Ўзбекистон янгиликлари

Украина муфтийси: Аллоҳ ёрдами билан дунё ҳамжамияти Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашига тилакдошман

Украина кенг жамоатчилиги Ўзбекистон Президентининг БМТда илгари сурган ташаббусларига хайрихоҳ.
Хусусан, Украина мусулмонлари маънавий бошқармаси бошлиғи, Украина муфтийси Шайх Аҳмад Тамим “Дунё” АА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида замонамизнинг энг долзарб муаммоларидан бири – қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши кураш масалаларига тўхталиб ўтди. Ушбу муаммо аксарият ривожланаётган мамлакатларга хосдир.
Таъкидлаш жоиз, жаҳон ҳамжамиятининг барча уринишларига қарамай, бу муаммо йилдан-йилга кучайиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 700 миллиондан ортиқ одам ёки дунё аҳолисининг 10 фоизи ҳамон қашшоқликда яшамоқда. Бироқ, қашшоқликнинг юқори даражаси кўпинча можаролардан азият чекаётган мамлакатларда кузатилмоқда.
Ўз навбатида, ушбу масаланинг ечилмагани янада мураккаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, жамиятнинг заиф гуруҳлари тобора кўпроқ одам савдоси қурбонига айланмоқда, турли диний экстремистик ва террористик ташкилотларнинг “ўлжасига” айланиб, ноқонуний гуруҳлар сафига қўшилмоқда.
Ислом дини бизни раҳмдил бўлишга, муҳтожларга ёрдам беришга ва ўз мулкимизни улар билан баҳам кўришга ўргатади. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси дунё ҳамжамияти учун сўздан амалга ўтиш, глобал масъулиятни ҳис қилишни бошлаш ва камбағал мамлакатларга мавжуд муаммоларни енгиш учун самарали ёрдам беришга ундайди.
Ушбу масалани БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак сессияларидан бирининг асосий мавзуси сифатида белгилаш, ушбу муаммо бўйича глобал саммитни ўтказиш бўйича БМТнинг юқори минбаридан билдирилган таклифлар ўринлидир. COVID-19 пандемияси оқибатлари туфайли глобал иқтисодий таназзул кузатилаётган бир вақтда халқаро ҳамжамиятнинг БМТ кўмагида бир ёқадан бош чиқариши жамиятнинг муҳтож қатламларга ёрдам бериш масаласини ҳал этишга туртки булади.
Бу инсонпарварлик ташаббуслари келажак авлод учун масъуллар қалбидан чуқур жой олишини истардим. Аллоҳ ёрдами билан дунё ҳамжамияти Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашига тилакдошман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1681 times

Янгиликлар

Top