Ўзбекистон янгиликлари

Янги ҳижрий-қамарий тақвим чоп этилмоқда

Намоз вақтлари тақвимининг 1440 (милодий 2018-19) йил сони нашр этилмоқда.

“Мовароуннаҳр” нашриёти ижодий гуруҳи ушбу тақвимни тайёрлаш жараёнида вақтнинг аниқлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати ва ЎзФА Астрономия институти олимлари ҳамда таниқли уламолар билан ҳамкорликда ишлади.

Тақвимдан Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар, буюк уламолар ҳикматлари, ўқувчининг зеҳнига таъсир қиладиган ибратли ҳикоялар ўрин олган.

Тақвимни мўминлар учун бир йиллик қўлланма деса ҳам бўлади. Унда тақвога иштиёқманд мўмин ва мўминалар йил давомида қандай амалларни бажариши, қайси кунларни байрам қилиши, қайси кунларда ибодатга янада ғайратли бўлиши кераклиги ва бошқа фойдали билимлар баён қилинган. Масалан, намоз вақтидаги аниқлик жуда ҳам муҳим. Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати тайёрлаган “Намоз вақтлари тақвими” сарлавҳали мақолада “Беш вақт намознинг ҳар бирини улар учун тайин қилинган вақтида ўқиш фарз. Ибн Аббос (розиялллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

Байтуллоҳнинг ёнида Жаброил фаришта менга икки маротаба имом бўлдилар. Биринчи куни пешин намозини соя оёқ кийимнинг боғичидек бўлганда, яъни жуда қисқарган ҳолатига етган вақтда ўқиб бердилар, аср намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйига тенг бўлганда ўқиб бердилар, шом намозини Қуёш ботиши биланоқ, рўзадорнинг оғиз очиш пайтида ўқиб бердилар. Ундан кейин хуфтон намозини шафақ ғойиб бўлган пайтда ўқиб бердилар. Кейин бомдод намозини тонг ёриша бошлаши билан, рўза тутаётган одам еб-ичиши мумкин бўлмай қолган пайтда ўқиб бердилар. Иккинчи куни пешин намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйига тенг бўлган, кечаги аср намозининг вақтида ўқиб бердилар. Кейин аср намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйига икки баробар бўлганда ўқиб бердилар. Ундан кейин шом намозини кечаги ўқиган вақтида ўқиб бердилар. Ундан кейин хуфтон намозини туннинг учдан бири ўтган пайтда ўқиб бердилар. Кейин бомдод намозини ер ёришганда ўқидилар. Сўнг менга бурилиб: “Мана шу сиздан аввалги пайғамбарларнинг (намоз ўқиган) вақтлари, (сиз ва сизнинг умматларингиз ўқийдиган намозларининг) вақтлари, шу икки вақтнинг ўртасида деб айтдилар” (Имом Термизий ривояти)”, деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз вақтларини жуда аниқ кўрсатиб берганларини баён қилинган. Тақвимда ана шунга ўхшаш фойдали билимлар кўп. Уни ўқиганлар албатта фойда олади, иншоаллоҳ.

Янги тақвим яқин кунларда сотувга чиқарилади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3737 times

Янгиликлар

Top