Ўзбекистон янгиликлари

“Амаллар ниятга боғлиқ” — Шавкат Мирзиёев ИТБ саммитидаги нутқида ҳадисдан иқтибос келтирди

Тошкентда Ислом Тараққиёт Банки бошқарув кенгашининг 46-йиллик анжумани очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбир аввалида Ўзбекистон мадҳияси янгради, сўнг Қуръон тиловат қилинди. Маросимда президент Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва ўз нутқини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!” дея бошлади.

Президент сўзи аввалида йиғилганларни Ўзбекистонда кўриб турганидан мамнунлигини билдирди.

“Албатта, Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги 5 йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи деб ҳисоблаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз сўзида пандемия бўлишига қарамай, анжуманни жонли равишда ўтказишга имкон бўлганини қайд этди.

“Ўзбек халқининг буюк аждоди, бутун мусулмон оламининг улуғ намояндаси имом Ал-Бухорий ҳазратлари жамлаган “Саҳиҳи Бухорий” китобида зикр этилган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”.

Барчамиз холис ният қилган эканмиз, Яратганнинг марҳамати билан бугун Ислом Тараққиёт Банки гуруҳининг йиллик учрашувини жонли равишда ўтказишга муваффақ бўляпмиз.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир пандемия бошлангандан бери дунёдаги халқаро молиявий институтлар орасида биринчи бўлиб ташкил этилган нуфузли анжумандир”, – дея таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев Ислом Тараққиёт Банкининг янги президенти этиб сайланган Сулаймон Ал-Жассирни қутлади.

“Менга берилган ушбу қулай имкониятдан фойдаланиб, Ислом Тараққиёт Банкининг барча аъзо давлатлари вакиллари номидан ҳурматли биродаримиз – Ал-Жассир жанобларини банк президенти лавозимида иш бошлагани билан муборакбод этаман.

Муҳтарам Ал-Жассир жаноблари! Бу юксак лавозимдаги фаолиятингизни Ўзбекистонга ташрифдан бошлаётганингиз чуқур рамзий маънога эга. Шу сабабли юртимиз билан ҳамкорлик Сизнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятингизнинг муҳим қисмига айланади, деб ишонаман.

Мамлакатимиз тимсолида Сиз яқин ҳамкор ва садоқатли дўст топдингиз, десам, муболаға бўлмайди. Зиммангиздаги эзгу вазифани адо этишда Аллоҳ таоло Сизни ҳамиша қўлласин!” – деди Ўзбекистон президенти.

 

манба: https://kun.uz/09750735

Read 1223 times

Янгиликлар

Top