Ўзбекистон янгиликлари

Муҳаммад Мажид: Ўзбекистонда турли конфессия, дин ва эътиқодга эга инсонлар ўртасидаги очиқ ва ишончли муносабатнинг ёрқин ифодасини кўрдик

Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов диний эркинлик бўйича халқаро саммит (IRF Summit)да иштирок этди.
АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича собиқ элчиси Сэм Браунбэк ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган мазкур нуфузли анжуманда таъқиб ва диний камситишга, диний ва этник асосда геноцидга қарши кураш, ижтимоий тармоқнинг иқтисодиётда ва миллий хавфсизлик шароитида диний эркинликни тарғиб этишдаги ўрни, мусулмонлар орасида диний эркинлик ва хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ҳарбий можаронинг диний эътиқодга таъсири каби мавзулар муҳокама қилинди.
ЎзА хабарига кўра,мамлакатимиз вакили диний эркинликни таъминлаш, диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш, маърифатли ислом ғоясини илгари суриш ва ёшлар ўртасида радикализмга қарши курашиш борасида Ўзбекистон эришаётган ютуқлар, республиканинг ушбу соҳадаги халқаро ташаббуслари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТнинг “Таълим ва диний бағрикенглик” резолюцияси ҳамда Тошкент ва Бухорода ўтказилган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида қабул қилинган таълим, бағрикенглик маданияти, турли конфессия тарафдорларининг миллий анъаналарига ҳурмат билан қараш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш ғояларини илгари сурувчи Бухоро Декларациясининг аҳамияти очиб берилди.
Элчихона берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва асосий мақсади, фуқароларнинг асосий ҳуқуқи, жумладан, дин эркинлигини янада юксалтиришдаги аҳамияти алоҳида тушунтирилди.
Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF)нинг собиқ раиси Надин Маэнза Ўзбекистоннинг диний эркинликни тарғиб қилиш соҳасидаги муваффақиятли тажрибасини қайд этди.
- Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида диний эркинликни таъминлашда улкан ютуқларга эришганига, дунёга динлараро тотувликни тарғиб қилишнинг ноёб моделини тақдим этаётганига гувоҳмиз, - деди у. – Буларнинг бари турлича кўникма ва иш тажрибасига эга одамлар қўллаб-қувватлаши керак бўлган стратегик ташаббус ва улкан ўзгаришнинг натижасидир.
Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен шундай деди:
- Ўзбекистонда биз диний эркинликни таъминлаш борасида ҳукумат, фуқаролик жамияти институтлари ва диний жамоалар вакиллари билан кўп қиррали ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлдик. Сўнгги йилларда мамлакатда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Қонун устуворлиги ва диний эркинлик бўйича ўқув дастурлари, самовий дин вакиллари ўртасидаги динлараро мулоқот орқали эришилган натижаларни бирлаштириш ва кўпайтиришга ёрдам бермоқдамиз.
Дунё мамлакатларининг диний эркинликни тарғиб қилиш соҳасидаги ютуқлари муҳокамасида АҚШДАги энг йирик масжидлардан бирининг имоми Муҳаммад Мажид шундай деди:
- Ўзбекистонда турли конфессия, дин ва эътиқодга эга инсонлар ўртасидаги очиқ ва ишончли муносабатнинг ёрқин ифодасини кўрдик.
Тадбир доирасида намойиш этилган, Глобал жалб қилиш институти томонидан Декларациялар форумида иштирок этиш учун тайёрланган қисқа видео лавҳа (Making Multi-Faith History in Bukhara)да мамлакатимизнинг диний плюрализм ва бағрикенгликни тарғиб қилиш масаласига ёндашуви очиб берилган. “Ўзбекистон ренессанс даврини бошдан кечирмоқда, дўстлик, ҳурмат ва ишончнинг янги даврини кўрсатадиган очиқ мулоқот ва ўзгаришга янги мазмун бахш этмоқда”, - дейилади, жумладан, лавҳада.
Глобал жалб қилиш институти раҳбари Крис Сайплнинг фикрлари ҳам эътиборли:

- Декларациялар мулоқоти –мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган мамлакатда аввалги декларациялар вакилларини бирлаштирадиган, сезиларли фарқни енгиб ўтиш ва жипс жамиятни яратиш имконини берувчи очиқ ва конструктив мулоқот учун асос бўлиб хизмат қиладиган янги механизм. Бухоро Декларацияси аллақачон ўз самарасини бериб, бутун дунё бўйича - Ганадан Индонезиягача диний етакчилар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Бу ҳужжат бир минтақа ёки бир дин доирасидан ташқарига чиқишга имкон берадиган глобал ҳаракат, мазмунли ўзгаришни рағбатлантириш йўлидаги шериклик, зарур амалий ечимлар қудратининг ишончли далилидир.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан бери Вашингтонда ҳар йили ўтказиладиган “IRF Summit” халқаро форумида 80 дан зиёд мамлакатдан ҳукумат вакиллари, диний етакчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари тўпланади. Анжуманда дунё бўйлаб диний эркинликни тарғиб қилиш, жамиятда қутбланиш ва радикаллашувга қарши курашиш, якка тартибда ёки биргаликда таъқиб қилинаётган диндорларни ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1038 times

Янгиликлар

Top