Ўзбекистон янгиликлари

Ўмон билан маданий мерослар борасида ҳамкорлик ривожлантирилади

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида 26-29 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегациянинг Ўмонга амалий сафари ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида мамлакатимиз вакиллари Ўмоннинг Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий департаменти раиси Ҳамад ал-Давяни билан учрашди.
Унда икки томонлама илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Ўмон томони учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.

Департамент раиси Ҳамад ал-Давяни сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз бой маданий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифат ва диний бағрикенглик таълимотини кенг ёйиш бўйича амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларни Ўмон томони юқори баҳолашини таъкидлади.

Мулоқот натижасида томонлар Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олдилар.

Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси аъзолари, Ўмон Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий департаментида нодир қўлёзма ва ҳужжатларни сақлаш, зарарланган саҳифаларни реставрация қилиш, шунингдек, қўлёзма ва тошбосма асарларнинг фотомоделларини яратиш, султонликда кечган тарихий жараёнлар шоҳидлари ҳикояларини видеотасмаларга тушириш жараёнлари билан танишдилар.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Ўмон миллий музейига борди. Музейда Ўмон тарихи, жумладан, исломий мерос ҳақида ҳикоя қилувчи коллекциялар ҳамда уларни намойиш этиш услублари билан танишдилар. Музейшунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари мамлакатимиз илмий жамоатчилиги Ўмон султони девони ҳузуридаги Султон Қобус маданият ва фан маркази раиси Ҳабиб ал-Риями билан музокаралар ўтказди.

Ҳабиб ал-Риями 2018 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти янги биносининг очилиш маросимида мамлакат делегацияси таркибида иштирок этганини билдириб, султонлик раҳбарияти Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, илмий анжуманлар ўтказиш ва ўқув грантларини ажратиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 662 times

Янгиликлар

Top