muslim.uz

muslim.uz

Середа, 16 Январь 2019 00:00

Тавбам қабул бўлсин десангиз...

Инсон хатодан холи эмас. Ҳар биримиз турли гуноҳларни содир этганмиз.

Бу гуноҳларимизни Аллоҳ таоло кечириб юбориши учун битта шарти бор – тавба қилиш!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифлардан бирида “Одам боласининг ҳар бири хато қилувчилардир. Хато қилувчиларнинг яхшиси эса кўп тавба қилувчилардир” деганлар.

Банда астойдил тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради.

Хўш, тавба нима?

Тавба – гуноҳлардан қайтиш, Аллоҳ таоло сари юзланишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

 

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса” (Таҳрим сураси, 8-оят).

Банданинг тавбаси қабул бўлиши учун унинг бир неча шартлари бор.

Уламоларимиз тавба ҳақида гапирганларида, агар гуноҳ Аллоҳнинг ҳаққига тегишли бўлса, 3 та шарти борлигини, агар банданинг ҳаққига тегишли бўлса, 4-шарти ҳам бўлишини айтишган.

  1. Гуноҳдан узилиш.

Банданинг тавбаси ҳақиқий тавба бўлиши учун у қилаётган гуноҳини тўхтатиб, ундан узилиши керак. Ароқ ичиб туриб, “Ўзинг кечиргин!” деса, бу тавба бўлмайди. Аввал ароқни идиши билан бирга дарҳол ташлаб юборади. Оғзидагини туфлаб ташлайди. Оғзини яхшилаб ювади. Бу ишни тўхтатади. Шу билан 1-шарт бажарилган бўлади.

  1. Надомат қилиш.

“Роббим, ароқни ҳаром қилган эдинг. Мен бандалигим, лойдан яратилганим ғолиб келиб, нафсимнинг сўзига кириб, шу ишни қилиб қўйдим. Аслида бу қилган хатойимга ўзим ҳам рози эмасман. Ҳаромлигини эътироф этаман. Бу гуноҳни енгил санаб қилаётганим йўқ! Қилган ишимдан афсусдаман! Гуноҳимни кечиргин! Ҳузурингда пушаймонман, хижолатдаман” деб, надомат қилади.

Пулимизни ўғри ўғирлаб кетса, қанчалик сиқиламиз. Дунёимиздан озгина мато кетганига қанчалик афсусланиш бўлади. Каттароқ корхона раҳбарининг иши орқага кетиб, корхонаси банкротга учраса, юборган маҳсулотлари ўтмай қолса, улар қандай аҳволга тушиши ҳаммага маълум.

Гуноҳ эса охиратимизга тегишли нарсадир. Бунинг салбий таъсири дунёда ҳам сезилса-да, асосан охиратда азобга сабаб бўлади.

Демак, гуноҳ қилган одамнинг сиқилиши молидан айрилганникидан кўп ва кучли бўлиши керак. Яъни банда гуноҳ қилганида, унинг қалбида ўша гуноҳдан хурсанд бўлиш ҳолати бўлмаслиги, аксинча, сиқилиш, афсусланиш, пушаймонлик ҳолати бўлиши керак. Шу билан 2-шарт бажарилган бўлади.  

  1. Гуноҳга ҳеч қачон қайтмаслик.

“Аллоҳ таоло бу гуноҳдан, масалан, ароқ ичишдан бандаларини қайтарганми, мен шу гуноҳдан тавба қилдимми, энди унга умуман бошқа қайтмайман! Қайтиб ароқ ичмайман!” дейиш керак.

Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтсак.

Шароит бўлмаганлиги учун гуноҳга қайтмаслик ҳақиқий тавба ҳисобланмайди. Агар пули бўлганда, яна зинога кетадиган, пули йўқлиги учун зинога бормаётган, зино қилмаётган одам зинодан тавба қилган ҳисобланмайди.

Ўғри одам оёғи синиб қолгани учун ўғрилик қилмаётган бўлса, агар оёғи тузалганда яна ўғрилик қилиш кайфияти бўлса, бу одам ҳали ўғрилик гуноҳидан ҳақиқий тавба қилган саналмайди.

Булар ҳар қандай шароитда бўлишларидан қатъи назар, чин кўнгилдан тавба қилиб, олдинги гуноҳларига бошқа қайтмасалар, ўшанда ҳақиқий тавба қилган бўладилар.

