3 май куни Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедрасининг 3-босқич талабаси Фатҳуллоҳ қори Дадаев ўттиз (30) пора Қуръони каримни кафедра устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда Элёржон қори Аҳматқуловларга бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берди.
Фатҳуллоҳ қори соат 6 дан кейин Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, Аср намозигача тўлиқ ўқиб берган. Тошкент Ислом институтининг катта ўқитувчиси Саиджамол домла Масайитов ҳатми Қуръони дуосини қилиб берди.
Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни ёдлашдаги машаққатларини эслар экан, ўзининг отаси Ҳамидуллоҳ Дадаев, илк таълим берган устозлари Нурмуҳаммад домла Нарзуллаев, Баҳром домла Исоқов ҳамда Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга ўзларининг катта хизматларини қўшишган “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Зафар қори Маҳмудов, Аҳмадхон қори Рашидовларга ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириб ўтди.
Қайд этиш керак, аввалроқ Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни 58 кун (салкам 2 ой)да ёдлай олгани ҳақида хабар берган эдик.