Ўзбекистон янгиликлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўза таомлари рўйхати тасдиқланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси рамазон ойида истеъмол қилиниши фойдали бўлган бир қатор таомлар рўйхатини ишлаб чиқди.
 
– Бу ойда таомлар одатдагидан фарқ қилмаслиги, иложи борича оддий бўлиши лозим, – дейди Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси бош технологи Толибжон Умаралиев. – Сабаби, таомномадаги кескин ўзгаришлар ҳам айрим аъзоларни зўриқтириши, турли муаммоларга дучор қилиши мумкин. Кўпроқ сабзавотлар, мевалар, парранда, балиқ, нон, донли ва сут махсулотларини истеъмол қилиш тавсия этилади. Қовурилган таом ейишдан ўзингизни тийинг. Бундай таомлар ҳазм қила омасликка, жиғилдон қайнашига, кучли чанқоққа сабаб бўлади. Бундан ташқари, иссиқдан сақланиш ҳам лозим. Бу танани сувсизлантириб, чанқашга олиб келади.
Кунинг исиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, шу кунларда саҳарлик вақтида қандай тартибда овқатланиш кун давомида керак бўладиган қувватни беради?
 
– Саҳарлик рўзадор учун жуда муҳим бўлиб, у организмга куннинг биринчи ярмида самарали ишлаш учун зарур қувватга эга бўлиш имконини беради, –дейди Т.Умаралиев.– Демак, куннинг иккинчи ярмида организмга зарур энергия углеводлар ва ёғларнинг бир қисми парчаланиши ҳисобига ажралиб чиқади. Бу оқсиллар алмашинувига таъсир қилмайди, шундай экан, организмдаги алмашинув жараёни ҳеч ҳам зарар кўрмайди. Шу боис буғдой нон (қора нон), ёрмалардан тайёрланган таомлар, янги узилган сабзавотлардан салатлар ва қуруқ мевалар истеъмол қилиш тавсия этилади. Мураккаб углеводлар организмда узоқ вақт давомида ҳазм бўлади ва шунинг учун организмни камида 8–12 соат давомида қувват билан таъминлайди. Уларга гўшт, балиқ, тухум ёки сут маҳсулотлари кўринишида бироз оқсил қўшиш мумкин. Оқсил ҳазм бўлиши учун ҳам анча узоқ (8 соат) вақт талаб этилади. Аммо, уни кўп миқдорда истеъмол қилиш орқали жигарга оғирлик тушириш мумкин, бу аъзо ўзи шундоқ ҳам рўза пайтида зўр бериб ишлайди.
 
Шунингдек, оғиз ёпиш вақтида хурмоқоқи, бодом, банан тановул қилиш ҳам фойдали. Бироқ, ҳаддан ташқари кўп ейиш ва ичиш керак эмас. Йўқса, кун давомида организм фаолиятини қўллаб-қувватлаб туриш учун зарур бўлган минерал тузлар организмдан чиқиб кетади. Саҳарлик вақтида қаҳвадан бутунлай воз кечган (ёки уни минимал миқдорда ичган) маъқул. Қатиққа кўкат ва бироз туз қўшиб ичилса, ҳам фойдали, ҳам чанқоқбосди бўлади.
 
Ошпазлар ва шифокорлар ифторликда қандай таомларни тавсия этади? Бунда нималарга эътибор берган маъқул?
 
– Оғиз очиш вақтида дастурхонга мевалар, қуруқ мевалар, пишириқлар ва бошқаларни тортиш, лекин ошириб юбормаган маъқул, – дейди Т.Умаралиев. – Овқат кўп бўлиши керак эмас – қовурилган ва хамирли таомларни чеклаш керак. Ёғли ва қовурилган овқатларни, таркибида шакар жуда кўп бўлган маҳсулотларни еманг. Қовурилган таом овқат ҳазм қила олмаслик, жиғилдон қайнашига олиб келади, вазнни кўпайтиради.
 
Энг маъқули – сабзавотлардан ёки гўшт ва сабзавотлардан тайёрланган таомдир. Янги узилган сабзавотлардан салатлар, ёрмалардан таомлар – фойдали. Ширинликлар ейиш мумкин, бироқ кўп бўлмаган миқдорда. Овқатланиш мувозанатга келтирилган- масалан, сабзавотлар, мевалар, гўшт, товуқ гўшти, нон, дон ва сут маҳсулотлари кириши керак. Иложи борича кўпроқ сув ва шарбатлар ичинг, бу организмда суюқлик миқдорини нормал даражада сақлаб туриш учун зарур. Ичимликлардан янги сиқилган шарбатлар, морслар, компотлар, кисель ва чой, шунингдек, оддий сув ҳам тўғри келади.
 
бу таомлардан ташқари яна қандай тартибга риоя қилсак, рўза кунларини енгил ва осон ўтказиш мумкин?
 
Бу борада бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилган, – дейди Т.Умаралиев.– Энг аввало, ёғли ва қанд миқдори кўп бўлган маҳсулотларни истеъмол қилмаган маъқул Улар туфайли чанқоқ қийнаши мумкин. Сахарлик вақтида кўп еб қўйишдан, кўп миқдорда сув ичишдан чекланинг. Бунинг оқибатида кун давомида организмни тонусда ушлаб турувчи минерал тузлар чиқиб кетади. Чекманг, агар бу одатингизни ташлай олмасангиз, бугундан чекишни камайтириб боринг. Саҳарлик вақтида қайнатилган, енгил, аммо узоқ вақт давомида ҳазм бўлувчи таомлар- дуккакли ва дон маҳсулотларидан тайёрланган овқатларга эътибор қаратиш керак. Шунингдек, организмингизда сувни меъёрда ушлаб туриш учун ифтор вақтида ва кечки уйқу орасида кўпроқ сув ва шарбатлар ичинг. Бу танангизнинг сув билан тўйинишига ёрдам беради.
 
Рўзанинг қолган кунлари учун намуна тариқасида тайёрланган таомлар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз. ↓
 
Сайёра Шоева, ЎзА
 Манба: http://www.uza.uz
Read 2367 times
Download attachments:

Янгиликлар

Top