muslim.uz

muslim.uz

Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида  Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжиди қошида китоб дўкони фаолият бошлади.

 

Дўконда китобсевар аҳоли талабларини қондиришга хизмат қилувчи диний-маърифий, тарбиявий ва бадиий адабиётлар мавжуд.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов домла китоб дўконининг очилиш маросимида иштирок этиб, китоб инсоннинг чин дўсти, ҳаёт йўлини ёритувчи шамчироғи эканини айтди ва ушбу дўкон халқ учун манфаатли ва баракотли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар бирортангиз масжидга кирса:

“Аллоҳумма ифтаҳ лий абвава роҳматик”,

(Аллоҳим менга раҳматинг эшикларини оч)

Чиққанида эса:

“Аллоҳумма инний асъалука мин фазлик”,

(Аллоҳим, Сенинг фазлингни сўрайман) деб айтсин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг фазли билан Ислом неъматига эришди. У зот бутун вужуди билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрар, қалби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муҳаббатига лиммо-лим тўла эди. Бу муҳаббат Ибн Умар розияллоҳу анҳуни барча ишларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшашга чорларди. Шунинг учун, у доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кузатиб, сўзларини ихлосу муҳаббат билан тингларди. Ҳатто масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай руку ва сажда қилиб намоз ўқисалар, у ҳам худди шундай ибодат қиларди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилган. Унинг ҳадис ривоят қилишда асосий мезони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай эшитган бўлса шундай етказиш эди. У зот алайҳиссаломнинг сўзларига бирор сўзни қўшмасди. Шунингдек, бирор калимани камайтирмас эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу вақт ўтиши билан ҳадис ривоят қилишда саҳобийларнинг омонатдорларидан бирига айландилар.  

Зубайр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима эшитса, уни ёдлаб оларди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор суҳбатларида қатнаша олмаса, гувоҳ бўлганлардан сўрар эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борган масжидларни зиёрат қилиб, у ерда икки ракат намоз ўқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж мавсумида Арофат тоғида турган жойга Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам, албатта, тўхтарди”.

Набий алайҳиссалом сафарга чиққан пайтда, ҳордиқ чиқарган жойларда Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам тўхтаб ўтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сояланган дарахтнинг остида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тўхтар ва ўша дарахтга сув қуйиб парвариш қилиб кетарди. Натижада дарахт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдидан ўтган пайтдагидек узоқ вақт яшнаб турарди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дуо қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қиларди. Агар у зот (алайҳиссалом) туриб дуо қилсалар, тик турар, ўтириб илтижо қилсалар ўтириб дуо қиларди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан эргашар эди. Бундан Ойша розияллоҳу анҳо қаттиқ таъсирланиб бундай деган экан: “Бирор киши Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дек Набий (алайҳиссалом)нинг ортларидан эргашган эмас”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёд этиб, сўз бошласа кўзлари ёшга тўларди. Аҳли байтнинг уйларини олдидан ўтса, кўзларини юмиб оларди. Дарҳақиқат у зот розияллоҳу анҳу бутун умри давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиб яшади. У зот алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида садоқат билан хизмат қилди. Бир мўмин бундай дуо қиларди: “Ё Аллоҳим! Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга эргашишим учун, унинг умрини узун қилгин. Зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек амалларни мукаммал бажарадиган бошқа одамни билмайман”.

Манбалар асосида

Зомин тумани “Хўжа Рўшноий”

жоме масжиди имом-хатиби

Абдулғофур МАМАТҚУЛОВ

тайёрлади.

 

       

samedi, 16 décembre 2017 00:00

Ҳар ишда меъёр бўлсин

Меъёр – ўртача йўлни тутиш, мўътадиллик демак. Ҳар соҳада, ҳар бир мавзуда ўрта йўлни тутиш марғуб саналади. Ҳатто яхши, савобли ишни бажаришда ҳам меъёр шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67).

Намоз – диннинг устуни, рўза – имон қалқони. Аммо бу ибодатларни бажаришнинг ҳам меъёри бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ажр беришдан чарчамайди, лекин сиз зерикиб қоласиз, шунинг учун ўртаҳол ибодат қилинг, деган мазмунда ўгит берадилар. У зот яна ифротга ҳам, тафритга ҳам кетиб қолишдан қайтарадилар. Яъни, ўта бепарво ҳам бўлиб қолманг, таркидунёчиликка ҳам берилиб кетманг, деб огоҳлантирадилар.

