап унга риоя қилишда. Зеро, мўмин-мусулмонларнинг яхшиси ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган: “Охирати деб дунёсини, дунёси деб охиратини тарк қилган банда сизларнинг яхшиларингиз эмас. Зеро, иккисининг жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар (яъни, уларга зинҳор оғирлигингиз тушмасин)!(Имом Дайламий ривоятлари).

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: «Дунёсини тарк этиб, фақат охирати учун амал қилган одам ҳам ва охиратини тарк этиб фақат дунёси учун амал қилган одам ҳам – сизларнинг яхшиларингиз эмас. Балки унисиниям, бунисиниям ушлаган одам – яхшиларингиздир! Энг жоҳил инсон – охиратини бировнинг дунёси учун сотган кишидир. Аллоҳ хоҳласа, бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради. Унинг даргоҳидаги ажр-мукофотлар таваккул қилганлар учун дунё манфаатларидан устунроқ ва битмас-туганмасдир», – деб огоҳлантирганлар.

Ҳусайин Воиз Кошифий: «Давлат ва жамиятни қонун устуворлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки бусиз дунёнинг муҳим ишларини тартибга солиш вазифасини амалга ошириш мумкин эмас. Тарбия ва жазо ҳақидаги қонунларнинг бўлмаганлиги давлат фаолиятининг бузилишига ва инсон ҳуқуқларининг камситилишига олиб келади», деган.

Абу Наср Фаробий эса: “Қонунсиз жамиятда тартиб ўрнатиб бўлмайди”, деб ҳисоблайди. Мутафаккирнинг фикрича, жамиятда қонун устувор бўлиб, инсон ҳуқуқлари кафолатланмаса, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш тартибга солинмайди. Чунки ҳар ким ўз шахсий манфаатини кўзлаб бошқаларга зарар етказади, ўзаро кураш, бузғунчилик ва зўравонлик каби иллатлар авж олади.

Мухтасар айтганда, дунёдаги бошқа давлатларнинг қонунларидан бизнинг янги Қонунимизнинг ЭНГ ЁҚИМЛИ томони ҳам, ЭНГ ЧИРОЙЛИ жиҳати ҳам, ЭНГ МАЪҚУЛ жойи ҳам бу – нафақат муқаддас динимиз асослари – КАЛОМУЛЛОҲИ КАРИМ, МУБОРАК ҲАДИСИ ШАРИФЛАРНИНГ кўп маънолари АКС ЭТГАНЛИГИ, нафақат ШАРИАТИМИЗ хукм-ахкомлари, рукн-арконлари ҚОНУНАН МУСТАҲКАМЛАБ ҚЎЙИЛГАНЛИГИ, балки ота-оналаримиздан олган ОЛИЖАНОБ тарбиямиз – миллий ФАЗИЛАТЛАРИМИЗ, диний ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ҳам ЁРИТИЛИБ, асрлар давомида УЛУҒ АЖДОДЛАРИМИЗДАН ДОНО ХАЛҚИМИЗГА бетакрор МЕРОС бўлиб келаётган БЕҚИЁС маънавиятимиз ҳам ИНОБАТГА ОЛИНГАН янги Қонун юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, барқарорликни сақлаш, адоват ва муросасизликка сабаб бўлувчи ҳар қандай иллатнинг пайини қирқишда МУҲИМ ҳуқуқий асос бўлади.

“Алҳамдулиллоҳ, мен ҳам – мусулмонман!” деган ҳар бир инсон Сарвари коинот Жаноб Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак ҳадиси шарифларини унутмаслик лозим: “Сизларнинг  яхшиларингиз – дунё ишини деб охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк  қилмайдиган ва одамларга малоллигини туширмайдиганларингиздир”!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламоларнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида масжидлар, маҳалла фуқаролар йиғини ва эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлмоқдалар.

Бугун, 7 июль куни юртимиз уламолари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Янгийўл туманларига ташриф буюришди.

Ташрифлар асносида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Тошкент тумани “Абдуллоҳ ибн Аббос”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков тумандаги “Ҳасанбой ота”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Муҳаммад Айюб Ҳомидов “Мирҳалил ота”, Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ тумандаги “Зуннурайн” жоме масжидида пешин намозидан сўнг мўмин-мусулмонларга долзарб мавзуларда маъруза қилиб бердилар. Шунингдек, суҳбат давомида намозхонларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Уламоларнинг намозхонлар билан учрашуви, маънавий-маърифий тадбирлар аҳолига манзур бўлмоқда.

