
muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Ҳатто шамоллар келиб узр сўраган тақдирда ҳам, шох синганича қолаверади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Отаси альцгеймер касаллиги билан оғриди. Ўғлидан:
— Отанг ўзи сени унинг ўғли эканингни биладими, эсидами? деб сўрашди. Шунда у:
— Бу муҳим эмас. Муҳими мен ҳалиям унинг ўғли эканимни биламан, деб жавоб берди.
Маълумот учун айтамизки, альцгеймер касаллиги билан оғриган одам хотирасидан айрилиб, ҳатто ўзининг кимлигини ҳам эслолмайди.
*****
Инсон ҳар қанча гўзал бўлмасин, агар хулқи, характери чатоқ бўлса, чиройи кўзга кўринмай қолади.
*****
Ёмон ўртоқ чивинга ўхшайди. Унинг ёмонлигини сени чақиб кетганидан кейин биласан.
Мустафо Манфулутий
*****
Қайси бир шахс илм ўрганишдан тўхтаса, у хоҳ йигирма ёш бўлсин, хоҳ саксон ёш бўлсин, ожиз, қари кишидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳеч ким зулматни босиб ўтмай туриб тонгга ета олмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Қийинчилик пайтида сабр синалади.
- Тортишув пайтида ақл синалади.
- Оғир вазиятларда одамлар синалади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Университетда баъзи фанларнинг имтиҳонида йиқилдим. Ўшанда бир дўстим ҳамма фанлардан муваффақиятли ўтган эди. Ҳозир у Майкрософт компаниясида муҳандис (инженер) бўлиб ишлаяпти. Мен эса ўша компаниянинг раҳбариман.
Билл Гейтс
*****
Сени ўлдирган киши деб фақат ўқ отиб ўлдирганни эмас, балки орзу-умидларингни ўлдирганни ҳам айтилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кек сақлаш – муваффақиятсизликнинг энг охирги босқичидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳатто шамоллар келиб узр сўраган тақдирда ҳам, шох синганича қолаверади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сукут – нафратнинг энг афзал таъбиридир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ишинг ўнгидан келганда дўстларинг сенинг кимлигингни билишади. Ишинг орқага кетганда сен ўзинг дўстларинг кимлигини биласан.
Иброҳим Фақий
*****
Донишмандлар, ақллилар жим тураверса, аҳмоқлар кўпайиб кетади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Пул, мол сенга ҳақиқий дўстларни эмас, балки кўплаб “маданиятли” (яъни душманлигини сездирмайдиган) душманларни жалб этади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Узлат, холи қолиш иккиюзламачиларнинг шовқин-суронидан афзалдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар бир-бирларига ўзларидаги мавжуд нуқсон миқдорича азият берадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Уйингдаги муаммо сенинг ўзингга хос муаммодир. Гапиришдаги одобинг эса суҳбатдошларингнинг сендаги ҳаққидир. Ўзингнинг шахсий муаммоларинг ва ички изтиробларингни бошқалар билан қилаётган муомалангга аралаштирма!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар билан бўладиган илк муомалалардаги ўзини намунали тутишларга алданма. Математика фани ҳам ранг-баранг олмаларни ва ёнғоқларни бир-бирига қўшиш ва айиришдан бошланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бошқаларга зиё улашган, аммо ўзини ёндириб, эритган шам каби бўлма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Жиззахда семинар
2018 йил 12-13 декабр кунлари Жиззах вилоят драма театри биносида вилоятдаги барча имом-хатиблар ва отинойилар иштирокида семинар ўтказилди.
Унда йил давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни халқ орасида ўз вақтида етказиш, тўй ва турли оилавий тадбирларни ихчам, камчиқимли қилиб ўтказиш, оилавий ажрим, ҳуқуқбузарлик ва бошқа турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда имом-хатиблар ва отинойиларнинг зиммасига катта вазифалар юкланди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Э.Исматов, вилоят бош имом-хатиби М.Жабборовлар йиғилганларга йил давомида бажарилган ва бажарилиши лозим булган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Тадбирда “ҲАЁТ” деб номланган ватанпарварликни мадҳ этувчи бадиий фильм намойиш этилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ш.Рашидов, Ҳ.Олимжон ва Зулфияхоним музийига саёҳат уюштирилди.
13 декабр куни семинар ўз ишини театр биносида давом эттирди. Семинардан сўнг “Ройсонг” заводига саёҳат уюштирилди.
Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари 29-сонли меҳрибонлик уйига совға-саломлар билан ташриф буюришди.
Учрашувда болажонларга келажакда ўқимишли, касб-ҳунарли, Ватан тинчлиги ривожига катта ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб етишишларига тилак билдирилди.
Вилоят бош имом хатиби М.Жабборов, шаҳар бош отинойиси А.Мамаюсупова, Ш.Рашидов тумани бош отинойиси С.Абдулаҳадовалар болажонларни бағриларига босиб, уларнинг қалбларида бир умрга муҳрланиб қолувчи илиқ сўзлар билан кўнгилларини кўтардилар.
Тадбир ва у билан боғлиқ жараёнлар телевидение-радио орқали ёзиб олинди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Билим юртида тингловчиларга сертификат топширилди
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан, муқаддас Динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилинмоқда.
Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус Ислом таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда Араб тили пуллик ўқув курслар ташкил этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг иккинчи давра тингловчилари ўқув машғулотларини тўлиқ тамомлади.
Жорий йилнинг 10 декбрь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.
Қорақалпоғистон Мусулмонлари Қозиёти матбуот хизмати
Келинларга ўгитлар
Ҳар бир амал ниятга боғлиқ бўлади. Келин бўлиш бўсағасида турган қизларимизга ўгитларимиз бор.
Сиз ота-онангизни хонадонидан бошқа бир хонадонга келинлик либосида кириб борар экансиз, остонаданоқ ниятни гўзал қилинг. ”Аллоҳим, ҳақиқий уйимнинг эгалари қалбимдан жой олишсин. Мендан хурсанд бўлиб, ҳар ишимдан миннатдор бўлишсин”,- деб ният қилинг ва шу ниятга яраша ўзингиз ҳам харакатда бўлинг.
Аввало қаноатли бўлинг, чеҳрангиз очиқ, сўзлаганда мулойим бўлинг. Ҳар бир ҳолатингизга шукр қилинг. Шуни эсдан чиқармангки, бундан ёмони ҳам бўлиши мумкин. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир.
Келин ҳеч қачон насаби-ю, бойлиги, гўзаллиги билан мағрурланмаслиги, оилада бўладиган нохуш гап-сўзларни ота-онасига етказавермаслиги керак. Бу билан аввало ота-онасини ташвишга солса, бошқа томондан икки қуда орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.
Аёл эрига итоатли бўлиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Хотинларнинг энг яхшиси қараганингда кўзингни қувонтирадиган, буюрганингда итоат этадиган, йўқлигингда иффатини ҳамда молингни сен учун асраган аёлдир” (Ибн Аби Ҳотим ривояти).
Эрининг қариндоши ва яқинларини ҳурмат қилган аёл албатта эрининг эътиборини қозонади.
Кейинги вақтларда келинларимиз орасида “Аёл эрининг розилигига етишса бўлди, бошқаларнинг хизматини қилиш шарт эмас”, деб йўл тутаётган ёшларимизнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолдир
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар”.
“Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала cураси 7-8 оятлар).
Иккита ака-ука маҳалладаги деворлари нураб, томидан чакка ўтиб ётган бир хонадонни таъмирлаб, кексаларнинг дуосига мушарраф бўлишди. Бу саховатли инсонларнинг онаси бир вақтлар қайнонаси оғир хаста бўлганида оқ ювиб, оқ тараган, пиёладаги чойини меҳр билан узатган келинлардан эди. Қайнонаси: “Фарзандларингизни роҳатини кўринг” деб, кўп дуо қилар эдилар. Ҳозирги вақтда шу келиннинг ҳам икки келини бўлиб, қайнонасининг хизматида. Қайнонасининг дуоси ўтиб, иккала ўғил ҳам инсонларга фойдаси тегадиган саховатпеша инсонлар бўлиб етишган.
“Қайтар дунё” деб бежизга айтишмаган. Бугун сиз қайнота ва қайнонангизни кўнглини олиб, дуода юрибсизми, иншааллоҳ фарзандларингиз сизни ҳам роҳатга қўяди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида: “Ёшларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлмаган, кексалар ҳаққини ва ҳурматини риоя қилмаганлар бизлардан эмас” - деб марҳамат қилган эканлар.
Яхши амалларни ўзи қилиб, бошқаларга ўргатишлик - улуғ устозлик. Аллоҳ таоло ҳар бир қайнонага яхши устоз бўлишни, ҳар бир келинга келгусида яхши қайнона бўлишни насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира АБУБАКИРОВА