Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик қори АҚШда хатми Қуръон ўтмоқда

Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровиҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.

Жорий йил Рамазон ойида ҳам қориларимиз АҚШ ва бошқа мамлакатларда хатми Қуръонлар ўтказиб берадилар.

Жумладан, АҚШ даги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси Ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга жўнаб кетди. Муҳаммадий қори Эргашев Нью Жерси штати Довер шаҳрида Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровиҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб бериши режалаштирилган.

Маълумот учун Туркистон – Америка жамияти АҚШнинг Нью Жерси штати Довер шаҳрида жойлашган. Мазкур жамият 1958 йилда тузилган бўлиб, ҳозирда унга ватандошимиз Абдуллоҳ Хўжа жаноблари раислик қилади.

Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1330 times

Янгиликлар

Top