muslim.uz

muslim.uz

jeudi, 16 février 2017 00:00

Асмо бинти Язид

Саҳобия аёллар

Асмо бинти Язид ансорий аёллардан бўлиб, кучли иймон, сабр, шижоат, ақл эгаси эди. Унда ҳотирлаш, таъсирчан гапириш, чиройли ўқиш қобиляти мужассам эди. У бизга Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларидаги қиссаларни ўзига ҳос усул билан етказиб берганлардан биридир.

Ибн Ҳожар бундай дейди: “Асмо бинти Язид ибн Саккон ибн Рофеъ ибн Имриул Қайс ансорлардан бўлиб авс қабиласнинг ашҳал уруғидандир. “Умму Омир” ва “Умму Салам” кунялари бор.

Асмонинг Қурон карим оятларини, ҳадиси шарифни ўрганиншга ўта моҳир эди.

Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалар даврасида ўтирганларида Асмо бинти Язид ҳузурларига келди ва: “Ота, онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳни элчиси! Аёллар номидан келдим. Улар сўзимни мақуллашди. Аллоҳ таоло сизни эркак аёлга пайғамбар қилган. Биз аёллар ҳомиладор бўламиз. Эркаклар жамоат намозларида иштирок этишади, ҳамда Аллоҳ йўлида сафарга чиқиш билан даражалари юксалади. Қачон сафарга кетишса, биз уларни болаларини ва молларни қўриқлаймиз. Айтинг-чи, савобда улар билан тенг бўламизми?”  деб сўради. Шунда Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга “Дини ҳақида яҳши савол берган аёлларнинг сўзини эшитдингизми? – дедилар. Сўнгра яна Асмога юзланиб: “Эй Асмо ортингдаги аёлларга билдир, улардан қайси бири эрига яхши хотин бўлса, унинг розилигини истаб яхшиликларига эргашса, барча савобда эри билан тенг шерик бўлади” деб марҳамат қилдилар.

Асмо бинти Язид (разияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилади: “Бир куни тенгдош аёллар орасида турган эдим. Ёнимиздан Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) ўтиб қолдилар. Бизларга салом бериб: “Куфрони неъмат қилишдан сақланинглар”, дедилар. Сўрашга журатлироғи мен эдим. “Эй Расулуллоҳ, куфрони неъмат нима?” деб сўрадим. У зот марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирингиз  ота-онаси билан яшайди. Сўнгра Аллоҳ таоло унга эр берса, эридан фарзанд ато қилса, у ғазабланади. Ҳатто унга: “Мен сендан ҳеч яхшилик кўрмадим” дейди. Бу воқеа аёлларга Пайғамбаримиз тарбияларининг бир кўриниши эди.

Амр ибн Қатода (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) энг биринчи байъат берган аёллар Умму Саид, Кабашата бинти Рофе Умму Омир (Асмо) бинти Язид ибн Саккон ва Ҳаво бинти Язид ибн Саккондир”.

Асмо биринчи байъат қилганидан фахрланиб: “Мен Расулуллоҳга байъат қилган аёлларнинг биринчисиман”, дер эди.

Асмо бинти Язид ишларни ишонч ва диққат билан ўрганар эди. Оиша                  (разияллоҳу анҳо) мақтаб: “Ансор аёллар қандай ҳам яхшидир, динни ўрганишда ҳаёлари уларни  (масала) сўрашдан тўсиб қолмади ”, деганларида Асмо бинти Язид каби аёлларни назарда тутганлари шубҳасиз.

Саҳийлик ансорларнинг олий сифати эди. Асмо бинти Язид ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) уйимизга ташриф буюрганларида: “Бу уйларда қандай яхшилик бор, бу арсорларнинг яхшилигидир”, деб марҳамат қилдилар.

