Ўзбекистон янгиликлари

Термизда Исломий тилла танга топилди

Сурхондарё вилояти Термиз тумани Дўстлик маҳалласидаги хонадонлардан биридан Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари парчалари ва олтин динор топилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотига кўра, хонадон эгаси Улкан Эралиев Термиз археология музейига ушбу топилма ҳақида хабар берган. Музей ва вилоят маданий мерос бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳ топилма аниқланган жойга бориб, қазилма майдонида дастлабки иш жараёнини олиб борди. Унга кўра, ушбу қимматбаҳо ашёлар Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид эканлиги аниқланди.

Улкан Эралиев қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширди, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилди.

Музей директори бошчилигидаги музей мутахассислари ва нумизматлари томонидан қимматбаҳо топилма дастлабки экспертизадан ўтказилди.

– Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди. Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган. Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган. Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар «динор», кумуш тангалар «дирҳам» деб аталар эди, – дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев.

Маълумот учун, бу йил Термиз археология музейи очилганига 20 йил тўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1468 times

Янгиликлар

Top