muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади;

 

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ

 

Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир.(Фотир сураси, 29-30оятлар)

 

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ

 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар. (Бу ҳадисни Имом Бухорий ўзларининг Қуръондан кейин иккинчи ўринда турадиган “Саҳиҳи Бухорий” китобларида келтирган.)

 

وعن عائشة رضي الله عنها قالت قال رسول الله (صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم): الَّذِي يَقْرَأُ القُرْآنَ وَهُوَ مَاهِرٌ بِهِ مَعَ السَّفَرَةِ الكِرَامِ البَرَرَةِ ، وَالَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَيَتَتَعْتَعُ فِيهِ وَهُوَ عَلَيْهِ شَاقٌّ لَهُ أجْرَانِ رواه البخاري وأبو الحسين مسلم بن مسلم القشيري النيسابوري في صحيحهما

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

 

وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ , قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم: مَثَلُ الْمُؤمِنِ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ الأُتْرُجَّةِ، رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا طَيِّبٌ؛ وَمَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِي لاَ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ التَّمْرَةِ، لاَ رِيحَ لَهَا وَطَعْمُهَا حُلْوٌ؛ وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ، مَثَلُ الرَّيْحَانَةِ، رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطعْمُهَا مُرٌّ؛ وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي لاَ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ الْحَنْظَلَةِ، لَيْسَ لَهَا رِيحٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ رواه البخاري ومسلم

 

Абу Мусо Ашъарий[1]розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа[2] кабидир, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин ўхшаши ҳурмо кабидир, унинг таъми ширин бўлиб, ҳиди бўлмайди, Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг ўхшаши райҳон кабидир, ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши эса ҳанзала[3]кабидир, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

 

وعن عمر بن الخطاب رضي الله عنه أن النبي صلي الله عليه وسلم قال: إنّ الله تعالى يَرْفَعُ بهذا الكَتابِ أقْواماً ويَضَعُ بِهِ آخَرِينَ رواه مسلم

 

Умар[4]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)

 

عن أَبي أُمَامَةَ - رضي الله عنه - قال : سَمِعْتُ رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقول: اقْرَؤُوا القُرْآنَ ؛ فَإنَّهُ يَأتِي يَوْمَ القِيَامَةِ شَفِيعاً لأَصْحَابِهِ . رواه مسلم

 

Абу Умома Боҳилий[5]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)

 

وَعَن ابْن عمر رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما عَن النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ: لاَ حَسَدَ إِلاّ فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللّهُ الْقُرْآنَ. فَهُوَ يَقُومُ بِهِ آنَاءَ اللّيْلِ. وَآنَاءَ النّهَارِ وَرَجُلٌ آتَاهُ اللّهُ مَالاً. فَهُوَ يُنْفِقُهُ آنَاءَ اللّيْلِ وَآنَاءَ النّهَارِ رواه البخاري ومسلم

 

 

 

Ибн Умар[6]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)

 

عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: مَنْ قَرَأَ حَرْفاً مِنْ كِتَابِ الله فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لاَ أَقُولُ الم حَرْفٌ ، وَلكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ ، وَلاَمٌ حَرْفٌ ، وَمِيمٌ حَرْفٌ رواه أبو عيسى محمد بن عيسى الترمذي

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд[7]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар. (Термизий ривояти.)

 

وعن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه وسلم: قال يَقُولُ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِى عَنْ مَسْأَلَتِى أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِى السَّائِلِينَ وَفَضْلُ كَلاَمِ اللَّهِ عَلَى سَائِرِ الْكَلاَمِ كَفَضْلِ اللَّهِ عَلَى خَلْقِهِ رواه الترمذي

 

Абу Саъид Худрий[8]розияллоҳу анҳуданРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир”. (Термизий ривояти.)

 

وعن ابن عباس رضي الله عنهما قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: إنَّ الَذِي لَيْسَ فِي جَوْفِهِ شَيْءٌ مِن الْقُرآنِ كَالْبَيْتِ الْخَرْبِ رواه الترمذي

 

 

 

Ибн Аббос[9]розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир”, деб марҳамат қилдилар.(Термизий ривояти.)

