Ўзбекистон янгиликлари

"Терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ёшларнинг ўрни" мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилди

Тошкентда "Терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ёшларнинг ўрни" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ушбу анжуман ўтказилиши ҳақида сайтимизда хабар берган эдик. 

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Тараққиёт дастури, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) каби халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда ушбу тузилмаларга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишга эътиборни янада кучайтириш, шунингдек, биргаликда самарали фаолият олиб боришга доир масалалар муҳокама қилинди.

ЎзА хабарига кўра, тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинганини қайд этаркан, шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурида ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. Сўнгги уч йилда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари сони 60 фоизга ошиб, айни дамда 116 тага етгани ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Анжуманда, шунингдек, онлайн тарзда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдат Амреев, ОҲИЧК Котибияти Ижрочи директори Қайрат Сарибай, МДҲ Ижроия қўмитаси Раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, БМТ Бош котиби ўринбосари Владимир Воронков ва бошқа қатор нуфузли халқаро тузилмалар масъул вакиллари ҳам сўзга чиқишди.

– Бугунги кунга келиб ер юзида истиқомат қилаётган қарий 8 миллиард кишининг 2,3 миллиарди ёшлар, – дейди А.Абдуҳакимов. – Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар мамлакат аҳолисининг 55 фоизини, яъни 18 миллион нафарини ташкил этади. Шу маънода кўпгина давлатларда экстремизм, терроризм ва радикализм каби ғоявий таҳдидларнинг ёшлар онгига салбий таъсири бошқа хавфли омилларга нисбатан бирмунча юқори. Халқаро ҳамжамият, хорижий ва минтақавий ташкилотлар томонидан жаҳон миқёсида ушбу хатарларга қарши курашиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Табиийки, айни йўналишда маълум маънода ижобий натижаларга ҳам эришилмоқда.

Видеоконференция дастуридан ўрин олган мавзулар бўйича 4 та шўъба йиғилишида халқаро экспертлар, хорижий мамлакатлар кузатувчилари терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши самарали курашиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1629 times

Янгиликлар

Top