Ўзбекистон янгиликлари

Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратларидан миннатдорлик мактуби келди

Шу йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция юқори даражада ўтказилди. Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан таниқли олимлар, машҳур диний уламолар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мана шундай меҳмонлар орасида энг нуфузлиси, шубҳасиз Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Тоййиб жаноблари эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларидан миннатдорлик мактуби келди.
Унда жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги тарихий конференциянинг юқори савияда ўтказилгани эътироф этилгани ҳолда меҳмонларга кўрсатилган самимий ҳурмат ва эътибор учун чин қалбдан миннатдорлик билдирилган.
Ўзбекистондаги мўмин-мусулмонлар масалаларини ҳал этишда тўғри йўл тутилаётгани, Ислом динини мустаҳкамлаш, мўътадил ислом қадриятларини тананнум этиш йўлида олиб борилаётган ишлар юксак эътироф этилган.
Мана шундай фикрларнинг тасдиғи сифатида Ўзбекистонда ташкил этилган диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва ихтисослашган мактаблар фаолиятига уруғ берилган. Ушбу даргоҳлар Ислом дини таълимотларини атрофга кенг ёйишда хизмати беқиёс бўлишига ишонч билдирилган. Шунингдек, мазкур муассасалар ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириш, бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш ва ижтимоий тинчликни мустаҳкамлашда ўрни катта бўлиши баён қилинган.
Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларига жавоб хатини йўлладилар.
Мактубда Ўзбекистон заминида Ал-Аҳзар мажмуаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” номли халқаро анжуманда Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Тоййиб жанобларининг иштироки конференция нуфузини юқори даражага кўтаргани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, мисрлик уламолар, ислом дунёсининг кўзга кўринган олимлари, дин пешволарининг маъруза ўқишлари конференциянинг илмий даражаси ва фойдалилигини янада оширгани мамнуният билан таъкидланган.
Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларининг Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва дин уламоларининг ҳамкорлигини ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолаб, минг йиллик тарихга эга ал-Азҳар мажмуасининг бош мақсадларини амалга оширишда илдамлик билан олға бораётгани алоҳида эътироф этилган.
Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жанобларининг Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини қўллаб-қувватлаганлари илмий ходимлар, толиби илмларни янада куч-ғайратли бўлишга ундагани ифода қилинган.
Сўнгги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги келишувлар ўз самарасини бераётгани ҳамда томонлар бу ҳамкорликни янада кенгайтиришга жидду жаҳд қилаётганлари икки мамлакатни ҳам бирдек хурсанд қилаётгани изҳор қилинган.
Мактублар якунида эзгу тилаклар ва хайрли дуолар қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1836 times

Янгиликлар

Top