Ўзбекистон янгиликлари

Беҳбудий: “Икки тил эмас, тўрт тил керак”

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан Буюк британиялик таниқли профессор ва ўқитувчиларни мамлакатимиз олий таълим тизимига жалб қилиш бўйича фаолият доирасида Самарқанд давлат университети илмий ходимлари учун Оксфорд университети тадқиқотчиси, тарих фанидан маърузачи Томас Вельсфорднинг “Британия университетларида Ўзбекистон тарихини ўрганиш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида онлайн-маърузаси ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА.

Тадбирда Самарқанд давлат университети раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари, тарих фанидан тадқиқотчилар, Самарқанддаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи вакиллари қатнашди.

Самарқанд давлат университети проректори Мухтор Носиров тадбирни очиб бериб, британиялик тадқиқотчига ўзбек университетлари билан доимий ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Т.Вельсфорд ўз маърузасини ўзбек тилида олиб борди. Беҳбудийнинг ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлган “Икки тил эмас, тўрт тил керак” деган ҳикматли сўзларидан иқтибос келтирди. 2021 йил 18 ноябрь куни давлат мустақиллигини асосий тимсолларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун нишонланиши ҳамда ушбу санага 30 йил тўлиши муносабати билан британиялик олим бутун Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ сана билан табриклади.

Британиялик эксперт ўз маърузасида 20 йилдан буён Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихи, жумладан 10 йилдан ортиқ муддат мобайнида Самарқанд тарихини ўрганаётганини маълум қилди. Унинг фикрига кўра, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган бўлишига қарамасдан Марказий Осиё халқари тарихи Буюк Британия университетларида жуда кам ўрганилган ва ҳозирги вақтда ҳам кам сонли олимлар, асосан Окфсорд, Стаффордшир, Ливерпуль университетлари олимлари томонидан тақдиқотлар олиб борилмоқда.

Унинг таъкидлашича, кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги архив ҳужжатлари Ғарб давлатлари тадқиқотчилари учун ёпиқ бўлгани сабабли уларда акс эттирилган тарихий фактларни Европа давлатларидаги манбалар билан илмий жиҳатдан таққослаб, танқидий таҳлил қилиш имкони бўлмаган. Яқин йиллардан бошлаб, дунё тадқиқотчилари учун Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида сақланаётган архив ҳужжатларини ўрганиш учун имконият берилди. Ҳамкорликда олиб борилган илмий изланишлар самараси ўлароқ, Марказий Осиё халқларига оид янги фактлар жаҳон илмий ҳамжамияти эътиборига тақдим этилмоқда.

Т.Вельсфорд Ўзбекистонлик тарихчи олимлар билан Самарқанд тарихи, жадидчилик ҳаракати ва унинг ёрқин намояндаларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида ҳали ўрганилмаган, Ўзбекистон фондларида сақланаётган ўзбек, араб, форс, рус тилларидаги архив ҳужжатлари асосида ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришга қизиқиш билдирди.

Ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида томонлар 16 ноябрь куни Самарқанд давлат университети тарихчилари иштирокида “Беҳбудий - Ўзбекистон давлатчилиги тарихида энг илғор ислоҳатчилардан бири: танқидий таҳлил” мавзусида илмий семинар ўтказишга келишиб олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1434 times

Янгиликлар

Top