***

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим домла Иномов Янгийўл тумани “Ҳузайфа” жомесига, Диний идора раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Янгийўл туманидаги “Халқобод”, Чилонзор тумани бош имом-хатиби Эргашали домла Рустамов ва Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул домла Муҳаммадиевлар Янгийўл шаҳридаги “Жоме” ва “Олтинобод” жоме масжидига ташриф буюриб, йиғилганларга бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича маърузалар қилиш асносида уларни қизиқтирган барча саволларига жавоб бердилар.

 

***

Ислом цивилизация ходими Аброр Мухтор Алий домла ва Тошкент вилояти бош имом хатиби Жасурбек домла Раупов Тошкент тумани “Кўктерак” жоме масжидида пешин намозини мўмин-мусулмонлар билан адо этиб, сўнг намозхонлар билан дилдан суҳбат қурдилар. Маърифий суҳбат савол-жавобга уланиб кетди.

***

Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янгийўл тумани “Саид ибн Зайд”, Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжиди имом хатиби Исҳоқжон домла Бегматов Янгийўл тумани “Пусур оқсоқол” жоме масжидларига ташриф буюришиб, пешин намозидан сўнг мўмин-мусулмонларга долзарб мавзуларда мавъизалар қилдилар.

Уламоларнинг намозхонлар билан учрашуви, маънавий-маърифий тадбирлар аҳолига манзур бўлмоқда. Қолаерса, уларнинг билим савиясини ошишига хизмат қилиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан ташкил этилган ОТТ платформаси (Over the Top) бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда.

 МТРК архив фондида диний илмий экспертизадан ўтган, турли талқинга ўрин бермайдиган даражада ишончли маълумотларга асосланган диний-тасаввуфий, илмий-маърифий, исломшунослик ва тарих, аждодлар мероси каби туркум теледастурлар, алломалар ҳақида ҳужжатли фильмлар, уламо ва имом-хатибларимизнинг маърифий суҳбатлари, шунингдек, ҳадису ривоятлар асосида тайёрланган махсус фильмлар, теленовелла ва ижтимоий телероликларнинг сон жиҳатдан салмоқли базаси мавжуд.

 Шулардан келиб чиққан ҳолда, МТРК ОТТ платформасида ёшларнинг маданий-маърифий, диний билимларини ошириш мақсадида "Ҳидоят сари" Илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканали ташкил этилди.

 Туну кун ишлайдиган "Ҳидоят сари" илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканалида Ўзбекистон МТРК тизимида ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда тегишли илмий, диний экспертизалардан ўтказилган, эфирга узатилган ва бугунги кунда МТРК Архив Фондида сақланиётган қуйидаги телемаҳсулотлар ўрин олади:

 мамлакатимизда ислом маданияти, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни обод этиш, муқаддас динимиз мусаффолигини асраш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат ҳамда турли миллат ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб этилган теледастурлар;

 халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари билан аҳолини яқиндан таништириб бориш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чуқур фалсафий ва ибратга йўғрилган илмий-оммабоп ва бадиий кўрсатувлар;

бугунги глобаллашув даврида инсоният ҳаётига хавф солаётган муаммолар ҳамда оилавий, одоб-ахлоқ ва ёш авлод тарбиясининг долзарб масалалар юзасидан дин соҳаси вакиллари, мутахассис ва олимлари билан баҳс-мунозара ва мулоқотлар, давра суҳбатлари;

аҳоли, хусусан ёшларни ғаразли кучлар ва оқимларнинг таъсиридан асраш, терроризм ва экстремизм ғояларининг асл мақсадларини фош этиш, ҳар хил оқимлардан, шу жумладан, «оммавий маданият»нинг зарарли иллатларидан ҳимоя этишга йўналтирилган махсус кўрсатув ва роликлар.

 Манзил — https://www.uztv.tv/channels/hidoyat-sari

Манба

 

mercredi, 30 juin 2021 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идора ҳайдовчиси Акмал ака Вакиловнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Янгиликлар

Top