Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг  «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» ҳудудий босқичи иштирокчиларига табриги

 بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله الذي انزل القرآن هدى للناس و البينات من الهدى والفرقان والصلاة والسلام على اشرف الانبياء والمرسلين وعلى آله و أصحابه أجمعين

أمّا بعد:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

Ҳурматли ҳайъат аъзолари, қадрли мусобақа иштирокчилари ва муҳтарам меҳмонлар!

Бугун барчамиз учун ниҳоятда улуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақасининг илк босқичи бошланган кундир.

Бугун барчамиз Аллоҳнинг буюк неъмати – Ўз Каломини ёд олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг чиройли савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиб, иншааллоҳ, завқланамиз. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун Раббисининг каломини ўқиш ёки уни тинглашданда роҳатбахш нарса бўлмайди.

Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади.

Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчиларни мақтаб, бундай марҳамат қилади:

 «Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлайдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга ҳам) ўргатувчилардир” (Имом Бухорий).

Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчи эса икки баробар кўп ажр олади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Юқорида келтирилган ҳадисда Муҳаммад Мустафо  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган одамларни улуғ фаришталар билан тенглаштирганлар. Машаққат билан ҳижжалаб ўқийдиганларнинг савоби эса икки баробар кўп бўлишини ҳам таъкидлаб ўтганлар.

Қуръон муайян услуб ва қоидалар асосида ўқилади. Аллоҳ таоло:

«Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг», деб марҳамат қилган (Муззаммил, 4).

Қуръон мусулмонлар учун муқаддас китоб, ўхшаши йўқ, тенгсиз бир илоҳий мўъжиза ҳамдир. Бу буюк китобнинг калималари остидаги ўта теран маъно-мазмун борлиги, шунингдек, ҳар қандай инсон Қуръон каримнинг ўта таъсирли оятларини эшитган пайтда, беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши – буларнинг барчаси ушбу улуғ китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш буюк Аллоҳнинг илоҳий сўзи эканига яна бир бор амин бўлади.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифи чоғида Қуръон мусобақасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шунга мувофиқ бу йилги мусобақа ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта, Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат жуда кўп. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.

Мана шундай файзу баракотли кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз қўлларини дуога кўтариб, унинг шукронаси учун яратган Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда, бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, ташкилий ишларга бош бўлиб барча мутасаддилар ва муҳтарам олиму уламоларимиз ҳаққига дуолар қилишмоқда. Кўпнинг дуоси кўл бўлади, деганларидек, иншоаллоҳ, ана шундай хайрли ва фазилатли танловлар ўтаётган юртимизга яхшиликлар уруғи ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон бўлажак.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий Усмонхон Алимов,

2018 йил 15 январь,

Жиззах вилояти Зомин тумани

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4724 times
Tagged under

Янгиликлар

Top