Ўзбекистон янгиликлари

Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади

Шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Хаджар билан музокара ўтказди.

Самимий мулоқот чоғида томонлар пандемия вақтида аҳолини самарали муҳофаза қилиш, касалланган кишиларни ўз вақтида даволаш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва глобал пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

ИТБ Президенти Ўзбекистонда пандемияга қарши кураш ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаш бўйича амалга оширилаётган самарали стратегиянинг халқаро миқёсда тан олинишини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида Б.Хаджар ИТБ ихтисослашган клиникалар учун тиббиёт ускуна ва материаллар харидини молиялаштириш учун стратегик тайёргарлик ва жавоб чоралари пакети (умумий миқдори 2,3 миллиард АҚШ доллар) имкониятидан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва аҳолига зарур ёрдам кўрсатишда Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Жумладан, мамлакатда ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари ишлаши учун марказлаштирилган кислород таъминоти тизимини сотиб олиш учун Пакет маблағлари бир қисмини қайта йўналтириш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, музокаралар давомида 2021 йилда ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 46- йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу тадбир хорижий ишбилармон доиралар ва халқаро ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва мамлакатнинг яхшиланаётган инвестициявий муҳитига қаратиш ва ИТБ Гуруҳи билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

Мулоқотлар якунида барча муҳокама этилган йўналишлар бўйича биргаликда иш олиб боришни фаоллаштириш ва ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1670 times

Янгиликлар

Top