 

وعن عبد الله بن عمرو بن العاص رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه وسلم: قال يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ اقْرَأْ وَارْقَ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَؤُهَا رواه أبو داود والترمذي والنسائي

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос[10]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Қуръонни ёдлаган қорига (қиёмат куни) “Ўқи, кўтарил ва дунёда тиловат қилганингдек тиловат қил. Сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир”, деб айтилади”. (Термизий ва Насоий ривояти.)

 

وعن معاذ بن أنس رضي الله عنه أن رسول الله صلي الله عليه وسلم : قال مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِأَلْبَسَ اللَّهُ وَالِدَيْهِتَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ ضَوْؤُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِى بُيُوتِ الدُّنْيَا فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِى عَمِلَ بِهَذَا. رواه أبو داود

 

 

 

Муоз ибн Анас[11]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг ота-онаСега тож кийдиради. Унинг нури дунё уйларидаги қуёш нуридан кўра ёрқинроқдир. Бунга амал қилган инсон ҳақида гумонинг қандай?”. (Абу Довуд ривояти.)

 

وروى الدارمي بإسناده أن عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه وسلم : قال اِقْرَؤُوا الْقُرْآنَ فَإنَّ اللهَ تَعَالَى لَا يُعَذِّبُ قَلْبًا وَعَي الْقُرْآنَ وإنَّ هَذَا الْقُرْآنً مَأْدُبَةُ اللهِ فَمَنْ دَخَلَ فِيهِ فَهُوَ آمِنٌ وَمَنْ أحَبَّ الْقُرْآنَفَلْيُبْشِرْ

 

 

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, деб марҳамат қилдилар. (Доримий ривояти.)

 

Абдулҳамид ибн Ҳаммоний[12] айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан[13]: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот:  “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир” деб жавоб бердилар”.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов 

"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби 

Тошкент ислом институти кафедра мудири

 

  

[1]Абу Мусо Ашъарий- Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Сулайм. Улуғ саҳобий. Умар розияллоҳу анҳу у зотни Басра шаҳрига волий этиб тайинлаган. Басра аҳлига таълим бериб, динни ўргатган. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида Кўфага волий бўлган. Буюк қори саҳобий, Сиффийн жангида бўлган ҳакамлардан бири. Ибн Маданий айтади: “Бу умматнинг қозилари тўрттадир. Улар: Умар, Али, Абу Мусо ва Зайд ибн Собит”.

 

[2]Утружжа - ёввойи  рудасимонларга мансуб хушбўй, лимонсимон ўсимлик бўлиб, унинг меваси русчада “цитрон” дейилади.

 

[3]Ҳанзала – қовоқсимонлар оиласига мансубтаъми аччиқ полиз экини бўлиб, унинг меваси русчада “колоцинт” дейилади.

 

[4]Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Рабоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт Қураший Адавий. У ислом тарихида рошид (тўғри йўлдаги) ҳалифаларнинг иккинчиси, жаннат башорот қилинган ўн саҳобанинг бири, Расулуллоҳнинг қайнотаси. Ҳижрий 23-йил, 63-ёшида вафот этган. Қабри муборак “равзада”, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрнинг ёнларида жойлашган.

 

[5]Абу Умома Боҳилий – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилган саҳобийлардан бири. Пайғамбаримиз бу зотни ўз қавмларига элчи қилиб юборганлар ва қавмининг барчаси бу инсон сабабли иймонга келган.

 

[6]Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл Қураший, куняси Абу Абдураҳмон. Пайғамбарликнинг иккинчи йили дунёга келган. Ўн бир ёшида Мадинага кўчиб ўтган. Кўп ҳадис ривоят қилган саҳабийлардан ҳисобланади. Ҳижрий 74-йил Маккада вафот этган охирги саҳобийдир.

 

[7]Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб, куняси Абу Абдураҳмон. “Умматнинг фақиҳи” деган унвон соҳиби, Қуръони каримни Маккада биринчи бўлиб ошкора тиловат қилган улуғ саҳобий. Бадр ва ундан кейинги маъракаларда қатнашган. Ҳижрий 32-йилда Мадинада вафот этган.

 

[8]Саъд ибн Молик ибн Санон ибн Убайд Ансорий Хазражий. Куняси Абу Саъид. Ризвон байаъатида қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадисларни ривоят қилган. Ҳижрий 74-йили вафотэтган.

 

[9]Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларини ўғли. “Қуръон таржимони” лақабини олганмашҳур саҳобий. Ҳижрий 68-йил Тоифда вафот этган.

