Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари “Янги Ўзбекистон” боғига кўчат экиб, умуммиллий лойиҳада фаол бўлишга чақирдилар

Бугун, 5 апрель куни “Янги Ўзбекистон” боғида кўчат экиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, турли миллат вакиллари ва диний конфессия етакчилари иштирок этдилар.
Маросимда муфтий ҳазратлари тадбир иштирокчилари қатори ушбу ҳудудда ташкил этилган "Бағрикенглик боғи"га турли дарахт кўчатлари ўтқаздилар ва бундай хайрли амаллар бардавом бўлишини сўраб дуо қилдилар.
Мазкур тадбир Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш керак. Зеро, ушбу ташаббус барча юртдошларимизни ягона мақсад атрофида бирлаштирди, десак янглишмаган бўламиз.
Чунки айни баҳор кунлари юртимизда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари диёримизнинг янада яшиллика бурканишига сабаб бўлмоқда. Лойиҳага кўра, келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчат экиш мақсад қилинган бўлиб, айни кунларда лойиҳа доирасида кўплаб кўчат экиш, ҳудудларни обод қилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Мазкур хайрли лойиҳа доирасида шу йил 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти ҳам қабул қилинди. Баёнотда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилиб, динимиз таълимоти асосида барчани ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақириш баробарида, қишлоқ-овуллармиз, маҳалла-кўйларимизни обод қилиш орқали юртимизни боғу бўстонга айлантириш назарда тутилган.
Ушбу савобли лойиҳада юртимиздаги барча масжиду маҳаллаларда уюшқоқлик билан давом этиб, масжидлар ҳудудида яшил маконлар ташкил этиш ва кўчат экиш ишлари фаол давом этмоқда.
Зеро, Ислом динимиз ҳам ерни обод қилиш, кўчат ўтқазиш масалаларига алоҳида фазилатли амал сифатида қарашини Муфтий ҳазратлари таъкидладилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса, ёки экин экса, ундан бирон инсонми, қушми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа қилинганнинг савоби бўлади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1399 times

Янгиликлар

Top