Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида анжуман ташкил этилди

Шу йилнинг муборак Рамазон ойида муҳтарам юртбошимиз “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасининг очилиш маросимида бу жойда уламолар,  диний соха ходимларининг илмий суҳбатларини уюштириш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросларини ўрганиб, кенг тарғиб қилиш юзасидан тавсиялар берган эдилар. Зеро, умрини дин хизмати, илм равнақи йўлида сарф этган буюк аллома раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари ҳаётлик чоғларида илм аҳли, уламолар, шогирдлари билан кўплаб илмий суҳбатлар, анжуманлар ўтказар эдилар. Ана шу эзгу анъана яна давом эттирилмоқда. Эндиликда, шайх ҳазратлари номлари билан аталгувчи мазкур мажмуанинг махсус мажлислар залида маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар, мунаввар суҳбатлар, динимиз, халқимиз учун манфаатли тадбирлар ўтказилади.

Бугун, 4 июль куни биринчи бор ушбу мажмуада “Ҳанафийлик – мўътадил мазҳаб” номли диний соха ходимларининг анжумани ташкил этилди.

Аввало анжуман айнан мазҳаблар мавзусида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро Шайх ҳазратлари мусулмонларни доим буюк уламолар, улуғ мужтаҳид зотлар йўлини маҳкам тутишга, умматнинг бирлиги, тотувлигини таъминлашга, ихтилофларга барҳам беришга чақириб келганлар. Бу йўлда йирик асарлар таълиф этган эдилар.

Чиндан ҳам бугун ана шу меросни ўрганиш, нафақат диёримиз, балки минтақамизда кенг тарқалган Ҳанафий мазҳабида мустаҳкам бўлиб, ихтилоф ва фитналарнинг олдини олиш ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб қолди. Бугун ҳар ердан турли воситалар орқали мусулмонларни чалғитиб, мазҳабларни инкор қилаётган, уламоларни рад этиб, Қуръон ва суннатдан ўзича мустақил ҳукм чиқариш даъвосини қилаётган саводи чала кимсалар ислом умматини адаштиряпти, тафриқа ва ихтилофларга сабаб бўляпти.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бошқа нотиқлар ўз чиқишларида “Мужтаҳид уламоларнинг таърифи”, “Мазҳабларнинг келиб чиқиши ва ислом оламидаги аҳамияти”, “Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадис илмидаги ўрни” каби мавзуларда маъруза қилдилар.

Шунингдек тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансуров "Ислом динида мўтадиллик" мавзусида, ЎМИ Котибият бўлими мудири Муҳаммадайюб Хомидов "Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис борасидаги ўрни" мавзусида маърузалари билан иштирок этдилар.

Уламолар мужтаҳид даражасига етмаган кишилар муайян мазҳабни ушлашлари лозим, деб айтганлар. Доктор Ваҳба Зуҳайл: “Фиқҳий мазҳабларнинг ихтилоф ва фитналарга, қонли тўқнашувларга олиб келганини билмаймиз. Йирик тўқнашувлар ақидавий масалаларда бўлган”, деб айтган.

Баъзилар Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳни кам ҳадис билганликда ноўрин айблайди. Ваҳоланки ул зот ҳадисларни аниқлшда талаблари шу даражада юқори эдики, уни фақат муҳаддислар англай олардилар. Ўзларининг талабларига кўра энг ишончли деб билган ҳадисларинигина “Муснад”га киритган ва фиқҳий масалаларда қўллаган эдилар. Абу Ҳанифа ҳадисни тушунишда, идрок этишда кўп муҳаддислар етиб бормаган нуқтага етиб бордилар. Бу борада ул зот шундай деган эдилар: Аллоҳнинг динида ўз раъйингиз билан ҳеч бир сўз айта кўрманг. Ҳадисга эргашинг. Ким ҳадисдан четга чиқса адашади.

Ана шу мукаммал фиқҳ мактабига асос солган, илм ва тақвода пешқадам бўлган зотларга ҳурматсизлик қилаётган, ислом оламининг мужтаҳиди мутлақларидан ўз фикрини устун қўйиб, мусулмонларни чалғитаётган, мазҳабга тош отаётган кимсаларга холис, илмий, асосли раддия бериш, диний саводсизликка барҳам бериш, фитналарнинг олдини олиш бугун ҳар бир имом-хатиб, исломшунос мударриснинг вазифаси эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Read 2770 times

Янгиликлар

Top