Ўзбекистон янгиликлари

Мирзиёев нутқи: «Мусулмон оламининг кўпгина давлатлари технологиялар борасида ортда қолмоқда»

Ўзбекистон президенти ислом оламидаги илмий ютуқлар учун ИҲТ мукофотини жорий этиш таклифини билдирди.

Мусулмон олами мамлакатларининг кўпчилиги ҳозир илм-фан ва технология соҳасида жузъий тарзда ортда боришмоқда, дея Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда«Спутник-Казахстан».

Ислом ҳамкорлиги ташкилот (ИҲТ)нинг фан ва технология бўйича саммитида чиқиш қилар экан, Ўзбекистон раҳбари ислом олами жаҳон илм-фани ва цивилизацияси қўшган беқиёс хизматлари учун фахрланишга ҳақли эканлигини қайд этиб ўтди.

«Тан олиш лозимки, айни пайтда мусулмон оламининг кўплаб давлатлари фан ва технология соҳасида ривожланган давлатлардан жузъий ортда қолмоқда. Масалан, жаҳоннинг энг яхши 500 университети рейтингига ташкилотимизга аъзо давлатлардан бор-йўғи 11та олий ўқув юрти киритилган. 2015 йилда жаҳонда патент олиш учун аризалар топширишда ИҲТ давлатларининг улуши атиги 1,9 фоизни ташкил этган», — деди Мирзиёев.

Унинг маълумотларига кўра, 2016 йилда ИҲТ давлатларида чоп этилган жамики илмий мақолаларнинг 80 фоизи ташкилотнинг фақат 7 аъзо-давлати ҳиссасига тўғри келган.

«Таассуф билан қайд этмоқ лозимки, бой табиий ресурслар ва улкан молиявий салоҳиятга қарамасдан мусулмон давлатларининг аксарияти иқтисодиётга инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш борасида фаоллик намойиш этишмаяпти», — дея қўшимча қилди президент.

Унинг умид қилишича, замонамизнинг энг муҳим муаммолари ва илмий масалаларини ҳал қилишга йўналтирилган ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ислом оламининг фан-технология салоҳияти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

«Биз Мирзо Улуғбекнинг астрономия ривожи учун қўшган улкан ҳиссасига ҳурмат сифатида ташкилотнинг Самарқандда суперзамонавий телескоп ўрнатиш ҳақидаги таклифини мамнуният билан қабул қиламиз», — деди у.

Мирзиёев ислом оламидаги илмий ютуқлар учун ИҲТнинг махсус мукофотини жорий этиш ва уни халқаро саҳнада оммалаштириш таклифини билдирди. У шунингдек, ИҲТнинг фан ва технология бўйича саммитини ҳар уч йилда бир марта ўтказишни таклиф этди ва Ўзбекистон 2020 йилда бўлиб ўтадиган кейинги Саммитни ўтказишга тайёр эканини билдирди.

Манба: Kun.uz

Read 6073 times

Янгиликлар

Top