Асмо бинти Язид яна шундай фазилатлари боис Расулулллоҳнинг ҳурматларини қозонди. Ҳудайбиядаги дарахт остида Асмо Ризвон байъатини берган эди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам): “дарахт остида байъат берганлардан ҳеч бири дўзахга кирмайди”, деганлар.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

jeudi, 16 février 2017 00:00

Она дуоси

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар). (Таҳрим 6)

Ҳикоя қилинишича, кунлардан бир куни тариқат ва каромат соҳиби Шайх Ҳиравийнинг ҳузурига бир кекса аёл қўлида мактуб билан кириб келди. Мактубда “марҳамат қилиб ўғлимни ҳидоят топиши учун Аллоҳ таолога дуо қилиб берсангиз, чунки у ёмон ишларни қилиб юрибди”, деб ёзилган эди. Шунда Шайх: “ота-онасининг дуоси ислоҳ қилмасдан, шайхнинг дуосига муҳтож бўладиган боланинг ҳолига вой бўлсин. Бундай болага шайхнинг дуоси фақатгина жазони зиёда қилади”, дедилар. Сўнгра эй онахон, сиз бориб бу кеча намоз ўқинг ва ортидан ўғлингизни ҳидоят топишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилинг, дедилар. Онахон кетди ва шайхнинг айтганларини қилди. Аммо ўғлида бирор ўзгариш кўрмади, у ўша-ўша ичкилигу ёмон ишларини қилишда давом этарди. Онахон яна шайхнинг ёнига қайтди ва ўзгариш бўлмаганини айтиб йиғлаб, шундай деди: “уни жуда яхши кўраман, уни ўйлаб юрагим эзилиб кетмоқда, қилмишлари туфайли қиёмат кунида дўзахга гирифтор бўлишидан қўрқаман, мен унинг фироқига чидай олмайман. Ҳазрат унга дуо ва насиҳат қилинг, унга бу азоблардан халос бўладиган йўлни кўрсатинг, мен ортиқ чидай олмайман”. У ўзини йиғидан тўхтата олмасдан бу гапларини қайта-қайта такрорларди. Шайхнинг унга раҳми келди ва у ҳам йиғлаб маҳзун бўлди.  Сўнгра унга: “эй онажон, яна бу кеча ҳам жойнамозни ёзинг, Аллоҳ ҳузурида тоат билан туринг, тазарруъ билан дуо қилинг, мен ҳам шундай қиламан, шояд Аллоҳ унга тавбани насиб қилса”, деди. Онахон уйига кетди ва ибодатда қоим бўлди ва йиғлаб: “Аллоҳим, боламга ҳидоят бергин, Аллоҳим, боламни бадбахт қилмагин”, дея муножот қилди. Шайх ҳам уйида худди шундай дуо қилиб турарди. Бу пайтда онахоннинг ўғли маст, қўлида қадаҳ, ароқхўрлик билан машғул эди. Шу аснода қўлидаги қадаҳдан: агар бу кеча онангни рози қилмасанг, кофир бўлиб ўлгин, деган овозни эшитди. У буни эшитиб қўлидаги қадаҳни улоқтирди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Сўнг ўрнидан туриб йиғлаганча уйига кетди. У ҳали ҳам маст эди. Онахон ўғлини кўриб: вой ўғилгинам, вой кўзимнинг оқу-қораси дея йиғларди. Ўғил онасининг йиғисини эшитиб, ўзини онасининг оёқлари остига ташлади Она йиғлаб боласини қучоғига олди. Шунда бола қалбининг туб-тубидан чиқариб: Ё Аллоҳ, деди-ю ҳушдан кетиб йиқилди. Шу ётишда тонг отганда ҳам ўзига келмади. Онахон тинмай йиғларди, сўнг у ўрнидан туриб яна шайх ёнига келди, унга ўғлининг ҳолатини гапириб берди. Шайх унга: ўғлингизни бир уловга юкланг ва уни Каъбага олиб боринг, шояд, Байтуллоҳнинг баракоти билан ўзига келса,  қайтишда эса Лубнон тоғи орқали қайтинг, деди. Сўнгра онахон ўғлини бир уловнинг устига ортиб Каъбага олиб борди. Кейин  Лубнан тоғи орқали қайтди. Онахон у ерда қўлларида ичида маййити бор тобутни олиб туришган олти кишини кўрди. Онахон улардан: “бу қандай тобут”, деб сўради. Улар: бу шайхимизнинг тобути, у зот вафот этдилар, биз эса жаноза ўқиб берадиган имомни кутиб ўтирибмиз, уни ўзимизга шайх қилиб оламиз, у шайхимиз ўринларига ўтиради, дейишди. Онахон таажжубланиб: “ким у имом?”, деб сўради. Улар: ўғлингиз, чунки у дуоингиз сабабли валийлар даражасига эришди, дейишди. Шу пайт онахоннинг ўғли ўзига келиб, уловдан тушди ва таҳорат олди. Сўнг жаноза намозини ўқишга киришиб: “Аллоҳу акбар” деган эди, санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражадаги кўпчиликнинг “Аллоҳу акбар” деганларини эшитди. Уларнинг овозларини эшитди-ю, бироқ ўзларини кўра олмади. Намоз ўқиб бўлишгач: онажон боринг, энди кўришиш қиёматга қолди, деди. Онахоннинг ўғли ҳам, унинг ёнидаги ҳалиги олти киши ҳам шу ерда қолди. Онахон ақл ҳушидан айрилгандек йиғлаб ҳайрон бўлиб қолди.

