muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 11-14 декабрь кунлари Фарғона вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Халқаро Ислом академияси докторантлари ва Дин ишлари бўйича қўмита ходимларидан иборат мутахассислар таркиби олиб бордилар. Дастур асосида маърузалар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ўқув-семинар долзарб мавзуларга бой савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди.

Отинойиларимизнинг келгуси фаолиятларида бу ўқишларнинг самараси, албатта, кўринади. Улар кўрсатилаётган эътибордан янаям руҳланиб, муҳтарам юртбошимизга, муфтий ҳазратларига ва барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Келгусида Ватан тараққиёти, жамиятимиз ва диний-маьрифий соҳада ўз куч ва салоҳиятларини аямасликларини таъкидладилар. 

 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понеділок, 17 декабрь 2018 00:00

Аллоҳ билан бўлган савдо

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтадилар:

“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида бир воқеа содир бўлди. Одамларга қаҳатчилик етди. Вазият оғирлашгач, улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бордилар ва:

“Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари, осмондан ёмғир ёғмай қўйди, ердан гиёҳ ўсмай қўйди, одамлар ҳалокат ёқасига келиб қолишди, бирор чора кўрасизми?” дейишди. У зот:

“Боринглар, сабр қилинглар, умид қиламанки, шояд Аллоҳ таоло кун кеч бўлмасидан туриб мушкулларингизни осон қилса!” дедилар.

Қуёш ботай деганда Мадинада “Усмон ибн Аффоннинг карвони Шомдан етиб келди” деган хабар тарқалди. Карвон Мадинага кириб келгач, одамлар уни кутиб олдилар. Қарашса, у карвон буғдой, ёғ ва майиз ортилган мингта туядан иборат экан. Туялар Усмон розияллоҳу анҳунинг уйлари олдида чўктирилди. Кейин юклар у кишининг ҳовлиларига олиб кирилди.

Шундан сўнг савдогарлар кела бошлашди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу улардан:

“Нима истайсизлар?” деб сўрадилар. Улар:

“Нима исташимизни биласиз-ку! Олиб келган нарсаларингизни бизга сотинг! Бу ашёларга одамларнинг эҳтиёжи борлигини ўзингиз яхши биласиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Хўп бўлади, бажонидил. Мен олиб келган нарсаларни қанча фойдасига сотиб олмоқчисизлар?” деб сўрадилар. Улар:

“Ҳар бир маҳсулотни икки дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Менга бундан кўпроқ ҳам берилди” дедилар. Улар:

“Тўрт дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Бундан ҳам кўпроқ берилди” дедилар. Улар:

“Хўп, беш дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу яна:

“Бундан ҳам кўпроқ берилди” дедилар. Савдогарлар ҳайрон бўлиб:

“Мадинада биздан бошқа савдогарлар бўлмаса, биз ҳаммадан олдин уйингизга етиб келган бўлсак, сизга ким биз бергандан кўпроқ берди?” деб сўрашди. Шунда буюк саҳобий:

“Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳам учун ўн дирҳам берди. Сизлар бундан ҳам кўпроқ бера оласизларми?” дедилар. Улар:

“Йўқ” дейишди. Бу гапни эшитган Усмон розияллоҳу анҳу:

“Мен бу карвондаги ҳамма нарсани Аллоҳнинг розилиги учун мусулмонларнинг мискину фақирларига садақа қилдим” дедилар.

Шундай қилиб Мадинада ўша карвондаги моллардан ўзи ва оиласи учун етарлича нарса олмаган бирорта ҳам фақир қолмади”. 

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва

солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар

ҳаётидан минг бир қисса” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

2018 йил 16 декабрь куни Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланганлар учун тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ходимлари, Тошкент шаҳар ҳокимияти ходимаси Дилбар Аҳмедова ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланганлардан иборат 223 нафар тингловчи иштирок этди.

Тадбирда тингловчиларнинг истакларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова томонидан  “Макка ва Мадинага зиёрат” мавзусида слайд кўргазмали маъруза қилинди. Слайдлар билан олиб борилган маъруза тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Чунки эшитиш имконидан маҳрум бўлган бу иноснларда слайдларни кўриб Макка шаҳри, Каъба тарихи, Ҳажарул асвад ва Кисва, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган Мадина шаҳри, Масжидун Набавий ва Бақиъ қабристони ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди.

Тадбир сўнгида суҳбатга янги келган 20 нафар эшитиш ва гапириш имкони суст инсонларга “Намоз”, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” китоблари ҳадя қилинди. 

 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жамиятимизда шундай инсонлар борки улар ўзгалар ёрдамига мухтождир. Бу инсонларга ёрдам қўлини чўзиш эса, инсонийлик қадриятларимиздан бири ҳисобланади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг Моида сураси, 2-оятида “Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларингизга ёрдам берингиз!” деб марҳамат қилган.

Шундай экан ҳар бир инсон яхшилик йўлида ўзга бир инсонга намуна бўлиши керак. Анашундай яхшилик қиламан деган инсонга эса, бизнинг мамлакатимизда барча қулай шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16-апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416 сон Фармонига асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Эндиликда эса Республикамизнинг ҳар бир вилоятларида “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиаллари ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан юзлаб хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш.

Жорий йилнинг 14 декабрь, жума куни Республикамизнинг барча масжидларида "Вақф" хайрия жамоат фонди тарғиботига бағишланган маърузалар ташкил этилди.

Жоме масжидларида “Вақф” хайрия жамоат фондининг мақсад ва вазифалари тўғрисида аҳолига кенг тарғибот ишлари ўтказилди.

Барча масжидларда жума намозидан олдин Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим этилган “Вақф –буюк исломий қадрият” мавзусидаги тезис асосида маърузалар қилинди.

Бундан ташқари, барча масжидларнинг кириш қисмиларига “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти акс этган баннерлар жойлаштирилди ҳамда фонднинг асосий вазифалари акс этган 100 минг дона буклетлар намозхонларга тарқатилди.

Ушбу хайрли ишлардан кўзланган мақсад эса аҳолига “Вақф” тушунчасини кенг тарғиб қилиш ва шу асносидан кам таъминланган, ёрдамга мухтож аҳоли қатламига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саҳоватпеша инсонларга тўғри йўл ва кўрсатмалар кўрсатишдан иборат бўлди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 15 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Сирдарё вилоятига етказилди.

Ушбу вилоятда ўтказилган хайрия тадбирлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар ва бошқа зарурий буюмлар муҳтожлар, кам таъминланган оилалар, масжидларга тарқатилди.

Бунда 20 дона ногиронлик аравачаси, 315 метр аёллар газламаси, 500 кг шакар, 500 литр ёғ, 74 дона Росулуллоҳ рамазонда аудио диски, 296 дона китоблар (Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз)) ўрин олган.

Маълумот учун, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 73 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар беғараз тарқатилди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Top