Ўзбекистон янгиликлари

«ЎЗБЕКИСТОНДАН ЎРНАК ОЛИШИМИЗ КЕРАК»

Жорий йилнинг 25 август куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида эшитиш, гапириш ва кўриш имконияти чекланган фуқаролар учун диний-маърифий суҳбат ташкил қилинди.

Диний идора ходимаси Мунира Абубакирова кечиримли ва ҳаёли бўлиш ҳақида маъруза қилди.

Инсон ҳаёти давомида турли синовларга дуч келади. Кимлардандир озор топади. Аммо хатосини тушунган инсонларни кечириш, уларга марҳаматли бўлиш узилган ришталарни боғлашга имкон туғдиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, гўзал хулқ нима?”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўзал хулқ – узилган(қариндошинг)га боғланмоғинг, бермаганга бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғинг”, дедилар.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиласи Д. Аҳмедова ижтимоий масалалар ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.

Суҳбатга Қозоғистон ва Тожикистон республикаларидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам таклиф этилди. Меҳмонлар Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имконияти чекланган фуқароларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун бўлишди.

Қўшни давлатдан келган меҳмон тез орада Қозоғистонда ҳам имконияти чекланган фуқаролар учун диний-маърифий тадбирлар ташкил этилишидан умид  қилди.

Тожикистонлик меҳмонлар эса жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун махсус сурдо таржимонлик хизмати йўлга қўйилгани Ислом динининг асл моҳиятини англаб етиш имконини беришини таъкидлаб: “Мен кўз ёшларимни тия олмаяпман. Юртингизда ногиронлиги бўлган инсонларга эътибор жуда баланд. Биз Ўзбекистондан кўп соҳада ўрнак олишимиз керак! Тожикистонлик имконияти чекланган фуқароларга эътиқод масалаларида ҳам тушунчалар бериш бўйича Ўзбекистонда тўпланган тажрибадан андоза олсак бўлади”.

 

Read 2276 times

Янгиликлар

Top