muslim.uz

muslim.uz

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси: 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. 

Қурбонлик вақти келмасдан сўйилган ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди. Қайтадан қурбонлик қилиш шарт бўлиб қолади. 

Масжидни ободонлаштириш учун эҳсон қилиш катта савоб, лекин бу қурбонликни зиммадан соқит қилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий шундай дейдилар: 

“Қурбонликнинг аввалги вақти қурбонлик кунининг субҳи содиқидан (яъни, тонгидан) бошланади. Лекин шаҳар аҳолиси ийд намозини қурбонликдан аввал адо қилиши шарт бўлади” (Ҳозирги пайтда катта қишлоқлар ҳам шаҳар ҳукмида). 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: 

“Ким намоздан аввал (қурбонлик) сўйган бўлса, ўзи учун сўйибди. Ким намоздан кейин сўйган бўлса, унинг қурбонлиги мукаммал бўлибди ва мусулмонларнинг йўлини тутибди” (Имом Бухорий ривояти). 

Демак, қурбонлик вақти жума намози ўқилмайдиган олис қишлоқларда ҳайит куни тонг отгандан бошланса, шаҳар ва жума ўқиладиган катта қишлоқларда ҳайит намозидан кейиндир. Бу вақтдан аввал сўйилган жонлиқнинг пули эҳсон қилинса ҳам қурбонликка ўтмайди ва қайта қурбонлик қилиш шарт бўлади. Валлоҳу аълам. 

Қурбонлик куни фақат бир кун, деган гап ҳам нотўғри. Қурбонликнинг аввалги вақти Қурбон ҳайити куни тонг отгандан бошланади ва яна икки кун давом этади. Охирги кун қуёш ботишигача жонлиқ сўйиш мумкин. Бу ҳақда мўътабар манбаларимиздан бири “Мухтасарул виқоя” китобида шундай дейилади: 

“Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда жонлиқ сўйилса – ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар ундан бошқа (жума ўқилмайдиган қишлоқ) жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди”. 

Мазҳабимизнинг яна бир эътиборли манбаси “Фатавои ҳиндия” китобида бу мавзуда шундай дейилади: 

“Қурбонликнинг вақти – уч кундир. Улар — (Зулҳижжанинг) ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари. Аввалида (қурбонлик қилиш) охиридан кўра афзалдир. Наҳр (яъни, қурбон ҳайити) куни тонг отгандан Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботгунича кундузию кечасида сўйиши жоиз. Лекин тунда сўйиш макруҳ” (“Фатвои ҳиндия”). 

Қурбонлик кунларидаги тунлардан мақсад, Қурбон ҳайити кунидан кейинги икки тундир. Ушбу тунларда сўйишнинг ҳукми ҳақида “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

“Тунда сўйиш жоиз бўлсада, қоронғуда хато қилиш (яъни, бировнинг қурбонлигини сўйиш) эҳтимоли бўлгани учун макруҳдир”. 

Демак, ҳайвон сўйиладиган жой ёруғ бўлиб, адашиш эҳтимоли бўлмаса, тунда сўйишнинг ҳам кароҳияти йўқолади. Бинобарин, кундуз куни қурбонлик қилиш яхшироқ. 

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ҳайит куни ва яна ундан кейинги икки кун давом этади. Бошқача айтсак, уч кун ва улар орасидаги икки тунда қурбонлик қилинади. Ҳайитнинг учинчи куни ҳам қуёш ботгунича сўйиш мумкин. Валлоҳу аълам. 

ЎзА

Савол: Қурбонлик пулини эҳтиёжмандларга садақа қилса бўладими?

Жавоб: Қурбон ҳайити кунлари жонлиқ сўйиш қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қийматидаги маблағни садақа қилишдан афзалдир. Зеро, қурбонлик қилиш суннат, садақа қилиш эса нафл, яъни ихтиёрийдир.

Савол: Қизим учун ақиқа қилмоқчи эдим. Қурбон ҳайити куни ҳам қурбонликка, ҳам ақиқага ният қилиб қўй сўйсам бўладими?

Жавоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилинг. Қурбонлик – қодир кишиларга вожиб амал, ақиқа эса мустаҳабдир. Қурбонлик қилишда ақиқани қўшиб ният қилиш мумкин. Чунки, бир жинсдаги катта амал ўзининг жинсидаги кичик амални ўз ичига олади.

Савол: Автомобили бор, лекин пули нисобга етмаган инсонга қурбонлик қилиш вожиб бўладими? Машина ҳам нисоб ҳисобланадими?

