muslim.uz

muslim.uz

Анас ибн Молик ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганимизда, у зот кулдилар, ҳатто тишлари кўринди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулаллоҳ, ота-онам фидойингиз бўлсин, нима сабабдан кулдингиз?”, деб сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Қиёмат куни) умматимдан икки киши Роббул-изза (Аллоҳ) таборак ва таолонинг ҳузурида тиз чўкадилар. Улардан бири: “Роббим, биродаримдан ҳақимни олиб бер”, дейди. Аллоҳ таоло (иккинчи кишига): “Биродарингга ҳақини бер”, дейди. У: “Роббим, биронта ҳам савобим қолмади”, деганида, биринчиси: “Роббим! Унақада, гуноҳларимни олсин”, дейди.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, ҳатто кўзларидан ёш оқди. Сўнг: “Албатта, бу улуғ кундир. Одамлар ўзларининг гуноҳларини бўйнига оладиган кишиларга муҳтож бўладиган кундир”, дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло биринчи кишига: “Бошингни кўтар ва жаннат боғларига қара”, дейди. У бошини кўтариб: “Роббим, кумуш шаҳарларни, марваридга тўла олтин қасрларни кўряпман. Бу қайси пайғамбарники? Ё қайси сиддиқники? Ё қайси шаҳидники?”, деб сўрайди. Аллоҳ таоло: “Бу (ўша жаннатнинг) ҳақини берган кишиники”, дейди. У: “Роббим, бунинг ҳақини ким ҳам бера олади?”, деганида, Аллоҳ таоло: “Сен бера оласан”, дейди. У: “Қандай қилиб, Роббим?”, деса, Аллоҳ таоло: “Биродарингни афв этиб”, дейди. У: “Роббим, мен уни афв этдим”, дейди. Аллоҳ таоло: “(Энди,) биродарингнинг қўлидан ушлаб, уни ҳам жаннатга олиб кир”, деб марҳамат қилади.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ қилинглар! Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат куни мўмин бандаларининг ораларини ислоҳ қилади”, деб буюрдилар.

(Имом Байҳақий, “Ал-баъс”; Ибн Асокир, “Муъжамуш-шуюх” (1/324); Ҳофиз Абу Яъло Мувсилий, “Ал-муснад”; Хатиб Бағдодий, “Тарихи Бағдод” (4/245); Ибн Абуд-дунё, “Ҳуснуз-зонни биллаҳ” (116); Хароитий, “Макоримул ахлоқ”; Ироқий, “Ал-муғний”; Забидий, “Итҳофус-содатил-муттақийн” (6/267); Имом Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас-саҳиҳайн” (4/576)да ривоят қилиб, “Исноди саҳиҳ”, деган. Абдул Азим Мунзирий “Ат-тарғиб ват-тарҳиб” (3/309)да ва ҳофиз Қасталоний “Ал-мавоҳибул-ладунийя бил-минаҳил-Муҳаммадийя” (3/660)да Ҳокимнинг гапини тасдиқлашган).

Абдул Азим Зиёуддин

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

 *****

Ким бир инсоннинг хурсанд, бахтли бўлишига сабаб бўлса, ўзи ҳам, инша Аллоҳ, бахтли бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кўзи ожиз киши дарёдан сув ичиш учун уйидан чиқди. Чиқар экан, йўлини ёритиш учун қўлига чироқ кўтариб олди. Йўлда бир одам уни кўриб қолди ва «Нега чироқ кўтариб олдингиз? Барибир, бунинг сизга фойдаси йўқ-ку!» деб сўради. Шунда кўзи ожиз киши «Чироқни кўзи очиқлар менга урилиб кетмасликлари учун кўтариб олдим» дея жавоб берди.

*****

Бошқаларнинг қўлидаги нарсага қарама. Тағин ўз қўлингдаги нарса ёқмай қолмасин.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Оғир лаҳзаларда ким сенинг йиқилмаслигингни қаттиқ хоҳлашини ҳам, ким сенинг йиқилишингни жимгина томоша қилиб туришини ҳам кўрасан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қулликдан озод бўлиш учун курашадиганлар бор. Қуллик шартларини яхшилашни талаб қиладиганлар бор.

Мустафо Маҳмуд

*****

Баъзилар ўзининг заковати сабабли муваффақиятга эришади. Баъзилар бошқаларнинг аҳмоқлиги ҳисобига муваффақиятга эришади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Пулинг кўп бўлса, ўзингни танимай қоласан. Пулинг йўқ бўлса, сени биров танимай қолади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сохта дўст сояга ўхшайди. Қуёш остида юрганимда, ортимдан юради. Қоронғу жойга, соя жойга ўтиб олсам, йўқолиб қолади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Россия Федерацияси Ҳаж миссияси вакиллари жорий йилда Саудия Арабистонининг Риёз шаҳрига ташриф буюрдилар. Ушбу ташриф доирасида Саудия Ҳаж вазирлигида учрашув ташкил этилди.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад 2019 йил учун Россия мусулмонлари учун Ҳаж квоталарини белгилаш эканлиги айтиб ўтилган.

ТАСС агентлигига делегация вакилларидан бирининг берган хабарига кўра, россияликлар учун Ҳаж квотаси 2018 йилги кўринишда қолдирилган. Бунда 2019 йилда 20,5 минг нафар зиёратчи Ҳаж зиёратини амалга оширади. Россия томони Ҳаж квотасини беш минг кишига ошириш таклифи билан чиққан ва бунда Россия учун квота 25,5 минг ўринни ташкил этиши таклиф қилинган.

Islam-today интернет нашрининг маълум қилишича яқин вақт ичида 20,5 минг кишилик квота Россия Федерацияси минтақалари ўртасида тақсимланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган ресторан маъмурияти исроф билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш мақсадида янги лойиҳага қўл урди.

Gulou Hotpot номли ресторан Дубайнинг Ал БАшра туманида жойлашган бўлиб, озиқ-овқат қолдиқларини исроф қилмасликни мақсад қилган. Бунда ўз таомини охиригача емасдан, қолдирган меҳмондан қўшимча 50 дирҳам (13.7 АҚШ доллари) тўлаши талаб қилинади.

Ресторан маъмурларининг айтишича, бундан қўшимча тўловлар кишиларни исроф қилмасликка, ўз нафсларини жиловлаш ҳамда ейишлари мумкин бўлган миқдордаги овқатга буюртма беришни ўйлаб кўришга мажбур қилади.

Ушбу "жарима" 49 дирҳамдан ортиқ нархдаги чекланмаган миқдордаги овқат ва ичимликларга икки соат ичида амал қилади.

Ресторан менюсида шўрва, гўшт, балиқ, тофу, сабзавотлар, лағмон ва ширинликлар чекланмаган миқдорда тақдим этилади. Меҳмонлар буюртма қилган овқатларини барчасини ея олмасалар қўшимча тўловни тўлашлари керак бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top