Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий асарларининг маҳаллий ва хорижий қўлёзма фондларида сақланаётган 2 минг 838 та нусхаси реестри тузилди

Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2022 йилдаги фаолият якунлари ва 2023 йилдаги истиқболли режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Марказ томонидан буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йил мобайнида Имом Бухорий номидаги халқаро стипендияси танловининг хорижий тадқиқотчилардан иборат 6 нафар ғолиби марказда илмий стажировка ўтади.  

Марказ Малайзия Ислом илмий университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан Англашув меморандумларини имзолади.  

Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази, Ислом оламининг таълим, фан ва маданият ташкилоти, Туркиянинг Мармара, АҚШнинг Мичиган ва Мисрнинг Ал-Азҳар университетлари ҳамкорлигида турли мавзуларда 8 та халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.  

Марказ ташаббуси билан Швейцариянинг Базель университети, Туркия илмий-тадқиқот марказлари, Италия ва Бирлашган Араб Амирликларида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмаси”, “Ислом хаттотлиги”, “Ўзбекистон фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари” каби мавзуларда жами 6 та халқаро кўргазма ҳамда  “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва савдо ярмаркаси ташкил этилди.  

Буюк Британиянинг Лондон ислом маданияти марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти, “Ал-Фурқон” Ислом мероси фондида “Қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва каталоглаштиришнинг аҳамияти мавзусида” давра суҳбати ташкил қилинди.  

Германиянинг Фрайбург университетида Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан ўзбек тилига таржима қилинган 29 ва 30-жузлари, “Саҳиҳул Бухорий шарҳи” китобларининг тақдимотлари ўтказилди.  

Юртимизда китоб фондларида сақланаётган ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва уларни ўрганиш, Ўрта Осиёдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган асарларини жамлаш ва тадқиқ этиш йўналишида аҳолидан  2 та қўлёзма ва 7 та тошбосма асарлар ҳадя сифатида қабул қилиб олинди.  

Марказда жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда жисмоний шахслардан ислом динига оид 44 та қўлёзма китоб сотиб олинди.  

Имом Бухорийнинг “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар қўлёзма фондларида сақланаётган 220 та қўлёзма нусхалари рўйхати шакллантирилди. Имом Бухорийнинг маҳаллий ва хорижий қўлёзма фондларида сақланаётган 2 минг 838 та асарлари реестри тузилди.  

Имом Бухорий асарларининг дунё кутубхона фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари реестрини тузиш ишлари учун кутубхоналарнинг 30 та электрон каталоги тўпланди. Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 116 та қўлёзма асар аннотацияси марказ сайтига жойлаштирилди.  

Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 69 та китобнинг электрон нусхаси тайёрланди. “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги 35 жилддан иборат китоб-альбом олиб келинди. Манбалар хазинасида сақланаётган 600 та қўлёзма ва 750 та тошбосма китоблар муҳрланди ва инвентарь китобларга киритилди. “Саҳиҳул Бухорий” асарининг 188 та қўлёзма нусхалари аннотацияси тайёрланди.  

Шунингдек, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросига бағишланган ҳақиқат ва 10 та халқчил рисолалар чоп этилди.  

“Саҳиҳул Бухорий шарҳи” 2 жилди, Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснад Шоший” асаридан сайланма, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Имом

Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абу Баракот Насафий, Исо Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурхониддин Марғиноний, Юсуф Хос Ҳожиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби китоб ва рисолалар тайёрланди. 237 та илмий мақола чоп этилди.  

Тадбирда  Марказнинг 2023 йилдаги режалари хусусида хам батафсил маълумот берилди.  

Н.Усмонова, УзА

Read 679 times

Янгиликлар

Top