muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ўтган вақт мобайнида улар тўла амалга оширилди. Ташриф якунларига кўра, ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 та лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди. Мисол учун, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг дона телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

 

Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда.

 

Қорақалпоқ эли учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди. Шуни инобатга олиб, қисқа вақт давомида 101 километрлик “Қўнғирот-Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

 

Бундан ташқари, инвестиция дастурига мувофиқ бюджет маблағлари ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавжуд сув тармоқлари реконструкция қилинди ва янгиланди. Шу тариқа 35 та аҳоли пунктида 50 мингдан зиёд одам ичимлик суви билан таъминлангани бу борадаги ишларнинг изчил давоми бўлди.

 

Нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимизнинг фахри бўлган, дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг муҳташам иккинчи корпуси қурилиб, юксак халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди.

 

Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга бўлган йирик спорт мажмуаси бунёд этилди. Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

 

Бундай ўзгаришлар барча туманларда, қишлоқ ва овулларда рўй берди. Ҳудуд иқтисодиёти ривожланди, аҳоли турмуш даражаси ошди. Энг муҳими, одамлар буни ўз ҳаётларида сезмоқда.

 

Шу боис Қорақалпоғистон аҳолиси Президентимизнинг бу галги ташрифини ҳам кўтаринкилик билан кутди. Ташриф доирасида, шу пайтгача бажарилган ишларни таҳлил қилиш, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси икки йилда амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишлар ва долзарб вазифаларни белгилаб олиш режалаштирилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларни тарбия қилиш, парваришлашга тарғиб қилганлар ва улар ҳимоясининг ҳақи тўғрисида ҳам огоҳлантирганлар, ўзлари ҳам бу ахлоқи ҳамидага амал қилиб, етимлар ҳимоясида ўрнак бўлганлар.

 Умму Саийд бинти Муррадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз етимини ёки бегона етимни кафолатига олиб, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади” дедилар ва икки (кўрсатгич ва ўрта) бармоқларига ишора қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир”, дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти).

Амр ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онадан етим қолган қизчани у беҳожат бўлгунича тарбия қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади” дедилар  (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, деганлар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ривояти).

Мулоҳаза қилсангиз, бошдаги сочнинг саноғи минг-минглабни ташкил этади. Ким етимга меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаса, ўша соч толаси баробарида ажр-мукофот ваъда қилиняпти. Бу албатта, етимнинг бошини силаганга, аммо унинг бошини силашлик билан бир қаторда унга таълим-тарбия, озиқ-овқат, кийим-бош, айни пайтда, бошпана берган, умрини унинг камолга етишига сарф қилган саховатпеша инсонлар оладиган ажру мукофотнинг ҳисобига етиб бўлмаса керак. Хусусан, етимпарвар хонадонга берилган баҳони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан ўқиб кўрганингиздан кейин ўша хонадонга муҳаббатингиз, ҳурматингиз ошмай қолмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг яхши хонадон етими бор хонадан деб таъриф бердилар.

Бинобарин, ҳар бир хонадон жамиятнинг ана шу қатламига эътибор қаратса, қанчалар мукофотга эга бўлиши ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Унинг хонадони хайрли хонадонга айланиши, ўзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда икки бармоқ каби яқин бўлиши унинг жаннати эканлигининг хушхабари эмасми? Ахир дунёда яхши амалларни қилиб, жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлишдан кўра, яхшироқ нима бор?! Бундан-да зиёдароқ яхшилик қилиш мумкинми? 

Айни шу ваъдага эътиборан етимга кафил бўлган инсон имон-ибодатлари билан биргаликда жаннати эканининг ваъдаси бериляпти. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни албатта жаннат эшиги олдида туриб, ўз умматларини чорлашлари айни ҳақиқатдир.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Наманган вилояти Бош имом-хатиби.

Аллоҳ йўлида қилинган садақа ва дилдан чиққан дуо балони қайтариши, келганини эса енгиллатиши тажрибадан ўтган ҳақиқат. Бу, ҳатто, халқимизнинг эътиқоди ва мақолига ҳам айланган, синовдан ўтиб, ўз тасдиғини топган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Молларингизни закот билан қўрғонланг! Касал-беморларингизни садақа билан даволанг! Балога дуони ҳозирланг!” дедилар (Имом Табароний ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор бир касал-бемор одам садақадан афзал даво билан муолажа қилинган эмас”, деганлар (Имом Табароний, Имом Дайламий ривояти).