 

[10]Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибн Воил ибн Ҳишом Қураший Саҳмий. Кунияси Абу Муҳаммад.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўп ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорийдан 69-ҳижрий йилда вафот этганликлари ҳақида ривоят келган.

 

[11]Муоз ибн Анас Жуҳаний. Ансорларнинг иттифоқдоши. Миср ва Шомда яшаган саҳобийлардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилган. Абудулмалик ибн Марвоннинг халифалик давригача яшаган.

 

[12]Абдулҳамид ибн Абдураҳмон Ҳаммоний Куфий, куняси Абу Яҳё. Лақаби Башмин.  Ҳижрий 202-йил вафот этган.

 

[13]Суфён ибн Саид Саврий, куняси Абу Абдуллоҳ. Ҳадис илмида “мўминларнинг амири” деган лақаб олган. Ҳижрий 161-йилда Басрада вафот этган.

  1. Саҳар пайти ва Бомдод намозидан сал олдинроқдаги таҳажжуд вақти;

 

  1. Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунича бўлган вақт;

 

  1. Шом ва Хуфтон намозлари орасидаги вақт;

 

  1. Уйқуга ётишдан олдинги аниқ бир вақт.

 

Киши ухлаётган пайтда ҳам ақли уни банд қилиб қўйган бошқа ишлар билан машғул бўлиб туради. Шунга кўра Қуръон ёдлаётган талаба уйқуга ётганидан кейин ҳам ухлагунича хотирасида оятларни доимий такрорлаб туради. Уйқудан турганида эса унинг тили беихтиёр олдин ёдлаган оятларини такрорлаётганини ҳис этади.

 

Агар киши уйқудан уйғониб, туришга имкон топса,таҳажжуд вақтида, тура олмаса, Бомдод намозидан кейин эрта тонгда ўша дарсни китобга қараб ёки ёддан камида ўн беш марта қайтарса, уни ажойиб бир тезликда ёдлаб олганигагувоҳ бўлади.

 

Тана дам олиб, зеҳн турли ўй-хаёллар ва бошқа чалғитувчи нарсалардан фориғ бўлиб турган бир пайтда ақлнинг бундай катта ютуққа эришиши унинг доимий ҳаракати маҳсули бўлса, Расулуллоҳ алайҳиссалом бир ҳадисларида баён қилган барака ҳам бунга сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда шундай баён қилинган:

 

اَللَّهُمَّ بَارِكْ لأُمَّتِى فِى بُكُورِهَا

 

«Аллоҳим, умматимнинг эрта тонгда қилган ишларига барака бергин».

 

Абу Довуд, Термизий, Насаий ва бошқалар ривоят қилганлар.

 

Талаба Бомдод намозидан сўнг масжиддан чиқиб кетишга шошилмасдан, қуёш чиққанидан кейин ишроқ намозини ўқишга ҳаракат қилсин. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилган:

 

عن أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ صَلَّى الْغَدَاةَ فِي جَمَاعَةٍ ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللَّهَ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ كَانَتْ لَهُ كَأَجْرِ حَجَّةٍ وَعُمْرَةٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَامَّةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ رَوَاهُ التِرْمِذِى

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра то қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнгра икки ракъат намоз ўқиса, унга бир ҳаж ва бир умранинг савобичалик савоб берилади».

 

Анас ибн Молик айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ»,дедилар».(Термизий ривояти)

 

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтганлар:

 

أَفَلَا يَغْدُو أَحَدُكُمْ إِلَى الْمَسْجِدِ فَيَعْلَمُ أَوْ يَقْرَأُ آيَتَيْنِ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ خَيْرٌ لَهُ مِنْ نَاقَتَيْنِ وَثَلَاثٌ خَيْرٌ لَهُ مِنْ ثَلَاثٍ وَأَرْبَعٌ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَرْبَعٍ وَمِنْ أَعْدَادِهِنَّ مِنْ الْإِبِلِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

 

«Сизлардан бирортангиз эрталаб масжидга бормайдими, Аллоҳ таолонинг Китобидан икки оятни ўрганади ёки ўқийди. Шундай қилиши унинг учун икки туядан яхшироқдир, уч оятни ўрганса ёки ўқиса, уч туядан яхшироқдир, тўрт оятни ўрганса ёки ўқиса, тўрт туядан ва ундан бошқа кўплаб туялардан яхшироқдир». (Муслим ривояти)

 

Ушбу ҳадисда масжиднинг эрталабки ҳавоси у ерда туриб, ажр-савоб олишдан ташқари, ўқиш ва ёдлаш учун ҳам энг яхши жой эканига ишора қилинган.

