Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон Ишматбеков: Динимизнинг бош ғояси – кишиларга самимий муносабатда бўлишдир

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари, устоз Ҳомиджон Ишматбеков Бухоро шаҳридаги “Сайфиддин Боҳарзий” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан аср намозини адо этгач, йиғилганларга “Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш" мавзусида маъруза мазмунли қилдилар.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб этади. Бунда эса, инсонларнинг ўзаро самимий муносабатда бўлишлари муҳим ўрин тутади. Динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, аввалда ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган. Масалан, Нуҳ а.с. ўз қавмига хитоб қилар экан: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман...”, деган (Аъроф сураси, 62-оят). Солиҳ а.с. ҳам ўз қавмини азобдан огоҳлантирганида шундай деган: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз” (Аъроф сураси, 79-оят). Бошқа пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган.

Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар. Тамим ад-Дорий р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в.: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир. Насиҳатнинг маъноси ўзгаларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш, демакдир. Шу маънода Пайғамбаримиз с.а.в. насиҳат кимларга бўлишини бирма-бир санаб ўтдилар.

Масжид аҳли устознинг маърузаларини мароқ билан тинглади, сўнг ўзларини қизиқтирган диний ва илмий қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Жамоат устознинг маърузаларидан мамнун бўлди.

Якунда Аллоҳ таолодан она диёримиз тинчлиги, фаровонлигини тилаб, дуои хайрлар қилди.

Аллоҳ таоло уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 999 times

Янгиликлар

Top