Ўзбекистон янгиликлари

Вилоят бош имоми ёшларни аждодларга муносиб бўлишга чақирди

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасинингТошкент вилояти вакиллиги томонидан Зангиота туманидаги “Тиббиёт” касб-ҳунар коллежида маърифий тадбир ташкил этилди. Унда вилоят бош имом хатиби Ҳайруллоҳ домла Турматов, туман ҳокими ўринбосари Д.Мўминова, туман бош имом-хатиби Н.Мавлонов, туман прокуратураси ва солиқ идораси ходимлари, шунингдек, “Тарнов” маҳалласи аҳолиси, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.

Учрашувда вилоят бош имом-хатиби бузғунчи гуруҳларнинг ғоя ва мақсадлари, бу каби ғоялар таъсирига фақатгина соф Исломнинг асл моҳиятини англамаган инсонларгина тушиб қолиши мумкинлиги, кейинги пайтларда шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, Ислом дини равнақи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жуда кўплаб диний-маърифий адабиётларнинг нашр этилаётгани ҳақида атрофлича тўхталди.

“Ачинарлиси шундаки, буюк аждодларнинг авлодлари, инсон цивилизацияси ва Ислом илми ривожи учун бениҳоя ҳисса қўшган олиму фузалолар етишиб чиққан юртнинг фарзандлари илм ва маърифатда оқсаганликлари сабаб, китоб ва мутолаадан узоқлашганликлари боис динимизга ёт ғояларга эргашмоқда, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қўл урмоқда, ахлоқсизлик ва оммавий маданиятнинг асирига айланмоқда. Азизлар, келинг, ўзимизни ислоҳ қилайлик, ўзгаришни бугундан бошлайлик. Юртимиз, миллатимиз, динимиз равнақи учун бир тану бир жон бўлиб, аҳил ва иноқликда ҳаракат қилайлик, ўтган ота-боболаримизга муносиб ворис, кейинги келадиган авлодлар учун ўрнак бўлайлик!” – деб, йиғилганларга мурожаат қилди Хайруллоҳ домла Турматов.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3588 times

Янгиликлар

Top