Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев турк қардошларимизга яна бир бор ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига борди.

Маълумки, 6 феврал куни Туркиянинг жануби-шарқий элларида юз берган кучли зилзилалар вайронкорлиги билан бутун дунёни ларзага солди. Ўзбек халқи ҳам офат оқибатларини қалбига яқин олиб, чуқур қайғу ва ҳамдардлик ҳиссини туйди.

Давлатимиз раҳбари ўша куниёқ қардош Туркия халқига ва Президент Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик билдирган эди. Зилзила оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш учун мамлакатимиздан бир неча гуруҳ қутқарувчилар Туркияга юборилди. Шунингдек, гуманитар ёрдам юклари мунтазам жўнатиб турилибди.

Президентимиз бугун Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб, қардошларимизга яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Парвардигордан марҳумларни ўз раҳматига олишини, уларнинг оиласи ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик беришини сўради. Жароҳат олган инсонлар тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади.

Ўзбек ва турк халқлари яхшию ёмон кунларда ҳамиша бирга бўлган, бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бу дўстлик, қардошлик ва ўзаро елкадошлик ҳозиргидай оғир кунларда янада билинади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини билдирди. Элчихонада очилган ҳамдардлик китобига тасалли сўзларни ёзиб қолдирди.

President.uz

Read 813 times

Янгиликлар

Top