Боласи иймонидан  ажралиб қолиш хавфини қилган кишининг ҳолати шу даражада бўлса, иймондан Исломдан ажралиб қолиш хавфидаги кишининг ҳолати қай даражада бўлар экан? Эй Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан бизларни ўлим чоғида ҳам, ҳаётда ҳам Исломда, иймонда собитқадам қилгин, эй меҳрибонлар меҳрибони. 

ЎМИ кутубхонаси

Буюк Британияда асаб касалликларини даволашнинг янги методи ишлаб чиқилди. Бу методнинг асоси диндир.

Лидс университети олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, тушкунлик ҳолатидаги ёки ёмон ўй фикрларга кўмилиб қолган хасталарни даволашда дин беқиёс самара беради.

Асаб хасталикларига чалинган мусулмон кишилар ўзларини ёмон ҳис этаётганлари учун бунинг сабабини қайсидир ноқобил амаллари туфайли Аллоҳни ғазабини қўзғаб қўйганман, деб ўйлайдилар. Бу эса ўз навбатида вазиятни оғирлаштиради. Агар шу пайтда даволаш усулига диний кишиларнинг суҳбати қўшилса бу даволашга самара беради.

Моҳира Зуфарова

тайёрлади.

Китоб барчамизни эзгуликка ундайдиган, олдимизда турган барча муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган кучдир. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни қадрлаб, кўз қорачиғидек асраганларни зиёли деб атаганлар. Зиёли–нур тарқатувчи, у ўзининг хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчилар ҳисобланган.

Ана шундай улуғ мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан Тошкент ислом институти ва барча ўрта махсус ислом билим юртлари Ахборот ресурс марказларига талабалар фойдаланишлари учун жами 83 турдаги 2582 дона бадиий ҳамда чет эл адабиётларининг билим юртларида тақдимот маросимлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 11 февраль куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида ҳам талабалар ва ўқитувчилар учун тақдимот маросими ўтказилди.

"Китобхонлик ва мутолаа маданияти” номли китоб тақдимотини ўтказишдан кўзланган мақсад – ёшларимиз тўғри келган китобни эмас, айнан бизнинг миллатимиз руҳига мос, қалбларга маънавий озиқ, бойлик берадиган асарларни ўқишларини тарғиб этишдир. Чунки ҳозирги глобаллашув жараёнида бизнинг маънавий илдизларимизга болта уриш, “оммавий маданият”, диний экстремизм, диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилувчи китоблар ҳам ҳар хил йўллар билан четдан мамлакатимизга олиб келинаётир. Демак, ўқиладиган асарни танлай билиш ҳам санъат. Ўсиб келаётган ёшлар онгида ана шундай санъатни, тўғрироғи, маънавий иммунитетни шакллантиришимиз ва мустаҳкамлашдан иборат. Шу орқали ўқитувчи ва талабаларимизнинг китоб ўқишга, китобга ва уни мутолаа қилишга қизиқишини орттириш каби улуғ мақсадлар ўрин олган.

