Ўзбекистон янгиликлари

"Вақф" фонди коронавирусга қарши 190 миллион сўмга яқин маблағ сарфлади

Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Охирги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳамжиҳатликни, меҳр-мурувватни талаб қилади. Ушбу юқумли касалликка қарши курашиш, унинг давосини топиш бўйича жаҳон ҳамжамияти ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимизда каронавируснинг олдини олиш, уни юқтирган беморларни даволашда тезкор ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу жараёнга “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Фонд томонидан жорий йил 16 март 2 апрель кунлари ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларига жами 190 миллион миллион сўмга яқин хайрия ишлари кўрсатилди. Жумладан, ёрдамга муҳтож аҳоли вакиллари пластик рақамларига (дори-дармон, даволаниш учун) моддий ёрдам ўтказиб берилди; эҳтиёжманд кишиларнинг уйларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди; маҳалла ва аҳоли гавжум жойларда бепул ниқоблар тарқатилди.
Дарҳақиқат, бугун Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қону жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби фазилатларни намойиш этиш палласи келди. Хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланди.
Мамлакатимизда вужудга келган мураккаб вазиятда "Вақф" фонди томонидан халқимизнинг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамларининг салмоғини оширмоқда, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашишни кўпайтирмоқда.
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 1 апрелдаги қарорига асосан, Фондга ёрдам сўраб мурожаат қилган эҳтиёжманд кишилар пластик карталари орқали моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, 1-2 апрель кунлари 106 нафар кишига дори-дармон, даволаниш ва озиқ-овқат учун 70 миллионга яқин пул маблағлари хайрия тариқасида улашилди. Бу борадаги ишлар юқори суратда жадал давом эттирилмоқда.
Шунингдек, “Вақф” фонди коронавирусга қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун таъсис этилган "Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига асосий ҳисоб рақамидан 50 миллион маблағ сўм ўтказиб берди (закот, фитр-садақаси ва ижтимоий хайрия акцияларидан ташқари маблағлар).
Ҳар қандай синов Аллоҳдан эканини англаган ҳолда ўзаро бирдам, сабру матонатли бўлиб, эзгу ишларни кўпайтирсак, хайрли дуолар қилсак, бошимизга келган мусибатдан тез орада эсон-омон ўтамиз, иншо Аллоҳ.
Фонд коронавирус хасталигига қарши кураш ва ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашда давом этади.

“Вақф” хайрия жамот фонди Матбуот хизмати

Read 2001 times

Янгиликлар

Top