Ўзбекистон янгиликлари

Мадинаи мунаввара зиёратида бўлиб турган муҳтарам Президентимиз Масжиду Набавийдаги равзаи муборакни зиёрат қилиб, Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломга халқимизнинг саломларини йўлладилар.

Зиёрат давомида давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, зиёлилар, ҳукумат вакиллари ва маҳаллий мутасаддилар ҳамроҳлик қилмоқдалар.

Маълумот ўрнида, Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида айтилган равза деган жой бор, зиёратга борган кишилар ўша равзада дуою илтижолар қилишга интиладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уйим билан минбарим орасида жаннат равзаларидан бир равза бор” дедилар (Имом Бухорий).

Равза — боғ деган маънони билдиради.
Уламолар ҳадисдаги “равза” сўзи ҳақида турли фикрларни айтганлар. Аксарлари, бу жой раҳматнинг тушиши, зикр, ибодат ва тиловат сабабли бахт-саодатнинг ҳосил бўлишида худди жаннат боғига ўхшайди, деб таъриф берганлар.

Аллоҳ таолодан ушбу жойда қилинган дуолар мустажоб бўлишини сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1039 times

Янгиликлар

Top