Аслида мўмин-мусулмонларга ҳадис турганда тажрибага ҳожат йўқ. Лекин имонлари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га янада зиёда бўлиши учун бошимдан кечирган бир воқеани ҳикоя қилиб бераман.

Ичаклар яраси касаллигидан анча безовталандим. Шифокорлар жарроҳлик йўлида билан даъволамаса бўлмайди, дейишди. Баъзилари бир йил узлуксиз дори ичиб муолажа қилиш керак деса, бошқалари “қандай қилиб бу ичаклар билан тирик юрибсиз?” деб ҳазил ҳам қилишди.

Ҳақиқатан, аҳволим жиддий, рентген орқали тушурилган суратдан ичак яраси яққол намоён бўлиб турарди. Хуллас, кундан-кунга заифлик, озиш, руҳан тушкунлик ортиб борарди. Қиблагоҳлар сиқилмасин деб, билдирмадим. Охири устозлардан эшитган “...Касал-беморларингизни садақа билан даволанг! Балога дуони ҳозирланг!” ҳадисига ишонч ила амал қилишга киришдим. Тузалсам, яқинларим, дўстларимни хурсанд қиламан деб, қалбимда садақа назр қилдим. Яқинларни, устозларни зиёрат этиб, бир-икки муҳтожларга ҳадя бериб, улардан астойдил, ихлос ила дуо олдим. Қўлдан келганича жиянларимнинг кўнглини қўтардим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Замзам суви нима ниятда ичилса, шунга бўлади” (Имом Дорақутний, Имом Байҳақий ривояти), деган ҳадисларига амал қилган ҳолда зам-зам сувини ихлос-эътиқод ила ичиб, у билан ичаклар ҳам ювилди. Шу билан бирга табиий муолажалар, дамлама, табиий гиёҳлар истеъмол қилиб, суннатда кўрсатилганидек, парҳезга риоя этдим.

Кўнгил хотиржам бўлавермагач, Тошкентга бориб, мутахассисларга учраб, қайта рентген ва бошқа текширувлардан ўтдим. Буни қарангки, шифокордан “Ичакларингда муаммо йўқ” деган қувончли хабарни эшитдим. Алҳамдулиллаҳ! Энди камина назрига вафо қилиб, ваъдасининг устидан чиқиши лозим! Эшитиш ва айтишга осон! Лекин бу тиббий муолажанинг эмас, балки Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўн тўрт аср илгари айтган ҳадисларининг самараси эди. Сизга, жоним фидо, Ё Расулаллоҳ! Қулининг соғлиғини зоҳирда садақа ва дуони сабаби ила тиклаб, Ўз фазлу-марҳамати ила қайта оёққа турғизган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!..   

 

Баҳодир АЪЗАМОВ,

Тошкент ислом институти

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси.

Мавлид тадбирларини рисоладагидек ўтказиш | 3-қисм

Азал-азалдан шарқона менталитетимизга, ўзбекона иффатимизга, ор-номусимизга бутун дунё ҳавас қилиб келган. Биз, аслида, оммавий маданият аталмиш жаҳолат тузоғига илинган ва ўзлигини йўқотиб бораётган Европадан маданиятимиз, маънавиятимиз билан фарқ қиламиз. Аммо, таассуфки, бугунги кунда жамиятимизда шундай қусурлар пайдо бўлмоқдаки, уни қандай ҳазм қилишни билмаймиз. Биз бугун мулоҳаза юритмоқчи бўлган мавзу ҳам ана шундай иллатлардан бири — айни дамда, минг афсуслар бўлсинки, тобора урчиб бораётган нуқсон ҳақида.