 

Саламат Кудайбергенов,

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”

ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

mercredi, 15 février 2017 00:00

Икки хил тарбия

Зайд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилаганлар: “Ота-она  ўз боласига  гўзал одобдан  афзал совға бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).      

Яқинда  телеканалларимиздан бирида “Тафаккур эҳтиёжи” номли ҳужжатли фильм   намойиш этилди. Фильмда аянчли воқеалар тасвирланган: бир ўзбек аёли хорижда бошқа бир юртдоши  –  ўзбек қизини  сотиб юборгани,  хорижга  пул  ишлайман  деб кетиб жангариларга қўшилиб  қолган  ёш йигитлар ҳақида ҳикоя қилинади.    

Бир лавҳада   20-25 ёшлардаги  йигитнинг  хорижга ишлашга кетгани  ва   жангариларга қўшилиб қолгани  ҳақида  ҳикоя қилинади.   Отаси  ҳам хорижда. Онанинг кўз ёшлари тинмаяпти, амакиси  йиғилганлар олдида  сўзга чиқди. Шу амаки жигарининг фарзандини  қанотига олиб ўз фарзандлари қаторида   тарбиялаши, тўғри  йўлга солиши мумкин эди-ку?!

Айниқса, бир онанинг  ўғли хорижда жангариларга қўшилиб кетган  бошқа бир онага қарата айтган сўзлари юракларни ларзага солди. Онаизор кўзларида ёш билан  шундай деди: “Менинг ўғлим ҳарбий эди. Юртимиз чегара ҳудудида хизмат вазифасини ўташ пайтида террорчиларнинг минасига  учраб, боламнинг танаси тилка-пора бўлиб сочилиб кетган.   Фарзандимнинг танасидан    бир ҳовуч кул қолди. Шу кулни кўмдик. Сиз буни тушунасизми? Сиз  вояга етказган   Ватан хоини кабиларни  деб   ота-оналар не-не орзу-умидлар  билан катта қилган фарзандларидан  айрилди”.

Йиғилганлар қаршисида икки она юзма-юз турибди. Бири  –   юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган  фарзанднинг  волидаи муҳтарамаси, яна бири  эса, ўғлининг Ватанга хиёнат қилганлигидан  қалби вайрон, юзи қора бўлган она...

Баъзилар  ёшларимизнинг  қабиҳ  йўлларга кириб кетишида ота-она, маҳалла, таълим тизимини   айблайди. Албатта,     боланинг  камолга етиши, баркамол инсон бўлиб етишишида   оила муҳитининг таъсири катта.  Бугунги кунда ёшлар ва болалар компьютер ёки қўл телефонлари  орқали   турли  сайтларга кириб,   оқибатда   ёт оқимларнинг домига тушиб қолиши мумкин. Агар фарзандларимизнинг    турли оқимларга қарши  курашчанлик  иммунитетини шакллантирсак, улар ҳеч қачон  ғараз мақсадли  кишилар  домига тушмайди.  Бунинг учун, ҳар бир ота-она   фарзандининг  нима билан қизиқаётгани, ким билан дўстлашаётганидан бохабар бўлиши,  ва албатта юқоридаги ҳадиси  шарифда келтирилганидек, фарзандига гўзал одоб бериши  лозим.  

            Шу билан биргаликда, фарзандларимизни  виртуал  қарамликдан халос этиб,  китоб билан ошно қилишимиз зарур.  Китоб мутолаа қилган,  тафаккури кенг инсон  ҳеч қачон  ёт ғояларга алданмайди.

 

М.Абдуллаева, ЎМИ мутахассиси 

Янгиликлар

Top