Бир киши ҳузурига аёли кирганида намоз ўқишни бошлабди. Тонг отиб кетибди, лекин у аёлига қиё ҳам боқмабди. Бу иши ҳақида маломат қилинганида, у киши: «Мен эр кишининг аҳли унинг ҳузурига кирганда ўқиладиган икки ракъат суннат намозини ўқишга турган эдим. Лекин Қуръоннинг ажойиблигига берилиб, аёлимни ҳам унутиб қўйибман», деган экан.

 

Жоҳиз айтади: «Аллоҳ таоло Ўз Китобини араблар ўз гапларини жумла ва фаслларга ажратиб атаган номларининг акси билан номлади. Яъни улар гапларини «девон» деб номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло Ўз Каломини «Қуръон» деб номлади. Аллоҳ таоло унинг айрим бўлагини «сура» деб номлади, улар эса шундай бўлакни «қасида» деб номлашган. Улар ўз гапларининг бир бўлагини «байт» деб аташса, Аллоҳ таоло суранинг бир бўлагини «оят» деб номлади. Аллоҳ таоло суралар охиридаги мослашувни «фосила» деб номлади, улар бундай ҳолатни «қофия» деб номлашарди».

 

Аллоҳ таолонинг иккитагина оятида ҳижоия ҳарфларининг 29 таси ҳам жамланган. Улар: «Оли Имрон» сурасининг 154-ояти, ва «Фатҳ» сурасининг 29-ояти.

 

Қуръони карим 30 порадан иборат. Унинг суралари сони 114та. Қуръон суралари 6236 оятни ўз ичига олади. Атонинг фикрига кўра Қуръони карим 77439та сўздан ташкил топган. Ибн Аббоснинг сўзларига қараганда, Қуръонда 323671та ҳарф қатнашган. Унда 8804та замма ҳаракати, 53242та фатҳа ҳаракати, шунингдек, 39582та касра аломати, 1771та мад – чўзиш белгиси, 1252та ташдид аломати, 134550та нуқта ишлатилган.

 

Қуръони каримда «Қуръон» лафзи 68та ўринда келган.

 

Ҳарф эътиборидан Қуръони каримнинг тенг ярми «Каҳф» сурасининг 19-оятида келган وَلْيَتَلَطَّفсўзининг охиридаги «фе» ҳарфи, деб белгиланган.

 

Шунингдек, сўз эътиборидан Қуръони каримнинг тенг ярми «Ҳаж» сурасининг 20-оятидагиوَالْجُلُودُ сўзи экани аниқланган.

 

Оятлар эътиборидан эса Қуръони каримнинг тенг ярми فَأَلْقَى مُوسَى عَصَاهُ فَإِذَا هِيَ تَلْقَفُ مَا يَأْفِكُونَ«Шуаро» сурасининг 45-оятидир.

 

Шунингдек, суралар ҳисобига кўра Қуръоннинг тенг ярми «Ҳадид» сурасининг охирига тўғри келади.

 

Қуръондаги энг катта сура – Бақара сураси.

 

Қуръондаги энг кичик сура – Кавсар сураси.

 

Қуръондаги энг узун оят – Бақара сурасининг 282 ояти (Қарз ояти).

 

Қуръондаги энг узун калима فَأَسْقَيْنَاكُمُوهُ  Ҳижр сураси 22 ояти.

 

Қуръони каримда ح ҳарфи фақатгина иккита жойда кетма-кет келади: عُقْدَةَ النِّكَاحِ حَتَّى Бақара сураси 235 оят, لَا أَبْرَحُ حَتَّى Каҳф 60 оят.

 

Қуръони каримда ك ҳарфи фақатгина иккита жойда кетма-кет келади: مَنَاسِكَكُمْ  Бақара сураси 200 оят, مَا سَلَكَكُمْ Муддассир 42 оят.

 

Қуръони каримда غ ҳарфи кетма-кетма ҳолда фақатгина битта жойда келади: وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِОли Имрон сураси 85 оят.         

 

Қуръони каримда энг кўп марта ك ҳарфи иштирок этган сура Бақара сурасининг 282 ояти бўлиб, унда 23 марта такрорланган.

