Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков: Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига амал қилиш энг тўғри йўл!

Хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламолари Жиззах вилоятига ташрифлари бошланди.

Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековнинг илк ташрифи Шароф Рашидов туманидаги “Қўшчинор” масжидида бўлди.

Ҳомиджон домла жамоат билан жума намозини адо этгандан сўнг намозхонларга маърифий маъруза қилиб бердилар. Унда аввало вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти, бутун дунёда бўлганидек юртимизда коронавирус юқумли касаллиги қайта авж олаётгани, унинг олдини олиш учун шифокорлар тавсия қилган карантин қоидаларига амал қилиш, давлат томонидан хориждан олиб келинаётган вакциналар билан эмланиш лозимлигини таъкидладилар.

Маъруза давомида Ислом динининг асл моҳияти, мусулмон киши фақат яккаю ягона Ҳақ таолога ибодат қилиши, ширк, бидъат амаллардан сақланиш кераклиги, бунда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, у кишининг суннатларига қатъий амал қилиш энг тўғри йўл эканини айтдилар. Шунингдек, неъматлар шукрини адо этиш, уни янада зиёда қилишини эслатдилар.

Суҳбат давомида намозхонларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. Якунда жамоат билан Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, бутун дунёдан вирус балосини аритишини сўраб дуои-хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1302 times

Янгиликлар

Top