Ўзбекистон янгиликлари

Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги кенг нишонланмоқда

 

Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда буюк мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, маънавият ва маданият ривожига беқиёс даражада ҳисса қўшган Алишер Навоий таваллуд топганига 581 йил тўлади.

Ҳар йили мазкур сана муносабати билан юртимиз бўйлаб байрамона кайфият ҳукм суради. Жорий йилдаги тадбирлар ҳам кўтаринкилик, ўзгача шукуҳ билан адабиёт, маънавият, илм-маърифат, дўстлик айёми сифатида ўтказиляпти.

Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтди. “Исломшунослик” факультети томонидан “Навоий қалбларда мангу барҳаёт” мавзусида ташкил этилган тадбирда Академия профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлар ҳамда талабалар иштирок этди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати.

Тантанали маросимни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди.

Академия ректори ҳазрат Алишер Навоийнинг бой илмий ижоди, маънавий маҳзанлари билан таништириш, асарларини мутолаа қилишга ундаш бугунги куннинг муҳим жараёни ҳисобланишини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ориф Тўхташ ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, ёшларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар этиб тарбиялашда мутафаккир ижодининг аҳамияти хусусида сўз юритди.

Дарҳақиқат, Алишер Навоийдан авлодларга улкан, бебаҳо, туганмас адабий мерос қолди. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс жозибаси борлигини намоён этди. Зеро, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Ориповнинг ушбу сатрлари бежиз ёзилмаган: “Темур туғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”.

Тадбир давомида талабаларнинг мусиқий чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари йиғилганларга намойиш этилди. Шоир ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар томонидан ғазаллар ўқилди.

Шу билан бирга тадбир доирасида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган деворий газеталар ҳамда мумтоз шоирнинг китоблари кўргазмаси ташкил этилди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, Алишер Навоий ижоди билан яна бир бор яқиндан танишишлари учун хизмат қилди.

 



Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

Read 1569 times

Янгиликлар

Top