Рамазон фазилатларга бой ойдир. Уни ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ ибодату зикр, тиловату саловат ҳамда хайр саховат, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор.
Бошқаларга қилинган хайр-саховатнинг ажри қандай ҳам улуғдир. Хусусан хайр, саховат ойи бўлмиш рамазон ойида бўлса, унинг савоби бир неча каррот зиёда қилиб ёзилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”.
Кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.
Азалдан муборак рамазон ойи кириб келиши билан инсонийлик, шукроналик, сабр-қаноат каби фазилатларга, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади.
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ҳамда Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар Маҳмудовлар Самарқанд шаҳрида жойлашган 59-сон кўзи ожизлар мактаб интернатига бориб, у жойда тарбияланаётган ўқувчи ёшларни рамазон ойи билан муборакбод этди. Улар билан суҳбат чоғида З.Эшонқулов инсон қадр-қимматининг Аллоҳ таолонинг наздида нақадар улуғ эканлиги, ёшлик даврининг қадри, муборак рамазон ойи фазилатлари тўғрисида ояти карима ва ҳадиси шарифлардан намуналар келтирди. Шундан сўнг 260 нафар тарбияланувчиларга рамазон туҳфалари ҳадя қилинди. Учрашув жараёнида имконияти чекланган ўқувчилар орасида фан олимпиядалари ҳамда маданий ва спрот тадбирларида фахрли ўринларни қўлга киритган ғолибларга алоҳида совғалар тақдим этилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш ёки унинг қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир” дея марҳамат қилдилар. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар билан зийнатлайлик.
Аллоҳ таоло ушбу савобли амалларга ўз ҳиссаларини қўшган барча мўмин биродарларимизни улкан ажрлар билан мукофатласин!