Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ҳалол туризм объектларини ташкил этмоқчи бўлган инвесторларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

18 август куни АОКАда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳалол туризм мавзусида ҳам сўз бор, хабар бермоқда kun.uz.
«Мамлакатда маҳаллий ва хорижий мусулмон сайёҳлар талабларига жавоб берадиган дам олиш масканларини очиш халқаро тажрибада бор. Масалан, Туркия, Малайзия ва Индонезия мамлакатларида бу тажриба кенг қўлланилади. Бунда нафақат мусулмонлар учун, балки оилавий дам олувчилар, аёллар ва эркакларнинг алоҳида дам олиши учун шароитлар яратилади.
Бундай талабларни жорий қилиш асосан инвесторларнинг бизнес режалари ва бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади. Шунинг учун Бўстонлиқдаги ёки Тўдакўлдаги дам олиш ҳудудларида агар инвесторлар мусулмон сегментига ёки шу шароитларни талаб қилган мижозларга хизмат кўрсатишни хоҳласа, очишлари мумкин. Туризм қўмитаси Сингапурда жойлашган CrescentRating халқаро ташкилоти билан бу масала ёрдам беради»,― деди зиёрат туризми бўйича мутахассис Саидкамол Холхўжаев.
Қўмита раиси ўринбосари Фахриддин Давруқовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги меҳмонхоналардан хоналарнинг камида 30 фоизида мусулмонлар учун қулайлик яратиш талаби қўйилган.
Маълумот учун, CrescentRating агентлиги – жаҳон ҳалол туризм бозоридаги йирик эксперт-ташкилотлардан саналади. Агентлик 2015 йилдан бошлаб «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Global Muslim Travel Index) рейтингини эълон қилиб келади. Рейтингда 40дан ортиқ мезонлар асосида мусулмон сайёҳлар учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади.
Ўтган йилнинг кузида «Mastercard» молия ташкилоти ва CrescentRating агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар ўнталигидан жой олганди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 1598 times

Янгиликлар

Top