 

 “Овга чиққан” жувонлар

 — Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман, — дея кўнглини ёрди суҳбатдошларимиздан бири, — акам анча пайтдан бери ўзгариб қолган. Шу пайтгача олий ўқув юртига кираман, деб тайёргарлик кўриб юрарди. Бироқ кейин ўзгарди, телефондан бўшамади. Дастлаб унинг ҳолатига эътибор бермадик, аммо бир-икки ҳафта уйга кеч келганидан кейин ташвишга тушдик. Сабабини сўраганимизда лом-мим демади. Кейин билсак, у оилали аёлга илакишиб қолган экан. Аввал тан олмади, аммо дадам акамнинг телефонини тортиб олиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифасию СМСларини кўрсатгач, тан олишдан бошқа иложи қолмади. “У аёлни яхши кўраман, унга уйланмоқчиман!” деди отамнинг кўзига қараёлмай. Очиғи, унинг бу гапидан карахт аҳволда эдик. Ўша аёлни яхшилаб суриштирсак, эри билан ажрашган, икки нафар фарзанди бор жувон экан. Акам у билан интернетда танишибди. Ҳозиргача акамни у аёлдан қандай ажратишни билмаяпмиз. Тавба, у аёл акамни қандай қилиб ўзига бунчалик боғлаб олди экан-а? Аслида, бизни айнан шу мавзуда фикрлашга мажбур қилган нарса ҳам ана шу воқеа бўлди. Беихтиёр суҳбатдошимизнинг моддий аҳволи билан қизиқдик. Ота-онаси бадавлат, шахсий дўконлари бор экан, акаси эса машинада юраркан. Хуллас, доим ёнида пул. Бироқ икки болали жувон ҳақида ҳеч нарса билмаганимиз сабабли бу воқеада йигитни ёки жувонни айблаш борасида якдил хулоса чиқара олмадик. Аммо бир нарса аниқки, йигитда ҳам, жувонда ҳам айб бор. Хўп, йигит ҳали қизиққон, ҳар нарсага ўч бўлган ёшда ҳам дейлик, лекин нариги жувонни нима жин урди? Ахир у икки нафар фарзанднинг онаси, озми-кўпми ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган бўлса? Нега бу йўлга кирди? Пул учунми? Хўп, ёшгина йигитнинг умрини, вақтини хазон қилиб топган пули яхши кунига ярармикин? Болаларига юқармикин бу пуллари? Қолаверса, аёллик шаъни, иффати қаерда қолди?

 

Асосий хавф макони — интернет

Албатта, бу борадаги асосий хавф макони интернет ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларимиз ҳар қандай ахлоқсизлик, ҳар қандай иллат билан интернет орқали юзлашишмоқда. Дастлаб шунчаки танишганлар ўртасидаги муносабат кейинчалик чуқурлашмоқда, бора-бора ҳаё, иффат пардалари ечилиб, инсонийлик жиҳатлари йўқолмоқда, тубанлашишмоқда. Оқибатда инсонийлик хислатлари, йигитлик ғурурию қизлик иффати тупроққа қоришмоқда. Таассуфки, ижтимоий тармоқларда йигитларни йўлдан уришга чоғланган жувонларни-да учратиш мумкин, уларнинг орасида ажрашганлари ҳам, оилалилари ҳам бор.

 

Зулфизар ИСОҚОВА, ўқитувчи:

 — Албатта, бундай иллатлар интернетда анчагина кўп. Ҳозир “одноклассники”, “телеграмм”, “инстаграмм”, “маил.ру агент” каби тармоқлар борки, бу тармоқларда қисман ахлоқсизлик муҳити ҳукмронлик қилади. Ана шу муҳитнинг қурбони эса аксарият ҳолларда ёш йигитлар бўлишади. Айниқса, “телеграмм” ва “одноклассники” охирги пайтларда шунчалик хавфли бўлиб қолдики, дарс пайтида йигитларимизни зўрға бу ижтимоий тармоқлар домидан чиқариб оляпмиз. Ҳатто бир-икки марта айрим ўқувчиларимнинг дарс пайтида ёзишиб ўтирганларини кўрганман. Ҳайронман, ёшларимизни бу балолардан қандай халос қилсак бўлади?