Инсон гуноҳ қилишнинг шароитлари бўлса-да, Аллоҳдан қўрқиб, Унинг розилигини кўзлаб, гуноҳга қайта қўл урмаса, мана шу ҳақиқий тавба ҳисобланади.

Ҳа, гуноҳдан тийилиш фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши керак. Дунёнинг бирор моли илинжида, кимнингдир ишончига кириш мақсадида, кимдандир мақтов эшитиш умидида қилинган тавба чинакам тавба ҳисобланмайди.

Банданинг ҳаққига тегишли гуноҳда мана бу шарт ҳам қўшилади:

  1. Ҳақларни эгасига қайтариш ва уни рози қилиш.

Агар бир инсондан қарзга пул олган бўлсангиз, шу пулни эгасига қайтаришингиз шарт.

“Эй Роббим, банданг Аҳмаджондан юз минг сўм қарз олгандим. Ҳали беролмадим. Ўзинг кечир!” десангиз, бу тавба эмас. Балки ўша Аҳмаджоннинг олдига борасиз, “Дўстим, мана бу 100 минг сўм пул. Мендан рози бўлинг” дейсиз. Ёки “Дўстим, сендан олган қарзимни узиш учун пул топа олмадим. Имконинг бўлса, қарзнинг ҳаммасини ёки ярмини кеч! Пул топяпман, аммо тирикчиликдан, рўзғордан ортмаяпти. Сенинг розилигингни олгани келдим” деб, ундан розилик сўрайсиз. Агар Аллоҳ таоло Аҳмаджоннинг дилига солса, қалби юмшаб, “Хўп, дўстим. Қарзингдан кечдим. Сендан розиман” деса, мана шунда 4-шартни ҳам бажарган бўласиз.

 Аллоҳ таоло мана шу тарзда тавба қилган бандаларининг гуноҳларини кечиради.  

Бу тавбанинг номи “насуҳ тавба” дейилиб, бу ҳақида юқоридаги оятда келди. Аллоҳ таоло ўша оятда мана шундай тавба қилганларнинг гуноҳларини кечириб, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритишини эълон қилди.  

Шунинг учун азизлар, биз ҳам ҳаракат қилайлик! Тавба ва истиғфорга машғул бўлайлик! Тилларимиз доим Аллоҳнинг зикри билан, хусусан, истиғфор билан машғул бўлсин!     

Аллоҳ таоло тавбаларимиз насуҳ бўлишини, истиғфорларимиз ҳақиқий бўлишини насиб этсин, омин! 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Сенинг бировга қизиғинг бўлмаса ҳам, ота-онангга қизиғинг бор.

Барча томошабинлар сендан юз ўгирса ҳам, ота-онанг ёнингда туриб, барчанинг ўрнини босади.

*****

Агар орзуларингни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилмасанг, биров сендан ўзининг орзуларини рўёбга чиқаришда фойдаланади.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Тушларинг ҳақиқатга айланишини истасанг, бунинг учун қиладиган биринчи ишинг — уйғонишингдир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Қоронғудан қўрқадиган ёш болани кечириш мумкин. Аммо нурдан, ёруғликдан қўрқадиган одамларни кечириб бўлмайди.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Ҳақиқий дўст – ҳамма сендан узоқлашаётган пайтда сен тарафга қараб юрган кишидир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Агар фақирлик ва жоҳилликка қарши курашмасак, куни келиб камбағаллар ва жоҳиллар билан курашишга тўғри келади.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Сен ҳар қанча солиҳ шахс бўлсанг ҳам, одамлар сенга ўзларининг характерлари ва ҳожатларидан келиб чиқиб баҳо беришади.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

