Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий қаламига мансуб “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзмаларининг 220 та электрон нусхаси тўпланган

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган 2022 йил давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар ва университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзмаларининг 220 та электрон нусхаси тўпланган. Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 69 та китоб сканер қилиниб, электрон нусхалари тайёрланган.

Шунингдек, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендияси соҳиблари (хорижий тадқиқотчилар)нинг марказда илмий стажировкалари йўлга қўйилган. Малайзия Ислом илмий университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан Англашув меморандумлари имзоланган. ЎзА билдиришича, хорижий давлатларнинг қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Бухорий қаламига мансуб 2 минг 838 та қўлёзма асарнинг рўйхати шакллантирилган.

Марказ илмий ходимлари томонидан юртимиздан етишиб чиққан 10 нафар буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва фаолиятига доир алоҳида “10 ҳақиқат” рукнида кичик рисолалар ва инфографик маълумотлар ҳамда 15 та китоб нашр этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1083 times

Янгиликлар

Top