 Ҳа, ҳозирда интернет тармоғи орқали бир-бирини тузоғига илинтираётганлар ва бир-бирининг ҳаёти, номуси билан ўйнашаётганлар талайгина. Уларнинг орасида биз тилга олган жиҳат — бўйдоқ йигит ва жувонлар ўртасидаги ахлоқсиз муносабатларни ҳам учратиш мумкин. Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади, аммо, масалан, ўн саккиз-ўн тўққиз яшар йигит билан йигирма тўққиз-ўттиз яшар жувоннинг ўртасида фарқ бор. Юқорида таъкидлаганимиздек, бири ҳаётнинг қийин синовлари билан юзлашган ва ўтиш даврида бўлган йигит, иккинчиси эса ҳаёт машаққатларидан дастлабки хулосаларини чиқариб олган жувон. Биринчиси нима яхшию, нима ёмонлигини унчалик ҳис қилиб улгурмаган, иккинчиси эса бу йўлларни озми-кўпми босиб ўтган. Хўш, уларнинг ўртасидаги ақл бовар қилмайдиган, ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайдиган “муносабат”ни қандай изоҳласа бўлади? Йигитнинг ота-онаси унга етарлича тарбия бериб, оқ-қорани танитиб улгурмаган, шу боис у усти ялтироқ нарсани яхши деб биладиган ҳолатда, жувон эса… Бундан унинг мақсади битта бўлиши мумкин — моддий манфаат. Бу эса ўта фожиали ҳолат. Инсонийлик хислатларининг моддият йўлида қурбон бўлиши фожиавий ҳолатдан ўзга нарса эмас. Энг ёмони, ҳаётнинг энг ширин лаҳзаларини ҳали татиб кўрмаган, никоҳ, оила аталмиш муқаддас ришталар билан боғланиб, куёв, ота бўлиш бахти остонасида турган, бунга ҳақли бўлган йигитнинг оила кўрган жувонга илакишиб, чиркин ҳирс, нафс ботқоғига ботиши бир умрнинг хазон бўлиши эмасми?

 

Шоира аёлнинг “севги изҳори”

 — Ўтган йили бир таксига ўтирдим, — дея бошидан ўтган воқеани гапириб берди яна бир суҳбатдошимиз, — машинани аёл киши ҳайдаб кетаётган экан. У ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Чиройликкина, кўҳликкина экан. Йўл-йўлакай унга кўпинча ишим юзасидан таксида юришимни айтганимда телефон рақамимни олиб қолди. Табиийки, у билан яна кўп бора учрашдик. Бозорда савдо қиламан, шунинг учун деярли ҳар куни у мени уйимдан бозорга олиб бориб қўяр, мен эса у сўраган пулни тортишмасдан берардим. Бора-бора у дўстлик чегарасини бузиб ўтди. Ўша пайтда менга ҳам бу ҳолат ёқиб тушгандек бўлди. Аммо унинг асл нияти нима эканлигини билгач… Буни ўзи тан олди. Менга уни пул билан таъминлаб туришимни, эвазига нимани хоҳласам, бажаришини айтди. Шундагина ундан осонликча қутула олмаслигимни англаб етдим. Бироқ ҳозир алоқаларимни буткул узганман. Лекин бунгача анча нарсамдан айрилишимга тўғри келган.Дарҳақиқат, бундай ахлоқсиз муносабатларнинг якуни яхшиликка олиб келмайди. Кулфат, балои офат келтиради. Ахир зинонинг оқибати бошқа нима ҳам бўлиши мумкин? Хирс, нафс ботқоғига ботиб, ўткинчи ҳузур-ҳаловат йўлида ақл кўзини кўр қилиб қўйган инсонларнинг охирида пушаймон еб қолиши кундек равшан-ку! Наҳотки пул, моддият жамиятимизда шунчалик катта ўрин тутаётган бўлса? Наҳотки пул ўта муқаддас неъматлардан ҳам воз кечишга арзийдиган буюмга айланган бўлса? Ахир ота-боболаримизнинг “Пул қўлнинг кири”, “Моддиятга қул бўлиш инсонни жаҳолатга етаклайди” каби пурмаъно гаплари, ўгитлари қаерда қолди? Бугун енгилтаклик билан йигитларни йўлдан уриб, шунинг эвазига шоҳона яшаш илинжида юрган аёлдан тарбия кўрган фарзанднинг келажагини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

 

Фазлиддин СОБИРЖОНОВ, дизайнер:

