Ўзбекистон янгиликлари

Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб “Қуръони карим мусобақаси – 1442” танлови ўтказилиб, Qur'an Karim YouTube ва AzonTV'нинг Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали узатилмоқда.

Мазкур танлов халқимизнинг Каломуллоҳга бўлган муҳаббатини ошириш, янги аҳли Қуръонларни кашф этиш, ёшларимизнинг илмга бўлган рағбатларини юксалтириш, юртимизнинг катта қорилари билан жонли мулоқотни йўлга қўйиш, Қуръони каримни ўрганишга бўлган қизиқиш ва салоҳиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Мусобақа ҳифз ва тиловат йўналишида бўлиб, ғолибларни аниқлашда юртимизнинг тажрибали, етук ҳофизлари ҳакамлик қилишмоқда. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар берилади.

Маълумот учун, Зайниддин қори 1976 йил 24 январда Наманганда таваллуд топганлар. Дастлаб шу ерда устозлар қўлида Қуръон ёдлаганлар. Кейин Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетида Қироат маъҳадида таҳсил олганлар. У ерда тажвид бўйича шаҳодатномаларга эга бўлганлар.
Устоз Зайниддин қори ўн беш йилдан ортиқ Мисрда Қуръон қироатлари ва бошқа илмларда таълим олган, хушовоз ҳофиз эдилар. У киши ўтган йили Ал-Азҳар университети машойихлари кўриги остида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бериб, овозли мусҳафни тайёрлатгандилар. Бу маънода у киши ҳозирча ягона ўзбек қориси ҳисобланадилар. У киши ўтган йили вафот этдилар. Аллоҳ устозни раҳмат қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2117 times

Янгиликлар

Top