 

غ  ҳарфи билан бошланган оятлар иккита бўлиб, улар: Ғофир сурасининг 3-ояти билан, Рум сурасининг 2-ояти.

 

ظ ҳарфи билан фақатгина Рум сурасининг 41-ояти бошланади.

 

Охирида икки пайғамбарнинг исми келган сура бу Аъло сурасидир.

 

Аввалида икки мевани зикри келган сура бу Тин сурасидир.

 

Ҳар бир оятида Лафзи жалола бўлган сура Мужодала сураси.

 

Лафзи жалола Қуръони каримда 980 марта зикр қилинган.

 

Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муҳаммад исмлари Қуръонда 4 маротаба зикр қилинган.

 

Қуръонда энг кўп зикр қилинган пайғамбар бу Мусо алайҳиссаллом.

 

Қуръонда саҳобалардан фақатгина Зайд ибн Ҳорисанинг исмлари зикр қилинган.

 

Қуръонда фақатгина бир аёлни исми зикр қилинган. У ҳам бўлса Марям онамиз.

 У зот шандай деди: «Бир куни тунда саҳар вақтига яқин йўл бўйидаги хонамда «Тоҳа» сурасини ўқир эдим. Тугатиб бўлгач, енгил мудроқ босди. Шунда осмондан бир инсон тушди, қўлида бир саҳифа. У кўзимнинг олдида саҳифани очган эди, қарасам, «Тоҳа» сураси. Ундаги битта калимадан бошқа ҳамма калиманинг остига ўнта ҳасанот битиб қўйилган. Мен ўша битта калиманинг ости ўчирилган ҳолда, унинг остида ҳеч нарса йўқлигини кўриб: «Аллоҳга қасамки, бу калимани ҳам ўқидим, нега савобини кўрмаяпман?» дедим. Шунда у инсон: «Тўғри, сен ўқидинг, биз савоб ёзган эдик. Бироқ Арш томонидан бир нидо қилувчининг «Унинг савобини ўчиринглар!» деган нидосини эшитиб, уни ўчирдик», деди. Мен уйқумда йиғлаб: «Нега бундай қилдингиз?» деб сўрадим. У: «Бир киши ўтиб кетаётган эди, у сабабли шу калимада овозингни кўтардинг, натижада савоби кетди», деди».

Чиройли овозда қироат қиладиган инсонлардан тиловат эшитиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва улуғ инсонлар, обидлар ва Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларининг одатидир. Бунинг мустаҳаб ишлардан эканлигига иттифоқ бўлган.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келган саҳиҳ ривоятда у киши шундай дейди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Ё Росулаллоҳ, мен сизга қироат қилиб бераманми, ваҳоланки у сизга нозил бўлганку?”, дедим. Шунда У зот: “Мен Қуръонни ўзимдан бошқадан эшитишни яхши кўраман”, дедилар. Мен Нисо сурасини ўқиб,

 فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلَاءِ شَهِيدًا

 “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!”(Нисо сураси, 41-оят.)оятига келганимда у зот: “Ҳозир кифоя қилади”, дедилар. Ўгирилиб қарасам кўзлари ёшга тўлган эди”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

 Доримий ва бошқалар ўз санади билан ривоят қилади: Абу Мусо Ашъарийрозияллоҳу анҳуга Умар ибн Хаттоброзияллоҳу анҳу: “Бизга Роббимизни эслатгин”, дер эдилар. Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳузурларида қироат қилиб берарди.

 Баъзи солиҳ инсонлар бошқаларнинг қироатлари сабаб оламдан кўз юмганликлари ривоят қилинади.

 Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтиладиган ўринда аввалида ҳам, тамом бўлганида ҳам бир овози чиройли қорининг қироат қилишини мустаҳаб санаганлар.

 Қуръон тиловат қилувчи инсон мажлисга муносиб ва лойиқ жойдан қироат қилиши ва унинг қироати хавфу-ражо, панду-насиҳат, дунёда парҳезкор бўлиш, охиратга тарғиб қилувчи, унга таёргарлик кўриш, орзу ҳавасни камайтириш ва ҳусни хулққа далолат қилувчи оятларни тиловат қилиши мақсадга мувофиқ.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов 

"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби 

 Тошкент ислом институти кафедра мудири

Янгиликлар

Top