Ҳадиси шарифларда айтилишича, Аллоҳ йўлида бир киши билан дўст тутиниш бошқа соя бўлмайдиган Кунда Аршнинг соясидан жой олишга сабаб бўлади.

Аммо яна шу ҳадисларда мазкур хусусда ҳам ўртача йўл тутиш – дўстни меъёрида яхши кўриш билан бирга душманни ёмон кўришда ҳам чегарадан ошмаслик кераклиги насиҳат қилинади. Доимо ишларнинг ўртачаси яхши экани уқтирилади.

Буларнинг барчасидан хулоса чиқарсак, ўртачалик – инсон табиатига мос,

хилқатига хос хислат. Айнан, у билан дунёнинг низоми, жамият интизоми барқарор бўлади. Меъёрдан оғишмасак, эътиқодимизу амалларимиз Китоб ва суннатга мос бўлади. Ўтмиш солиҳ аждодларимиз тутган йўл ҳам шу аслида.

ЎМИ матбуот хизмати

 

Бир мадрасада дарс берадиган одобли-ахлоқли муаллима бор эди. Ёши ҳам ўтиб борар, эшигига келган совчиларига рад жавобини берар эди. Ҳамкасблари ундан:

– Нега турмуш қурмайсиз, ахир сизда Худо берган ҳусн-жамол етарли-ку? – деб сўрашса, у айтарди:

 – Шу атрофда бешта қизи бор аёл бўлган. Эри унга, агар яна қиз туғсанг, у менга керак эмас, деб таҳдид қилди. Вақти-соати етиб, аёл яна қиз туғди. Бу улуғ неъматга шукр қилиш ўрнига ота гўдакни кўтариб, кимдир олар, деб, хуфтон намозидан кейин масжид эшигини олдига ташлаб келди. Бомдодда келиб қараса, гўдак жойида турганмиш, ҳеч ким олмабди. Қайтариб уйига олиб келади. Шу зайлда ота ҳар кун мурғакгина гўдакни масжид олдига ташлаб келар, лекин ҳеч ким олмасди. Етти кун шу аҳволда ўтибди. Онаизор эса Қуръон ўқиб, қизалоғидан айрилиб қолмаслигини Аллоҳдан ёлвориб сўрарди. Ота ҳам зерикиб, гўдакни қайта олиб бормай қўйди. Меҳрибон она эса гўдагидан ажраб қолмаганига жуда қувонди. Аёл яна ҳомиладор бўлди, яна ўша хавотир…  кўзи ёриди ва ниҳоят ўғил…

 Шу орада катта қизи вафот этди.

 Вақтлар ўтиб, аёл яна ҳомиладор бўлди, бу сафар ҳам ўғиллик бўлди. Кўп ўтмай иккинчи қизи ҳаётдан кўз юмди. Шундай қилиб, бирин-кетин яна учта ўғиллик бўлди-ю, кейинги учта қизидан ҳам айрилди. Негадир, ҳар кўзи ёриб, ўғил туғганида биттадан қизи қазо қилаверарди. Ниҳоят, бешта ўғил ва ўша олтинчи қизи қолди. Тақдир тақозоси билан, Она ҳам оламдан кўз юмди.

 Орадан бир неча йиллар ўтди, қизалоқ ҳам болалар ҳам улғайди, ишлик, жойлик бўлди.

 Муаллима гапида давом этди:

 – Ўша отаси менга керак эмас деб, кўчага ташлаб келган қиз кимлигини биласизларми? Ўша менман. Турмуш қурмаганимга сабаб: отам ёлғиз, Ёши ҳам улуғ, мен унга ёрдамчи, шофёр тайинладим, ўзим ҳам унинг хизматидаман. Укаларимга келсак, улар отамнинг зиёратига деярли келмайди, келса ҳам бир ойда бир, яна бири икки ойда бир марта келади, холос.

 Отам менга қилган ишларига пушаймон бўлиб, кўп йиғлайди…

 

“Қисосун алламатни ал-ҳаят” китоби асосида

Муҳаммад Яҳё Муҳаммадхон ўғли

 тайёрлади.

 

Янгиликлар

Top