 — Фейсбукка деярли ҳар куни кираман. Илгари бир шоира аёлнинг шеърларини жуда кўп ўқирдим, яхши шеър ёзарди. Ўзи билан шахсан таниш бўлмасам-да, лекин кимлигини, ёшини, қаерда ишлашини билардим. Мендан анча катта эди. Кунларнинг бирида ундан “Яхши йигит, танишсак бўладими?” деган СМС келди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин таваккал қилиб, “Майли, опажон”, деб жавоб ёздим. Шунда у “Вой, опажон деманг, ёшим катта кўрингани билан ҳали кўп йигитларни куйдирадиган ёшдаман”, деб жавоб қайтарди. Ҳайратим икки ҳисса ортди. “Наҳотки?” дегандим, “Ҳа, ишонмасангиз, исботлашим мумкин”, дея жавоб берди. Очиғи, мен бу аёлни шундай шармсиз гапларни ёзишга қодир, деб ҳисобламасдим. “Телефон рақамингизни беринг, қаерда ишлайсиз?” деб ёзди яна у. Сўнг мени ёқтириб қолганини ҳам қистириб ўтди. Шунда мен унга ўзи ишлайдиган бинодаги ташкилотлардан бирида дизайнер эканимни, уни яхши танишимни айтиб, тўлиқ исм-фамилиямни ва иш жойимни ёзиб юбордим. Шундан кейин у менга қайтиб СМС ёзмади.

 Бу воқеани эшитиб, беихтиёр савол туғилди, хўш, агар суҳбатдошимиз шоира аёлга мутлақо нотаниш инсон бўлганида, уни умуман танимаганида воқеалар ривожи қандай тус оларди? Шоира опамиз яна қандай ҳунарлар кўрсатарди? Очиғи, бу ҳақда ўйлашга ҳам ҳазар қилади киши.

 

Бу йўлдан вақтида қайтайлик

Хулоса ўрнида қуйидаги ривоятни келтириб ўтмоқчимиз.Бир киши йўлда кетаётиб, қудуқ ёнида турган аёлга дуч келди. Киши унга яқинлашди. Аёл қўрқиб кетди. Шунда эркак: “Қўрқма! Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Аёл макри нима?” деди. Аёл бироз ўйланиб турди-да, кейин дод солиб йиғлай бошлади. Унинг овозини бутун қишлоқ эшитди. Эркак қўрқа-писа аёлдан нега бундай қилганини сўради. Аёл: “Овозимни қишлоқ аҳли эшитиб, бу ерга келишсин ва сени ўлдиришсин деб шундай қилдим”, деди. Эркак: “Сендан макр ҳақида сўрадим, холос-ку! Ёмон ниятда бирор гап айтдимми?” деди. Шунда аёл ўрнидан турди-да, бир челак сувни ўз устидан қуйди. Эркак унинг бу ишидан ажабланди. Ундан нега бундай қилганини сўради. Аёл энди гапирмоқчи эди, қишлоқ аҳли келиб қолди. Эркак улардан қўрқиб, “Булар ҳозир мени ўлдиришса керак”, деб ўйлади. Аёл қишлоқ аҳлига: “Сув олмоқчи бўлиб қудуққа энгашган эдим, бехосдан унга тушиб кетдим. Бу одам мени қутқарди”, дея жавоб қайтарди. Одамлар бояги кишига ташаккур айтиб, унга кўп совға-саломлар инъом этдилар. Эркак аёлдан нега шундай қилганини сўради. Аёл: “Аёл макри мана шунақа бўлади. Агар унга озор берсанг, сени ўлдиради. Агар у рози бўлса, сени бахтли қилади”, деб жавоб берди.

 

Мазкур ривоятдан шундай хулоса қилиш мумкинки, қизлару жувонларимиз ўз макру чиройларидан эзгулик йўлида фойдаланишсин. Йигитларимиз эса ўткинчи ҳавасларга берилмасдан, ўзларига тўғри йўл танлай олишсин. Ана шунда жамиятимизнинг маънавий устунига дарз кетмайди. Ана шунда ёш умрлар хазон, иффату номуслар эса оёқости бўлмайди.

 Низомжон ИСЛОМОВ

Янгиликлар

Top