muslim.uz
Маърифатчилар ёхуд ўзбекча намоз ўқиса ҳам бўладими?
БИРИНЧИ ДАЪВОГА РАДДИЯ
Ҳадиссиз динимизни тасаввур қилиш катта залолат, куфрдир. Чунки Аллоҳ таоло Каломида намозни фарз қилганини айтди. Аммо унинг неча ракат эканини ҳадисдан билиб оламиз. Раббимиз закот беришни айтди. Аммо унинг миқдорини ҳадислар белгилаб берди. Ҳаж – фарз, аммо унинг арконларини ҳадисдан ўрганамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир» (Ҳашр сураси, 7-оят), дейилади.
ИККИНЧИ ДАЪВОГА РАДДИЯ
“Маърифатчилар” беш вақт намознинг вақтлари ва уларнинг кетма-кетлик тартиби Қуръонда йўқ деб, намозларнинг тартибларини инкор этадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло намозни беш вақт ва кетма-кет тартибда ўқишни буюрган.
Бунга далил:
وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ
«Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд сураси, 114-оят).
Раббимиз бизга намознинг вақтларини баён қилди. “Куннинг ҳар икки тарафида адо қилинглар”дан мурод бомдод, пешин ва аср намозларидир.
Бу оят билан кундузни ҳар икки томонида тартиб билан келувчи уч маҳал намоз зикр қилинди. Оятнинг қолган қисмида эса “туннинг бир бўлагида намоз ўқинг”, дейилган.
Демак, кечанинг бир бўлагидаги намоз бу шом ва хуфтондир. Агар “маърифат соҳиблари” савол қилсалар: “Бу оятда кетма-кетлик бор, аммо бомдод, яъни саҳар вақтидаги намозни ўқи дейилмаяпти ёки кечанинг бир қисмида икки намоз (шом ёки хуфтон) намозни адо қил дейилгани йўқ-ку. Кечанинг бир қисмида бир маҳал намоз ўқилса бўлмайдими?” десалар, уларга Исро сурасидаги ушбу оят жавоб бўлади:
أَقِمِ الصَّلَاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَى غَسَقِ اللَّيْلِ وَقُرْآنَ الْفَجْرِ إِنَّ قُرْآنَ الْفَجْرِ كَانَ مَشْهُودًا
«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни баркамол адо этинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо этинг)! Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир» (Исро сураси, 78-оят).
Яъни, кундуз ва кеча фаришталари бомдод намозига шоҳид бўлиб турадилар. Бу оят юқоридаги оятни шарҳлаб, тўлдиради. Чунки юқоридаги оятда кундузнинг бош тарафидан намозни адо қил, деб амри илоҳий бошлаган эди. Кейинги оятда кун оғиш вақти, яъни пешин вақтидан намозни адо қилишга очиқдан-очиқ буюрилмоқда.
Қуёш қиёмдан оғиши билан пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан аср вақти киради. Қуёш ботиши билан шом ва Аллоҳ баён қилган тун қоронғусида хуфтон вақти киради.
Араб тилининг фасоҳатидан маълумки, оятдаги “қуёш оғиши” деб тафсир қилинган жумла “дулук” масдари билан ифода қилинган. Бу сўз қуёш заволга оғган вақтни билдиради. Аллоҳ таоло агар шу оятнинг давомида кун қоронғусигача намозни адо эт демай, кун ботгунича адо эт деганда, шом намозидан кейин хуфтон намози йўққа чиқар эди. Шунинг учун الى غسق اليل деб марҳамат қилди.
Араб тилида “ғосақо” феъли кечадаги зулмат ва қоронғуликни ифодалайди. Бу оятдаги “фажр” сўзи тонг маъносини бериб, бомдод намози эканини Раббимиз очиқ айтиб турибди. Чунки араб тилидан маълумки, “солатул фажр” деб “тонг” палласида адо этиладиган намоз тушунилади.
Демак, беш вақт намоз ва унинг тартиби оят билан собитдир. Буни инкор қилаётган “Маърифатчилар” оятлардаги очиқ-равшан ҳукмни қаёқдан ҳам англасинлар?! Ҳолбуки, улар ҳадисда башорати берилган илмдан йироқ чекка-чекка жойларга ўрнашиб олган кимсалардир.
