Ўзбекистон янгиликлари

Зиёратчиларимиз ибодат учун яратилган шароитлардан завқ туймоқда!

Айни кунларда Мадинаи мунавварада ибодат ва зиёратларни адо этиб, умра ниятида оппоқ эҳромда замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага етиб келган зиёратчиларимизни эҳтиром билан кутиб олиш жараёни қизғин давом этмоқда.

Дастлаб зиёратчиларимиз замонавий меҳмонхонадаги ҳар томонлама шинам хоналарга жойлашгач, гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида тилдан талбияни қўймаганча Байтуллоҳга ошиқмоқда. Каъбатуллоҳда тавоф, намоз, саъй ва дуо каби амалларни шавқ ва завқ ила адо этишмоқда. Шу билан суннати муаккада бўлган умра ибодатини ниҳоялаган ҳолда, Маккаи мукаррамада ибодатлар билан машғул бўлмоқда. Сафар давомида Раҳмат тоғи – Арафотни, Нур тоғидаги Ҳиро ғорини ва Савр тоғидаги ғорларни ҳам зиёрат қилишмоқда.

Мазкур жараёнлар сифатли, тартибли ва уюшқоқлик боришида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Ҳаж ва умра масалалари бўйича атташеси Шуҳрат Амоний ва Бош консул Нодир Турғуновларнинг бевосита кўмаги ва иштироки катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Зиёратчиларимизга сифатли хизмат кўрсатиш борасида мутасаддиларимиз ҳамкор ширкат вакиллари билан бирга барча имкониятларни сафарбар қилмоқда.
Хусусан, Макка шаҳридаги ҳар томонлама қулай ҳудудда жойлашган “Олаян Алмааси” меҳмонхонасида зиёратчиларимиз учун Ҳарами шарифга 24 соат давомида замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Шунингдек, меҳмонхонада малакали ходимлардан иборат ишчи гуруҳ штаби, барча шароитларга эга тиббиёт хонаси, ҳар куни 3 маҳал тансиқ таом, ширинлик ва сархил меваларни тақдим этаётган замонавий ошхона юқори даражада хизмат кўрсатмоқда. Сафар давомида ҳожиларимизга ҳадялар улашилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1093 times

Янгиликлар

Top