Ўзбекистон янгиликлари

“Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” халқаро давра суҳбати

Кеча, 28 апрель куни “Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда мутасаддилар томонидан зиёрат туризмини ривожлантиришга оид муаммолар, долзарб вазифалар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Мулоқотда Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шарт-шароитлар яхшиланиб бораётгани, шунингдек, COVID-19 пандемияси туризм соҳасига ҳанузгача салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Шубҳасиз, пандемия ва ундан кейинги даврда мамлакатимизда туризм соҳасини жадал қайта тиклашда зиёрат туризмининг ўрни беқиёс. Шунга кўра, Давлатимиз Раҳбари томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, 2021 йилда мамлакатимизда мавжуд кўплаб зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжолар имкониятидан фойдаланиб, зиёрат туризми йўналишида 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унда қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган.

Жорий йилда вилоятлар кесимида зиёратгоҳларнинг тарғиботи учун жами 1,1 миллиард сўм, хорижий давлатларда мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини тарғиб қилиш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, қатор янги маҳаллий ва хорижий йўналишларда авиапарвозлар ва темир йўл қатновларинини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Умуман олганда, зиёрат туризми соҳасида бугунги ҳолат ва келгусидаги режалар муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати савол-жавоб ва қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Read 1365 times

Янгиликлар

Top