УЧИНЧИ ДАЪВОГА РАДДИЯ
“Ўзбекча намоз ўқийдиган” тоифа оятлардан бошқа далилларни қабул қилмагани боис фақат Қуръондан ҳужжат келтирамиз.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Албатта, Биз уни (Китобни) англашингиз учун арабий Қуръон тарзида нозил қилдик» (Юсуф сураси, 2-оят).
Демак, “Қуръон” деб араб тилида нозил қилинган Аллоҳнинг Каломини тушунар эканмиз. Шу ҳақиқатни англаб етиш учун соғлом ақл керак бўлгани учун ҳам оятда “англашингиз учун” деб эслатилмоқда.
Аллоҳ таоло Шуаро сурасида бундай деб марҳамат қилади: «...у аниқ араб тилида эди» (195-оят).
Оятда очиқ-ойдин араб тилида нозил килинган матн “Қуръон” деб аталди. Шунингдек, Қуръони каримнинг ўнга яқин жойида унинг араб тилида нозил қилинган илоҳий Калом экани таъкидланган. Аслида, Қуръонга имон келтириб, унга эргашадиган инсонлар учун бу далил етарлидир. Аммо қалбида кўрлик, қулоқларида карлик бўлган кимсаларга фаразан ўзбек тилида нозил қилинганда ҳам, унга эргашмаган бўлар эдилар.
Бу ҳақда Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар, Биз (Қуръонни) ажам тилидаги (араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: “Унинг оятлари (ўз тилимизда) баён қилинмабди-да. (Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)” – деган бўлур эдилар”. Айтинг: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир”. Имон келтирмайдиган кимсаларнинг эса қулоқларида оғирлик (карлик) бордир ва у (Қуръон) уларга кўрлик (омили) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (каби гаранг)дир» (Фуссилат сураси, 44-оят).
Фаразан, Қуръонни араб тилида эмас, бирор бошқа тилда нозил қилганимизда, кофирлар, мушриклар бунга ҳам гап топар эдилар. Чунки уларни Қуръонга эргашиш ниятлари йўқ эди. Ҳозирги замонимизда пайдо бўлган “Маърифатчилар” ҳам худди шундай.
Ушбу ояти кариманинг тафсирида Имом Қуртубий айтади: “Юқоридаги оят ҳукми билан ҳақиқат собит бўлгач, Қуръон арабий экани ва у араб тилида нозил бўлгани маълум бўлди. Шунингдек, Қуръон араб тилидан бошқа тилга таржима қилинса, у Қуръон эмас, балки Қуръони каримнинг маънолар таржимаси бўлиши аёнлашади”.
Бизларга Ўз Каломида Қуръондан қироат қилиб, намоз ўқишимизга буюрган: «Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган даражада ўқийверингиз!» (Муззаммил сураси, 20-оят).
Намозда Қуръони карим оятларидан ёдлаганимизча қироат қилиб ўқишга Раббимиз буюрди. Аммо унинг ўзбек ёки бошқа тилга ўгирилган таржимасини ўқинг, демади.
Инсон қанча доно бўлса, Аллоҳнинг Каломидаги буйруққа шунча кўпроқ бўйсунади. Ислом шариатининг асосий манбаларида аниқ белгилаб берилган нарсаларни инкор этиш эса аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.
Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳридаги “Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
Ҳидоят 6 сон 2021 йил
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаровнинг акалари Ҳақберди Умаровнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Охиратлари обод бўлсин. Фарзандлари ва барча яқинларига чиройли сабр берсин!
Марҳумнинг жаноза намози бугун соат 14:00да Самарқанд вилояти Ургут туманининг Алгар қишлоғида бўлиб ўтади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ: Динни хато тушуниш ҳақида (инфографика)
Одамлар ҳақ динни тўғри тушунса ва тўғри тушунтира олса, у давлатни сақлаб туради, унга куч-қувват беради. Динни хато тушуниш эса давлатга наркотик моддалардан ҳам зарарлидир. Бундай дин давлат учун энг хатарли нарсадир. Шунинг учун диннинг мана шундай кўринишларига қарши курашишга давлатнинг ҳаққи бор. Чунки диннинг бундай кўриниши жуда хавфлидир, у бутун жамиятни ҳалок қилади.
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