***** 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Ўтган куни Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳрида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти уламолар, таниқли ватандошлар ва талаба-ёшлар иштирокида тақдимот қилинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Тақдимотда “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши, хайрия ишлари ва янги лойиҳалари ҳақида Фонд раҳбари Искандар Халиловнинг маърузаси тингланди, ўн дақиқали видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, Фонд фаолиятига бағишланган баннерлар, истиқболли лойиҳалар альбоми, буклетлар тарқатилди.
Саудия Арабистонидаги ватандошлар Фонд томонидан амалга оширилган ишлардан жуда ҳам мамнун эканликларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди. Берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилган ватандошларимиз бундай қулайликлар ажиб бир гўзал иш бўлганини билдирдилар.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг Саудия Арабистонидаги учрашув ва мулоқотларини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги бош консулхонаси яқиндан кўмак бергани учун миннатдорлик билдирамиз.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилояти сафари мобайнида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида имом-хатиблар, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ва Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш, бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор неъматларига муносиб шукроналик бўлишини айтиб ўтдилар.
Учрашувда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Маҳмуджон Умрзоқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулло Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 15 Январь 2019 00:00

Азалий алоқалар янги босқичда

Чекка қишлоқлардаги одамлар ҳам: “Энди имом-домлаларимиз Мисрда малака оширар эканлар”, деб севиниб юрибди.  Ҳа, имом домла Мисрга борса, сизга нима? десангиз, ранжийди. Нега? Чунки биз илмпарвар халқмиз. Имомларимиз ўша ёқларга бориб илмини зиёда қилиб қайтса, билганларини бизга ҳам ўргатар, биз ўрганмасак, болаларимиз ўрганар дея яхши ниятлар қиламиз ва уларнинг хорижга бориб, ўша ёқлардаги илм чашмаларидан баҳра олиб келишларидан беҳад қувонамиз.

Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб,  Миср мамлакати ва  у ердаги таълим тизими ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида унчалик кўп билмайдиган юртдошларимизга қисқача маълумот беришни ният қилдик.

Миср Араб Республикасининг аҳолиси 2017 йилда 94,8 миллион кишига етди, деб хабар беради статистика ва мобилизация давлат қўмитаси раҳбари Абу Бакр ал-Ҳиндининг сўзларига асосланиб, «РИА Новости».

Бундан ташқари, 9,4 миллион нафар мисрлик хорижда: Араб мамлакатлари, Германия, Австралия, Канада ва бошқа давлатларда истиқомат қиладилар. “Мисрликлар европоид ирқига мансуб. Диндорлари – сунний мусулмонлар. Араб қабилалари Мисрга милоддан аввалги 1-минг йилликда кириб келишган. Мисрни VII асрда Араб халифалиги эгаллагач, арабларнинг маҳаллий копт (қибтий), барбар ва бошқа аҳоли билан аралашуви натижасида миср араблари шаклланган. Мамлакат аҳолиси деққончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик (заргарлик яхши ривожланган) билан шуғулланади.

Мисрни VII асрда мусулмонлар истило қилганидан кейин ислом диний мактаблари кўплаб очила бошлади. Х асрда Ал-Азҳар мусулмон университетига асос солинди. Дастлабки дунёвий ўқув юртлари XIX асрнинг  иккинчи ярмида пайдо бўлди.

Олий таълим тизимига университет, институт ва тўрт йиллик коллежлар киради. Тўлиқсиз олий маълумот берадиган икки йиллик техника инстутлари ҳам бор. Мамлакатдаги 14 та университетнинг энг йириклари: Қоҳира, Айн уш-Шамс, Искандария университетлари, Қоҳирадаги Америка университети, Ал-Азҳар университети. Энг йирик институтлари: Ал-Мансура ва Қоҳирадаги политехника институтлари, Асвондаги индустриал институт ва бошқалар.

Йирик кутубхоналари: Қоҳирадаги Миллий кутубхона (1870), Миср институтининг    кутубхонаси (1859), Қоқирадаги Миллий мажлис кутубхонаси (1924), Қоҳира университети кутубхонаси (1908), Искандария университети кутубхонаси (1942), Қоҳирадаги Ҳулвон университети кутубхонаси, Искандариядаги Муниципал кутубхона (1892).

Илмий муассасалари: Қоҳирадаги Миср институти (1798) қошидаги илмий тадқиқот маркази ва Технология академияси (1971, таркибидаги илмий тадқиқот маркази, Атом энергияси маркази, Металлургия марказий тадқиқот институти, Океанография ва балиқшунослик илмий тадқиқот институти, Астрономия институти, Нефть тадқиқот институти, Ахборот ва ҳужжатлаштириш миллий маркази мавжуд). Қоҳирада Педагогик тадқиқотлари миллий маркази, Ал-Жизада Араб тили академияси, Қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази ва бошқалар бор.

