Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда «Усмон Мусҳафи»нинг айнан нусхаси яратилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида таниқли хаттот Ҳабибулла Солиҳ томонидан «Усмон Мусҳафи»нинг айнан кўчирилган нусхаси марказга тақдим этилди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ноёб ва қимматли туҳфа марказ директори Шоазим Миноваров ҳамда марказ директорининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур томонидан қабул қилиб олинган.

Тадбирда Ўзбекистондаги диний уламолар, зиёлилар, соҳа мутахассислари ва тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Жараёнда бевосита қатнашган, Қуръони Карим тафсири муаллифларидан бири бўлган уламо Шайх Абдулазиз Мансур бу қилинган иш нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон хаттотлиги санъати ва бутун ислом олами учун катта ва қувончли воқеа эканини таъкидлаган.

«Маҳобатли иншоот барпо этилишидан илҳомланиб, имкон даражасида ҳисса қўшиш ниятида бузоқ терисидан махсус тайёрланган саҳифаларга, мусхаф матнининг ёнига барча учун осон ва тушунарли ўқилиши мақсадида ‘насх’ услубида ўқилишини ҳам алоҳида ёздим. Жами 586 бетдан зиёда асар бўлди. Асл нусха саҳифаларининг чети ва баъзи варақлар ярмигача нобуд бўлган қисмларини худди ўзидек тиклашга ҳаракат қилдим. Икки йиллик тинимсиз меҳнат натижасини бугун кўриб турибсиз», — дейди хаттот Ҳабибулла Солиҳ.

 

Таъкидланишича, «Усмон Мусҳафи»нинг навбатдаги ноёб нусхаси Ислом цивилизацияси марказининг энг қимматбаҳо экспонатларидан бири сифатида сақланади.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда самарқандлик тажрибали хаттот Жамил Эргашев «Садақаи жория»га қўл урган эди. У Қуръони Каримни Самарқанд қоғозига ёзишга киришган эди. Ўша вақтда ушбу муқаддас китобнинг 25 беш пораси битиб бўлингани айтилганди.

 

дарё.уз

Read 1062 times

Янгиликлар

Top