Ўзбекистон янгиликлари

Муҳокама, мунозара ва хотима

Кеча Урганчда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар” мавзуида диний соҳа ходимлари ҳамда маънавият тарғиботчилари учун ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тарғибот тадбирида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, шаҳар, туман кенгашларининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари, олий таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раисларининг маънавий тарғибот бўйича бўлим бошлиқлари  Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши бўлим мудирлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, имом-хатиблар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда  диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятидан диний соҳа ходимлари, маънавият тарғиботчиларини янада батафсилроқ хабардор этиш мақсад қилиб қўйилди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб бораётган сиёсатининг моҳияти, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан:

-Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти;

-жорий йилнинг 18 октябрида Тошкентда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида”  мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларининг юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари;

-имом-хатибларнинг ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимизнинг софлигини асрашда тутган ўрни ва вазифалари;

-ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялашнинг муҳим йўналишлари мавзуларида сўз юритилиб, сўз борган мавзулар видеолавҳалар ва слайдлар воситасида ёритилди.

Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи З.Султонов “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқининг мазмун моҳияти”;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов “Имом-хатибларнинг ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимизнинг софлигини асрашда тутган ўрни ва вазифалари”;

Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлими раҳбари Б. Абдираҳимов “Ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялашнинг муҳим вазифалари” мавзуида маъруза қилди.

Шунингдек, тадбирда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида”  мавзусидаги халқаро конференциясида Кавказ мусулмонлари диний идораси раҳбари Шайхул ислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг маърузаси бўйича тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди ҳамда иштирокчиларга “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида”  мавзуидаги халқаро конференция тўплами тарқатилди.

Ўқув-семинарда Ислом оламида кечаётган мураккаб  ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмуни, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда турли ғаразли ва террористик ҳолатларни муқаддас Ислом дини билан боғлаётган кучларга нисбатан диний соҳа ходимларининг якдил муносабатини белгилаш, уларга қарши курашишнинг самарали усуллари устида ишлашга  келишиб олинди.

*   *   *

Айни мавзудаги тадбир куникеча Нукусда қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимлари ҳамда маънавият тарғиботчилари учун ҳам бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Алеуов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи З.Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Республика маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлими раҳбари К.Юсупов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, Қорақалпоғистондаги масжидларда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар, имом ноиблари ҳамда маънавият ва маърифат маркази мутахассислари ва бошқалар иштирок этди. 

Тадбирдан асосий мақсад, имом-хатиблар ва маънавият тарғиботчиларига Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, хорижлик уламолар, диний соҳа ходимлари ўртасида ўтказилган халқаро конференцияларнинг мазмун-моҳиятини янада батафсил етказиш, ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ёт бўлган зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларнинг самарадорлигини янада оширишдан иборат бўлди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

                                                   

Read 4500 times

Янгиликлар

Top