Ўзбекистан – Миср муносабатлари. 1992 йил январида Миср расмий делегациясининг Ўзбекистонга ва 1992 ййилнинг декабрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Мисрга ташрифи вақтида иккала мамлакатнинг турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш муддаолари тасдикланиб, уларга аниклик киритилди. 2000 йилгача мамлакатлар ўртасида 10та икки томонлама ҳужжат имзоланди. ЎзР билан Миср ўртасидаги муносабат ва ҳамкорлик асослари, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорлик, авиация қатнови ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик, Тошкент шарқшунослик институти билан Мисрнинг Ал-Азҳар университети ўртасида фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистон ва Миср ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисидаги битимлар шу ҳужжатларнинг энг муҳимларидир.

Кейинги йилларда эса икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи натижасида Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро салмоқли ҳужжатлар имзоланди” (ЎзМЭдан жузъий таҳрирлар билан олинди).

2018 йилнинг октябрь ойида Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланишига сабаб бўлди.

Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-23 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида борган Ўзбекистон делегацияси ишчи ташрифи куни кеча ниҳоясига етди.

Ўзбекистон делегацияси Қоҳирада мамлакатнинг Мисрдаги элчихонаси ҳамкорлигида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг бошланғич ва ўрта таълим бўйича бошқармаси бошлиғи Шайх Али ал-Халилий, Ал-Азҳар шайхи маслаҳатчиси профессор Абдураҳмон Мусо ҳамда Ал-Азҳар ректори, профессор Муҳаммад Маҳрасовий билан учрашди.

Учрашувда Ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум лойиҳаси муҳокама қилиниб, Ал-Азҳар ва Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Келишувга мувофиқ, Ал-Азҳар университети ҳар йили ўзбекистонлик 25 нафар талаба учун грант ажратади. Шундан 20 нафар бакалавр босқичи учун, 5 нафари эса магистратура босқичи учун ажратилиши белгиланди.

Сафар чоғида муфтий ҳазратнинг “Хилтон” меҳмонхонасида ўзбекистонлик талаблар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбат қилганлари, уларнинг илмлари, уларни қизиқтирган масалаларга алоҳида эътибор қаратганлари мусофир юртда толиби илмлик машаққатини тортиб юрган ёшларимизни жуда ҳам мамнун қилди. Айни чоқда Мисрда 150дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ал-Азҳар университетида Миср уламолари, шайхлари ва талабалари олдида араб тилида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон замини қадим маданият ўчоқларидан бири экани, Мусулмон Ренессанси ҳисобланган Ўрта асрлар ва ундан кейинги даврларда ушбу заминдан етишиб чиққан мутафаккирларнинг Ислом илми ривожига қўшган ҳиссаларини дунё жамоатчилиги тан олганига атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Бинобарин, юртимизда меҳмон бўлган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари бундай деган эдилар: “...Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман”.

Муфтий ҳазрат ўз нутқи якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан бутун олам аҳлини ҳамжиҳатликка, илму маърифат устуворлиги борасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини изҳор этдилар.

Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ал-Азҳар университети номидан Шайх Солиҳ Аббос ўртасида “Йўл харитаси” имзоланди. Шунга биноан, ҳар йили Ўзбекистондаги масжидларда меҳнат қилаётган имомларнинг йигирматаси Мисрдаги икки ойлик малака ошириш курсларида малака оширади.  Уларга Ал-Азҳар университети шайхлари, таниқли уламолар ва етук олимлар дарс ўтади.

Курс сўнгида имомларга қироат, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) берилади.

Мисрлик олимлар якдиллик билан БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани тарихий воқеа бўлгани ва бу резолюция ташаббускори Ўзбекистон Президенти бўлганини эътироф этмоқдалар. Зеро, бундай ташаббусни маърифатпарварлик ва диний бағрикенглик ҳар доим амалда бўлиб келган юртнинг раҳбари илгари суришида ўзига хос ҳикмат бор. Илло, ана шу иккиси бўлса, тинчлик, хотиржамлик бўлади, илму фан, маданият ва санъат гуллаб-яшнайди. уйлар хурсандчиликка, кўнгиллар шодликка тўлади.  Энг муҳими, ҳамма ҳаммани яхши кўради. Шунинг ўзи улуғ саодат эмасми!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Top