Ўзбекистон янгиликлари

Австрия ташқи ишлар вазири Ислом цивилизацияси маркази билан танишди

Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхарт Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида пойтахтимизда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси марказида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Австрия ташқи ишлар вазири марказга ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан учрашув ўтказди.

Марказ раҳбари меҳмонларни қутлаб, Австрия-Ўзбекистон ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши икки мамлакат учун бирдек манфаатли эканини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар, хусусан диний-маърифий йўналишдаги ўзгаришлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар тўғрисида сўзлаб берилди.

Ўзбекистонда «Маърифатли ислом» ғоясини ёйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотирудий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси сингари муассасалар фаолият олиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Михаэль Линхарт қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг кўпмиллатли мамлакат сифатида диний ва динлараро тотувликни таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш Австрия учун муҳим эканини таъкидлади.

Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг давлат диний таълим муассасаларида хорижий талабаларни ўқитиш имконияти, австриялик имомларнинг малака оширишида Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1330 times

Янгиликлар

Top