Жавоб: Инсон ҳожати учун миниб турган машинаси нисобга кирмайди. Битта машинаси бўлиб, бошқа нисоб миқдорида маблағи бўлмаса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Эҳтиёждан ортиқ машина олиб қўйилган бўлса, қурбонликнинг нисобига киради ва қурбонлик вожиб бўлади.

Савол: Мен тижорат билан шуғулланаман ва нисобдан ошган пулим бор шунга қурбонлик сўйишим керакми? Қурбонлик ҳакида маълумотга эга эмасман. Илтимос, қурбонлик қилиш кимларга вожиблиги ва у қандай сўйилишини тушунтириб беринг. Уйда эркак киши бўлмаса, акамни чақириб ва ёллаб сўйдирсам бўладими?

Жавоб: Ҳа, нисобга етадиган миқдордаги маблағга эга киши қурбонлик қилиши вожибдир. Акангизни чақириб қурбонлик қилишингиз жоиз. Қурбонлик учун сўйиладиган жонлиқ айб ва нуқсонлардан холи бўлиши керак. Қурбонлик гўштидан бир қисмини тарқатиб, бир қисмини сақлаб қўйиб, яна бир қисмини эса қавм-қариндош, қўни-қўшниларга пишириб едириш мустаҳабдир.

Савол: Рамазон ҳайити билан Қурбон ҳайити орасидаги фарқ қанча?

Жабов: Рамазон ҳайити шаввол ойининг биринчи куни, Қурбон ҳайити эса зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидир. Шунга кўра, буларнинг ўрталарида чамаси етмиш кунга яқин бўлади.

Савол: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилмоқчи эдик. Жумада имом домла оиласи катта бўлса, гўштнинг ярмини ўзига олиб қолса бўлади, деди. Шу тўғрими? Умуман, оила катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини олиб қолса бўладими?

Жавоб: Қурбонлик қилувчи инсон Аллоҳ таолонинг розилиги учун қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш билан ибодат ҳосил бўлади. Унинг гўштидан фойдаланиш иккинчи масала ҳисобланади. Шунга кўра, сиз сўраганингиздек, катта оилалар қурбонлик гўштининг ҳаммасини ўз оилалари учун олиб қолиши жоиз. Шунингдек, қурбонлик қилувчи ҳайит куни гўштнинг ҳаммасини муҳтож инсонларга тарқатиши ҳам жоиз.

Энг афзали қурбонлик шуки, гўштни уч қисмга бўлиб, бир қисмини тарқатиш, бир қисми ўз оиласи учун олиб қолиш ва яна бир қисмини қариндош-уруғ ва яқинлар билан пиширган ҳолда баҳам кўришдир.

Савол: Менда нисобга етадиган пулим бўлса, қурбонлик қиламанми? Мен Россияда ишлайман у ерда насроний қўшниларим бор. Агар қурбонлик менгаям вожиб бўлса, насроний қўшниларимга қурбонлик гўштидан берсам бўладими?

Жавоб: Қурбонлик ибодатида қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш эътиборлидир. Ҳайвоннинг қони ерга тушиши билан ибодат ҳосил бўлади. Қўшниларларга бериш – эҳсон. Бошқа диндаги қўшниларга берса ҳам бўлади.

Савол: Қурбонликка мол олдик. Тўрт одамга бўлса бўладими ё тоқ бўлиши керакми?

Жавоб: Қурбонликка сўйиладиган молда етти кишигача шерик бўлиш мумкин. Бунда шериклар сони тоқ ёки жуфт бўлиши шарт эмас. Муҳими, шерикларнинг барчаси қурбонликни ният қилиши керак. Агар уларнинг бирортаси гўшт ниятида шерик бўлса, қолганларнинг ҳам қурбонлиги қабул бўлмайди.

Савол: “Ит йилида қурбонлик қилинмайди”, деб эшитганман. Шу гапнинг асоси борми, илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб: Ислом динининг вожиб амалларидан бўлган қурбонликни мучал ҳисоби бўйича ит йилида қилиб бўлмайди, дейиш катта хатодир.

Асрлар оша ўзининг софлиги ва барқарорлиги туфайли эъзоз топиб келаётган муқаддас Ислом динимизни ва унинг аҳкомларини бузиш ёки омманинг ундан юз ўгиришига сабабчи бў­лишнинг оқибати жуда хатарли ва улкан гуноҳ эканини яхши англаб олишимиз керак.

Ҳадиси шарифда: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон айтса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Демак, бу каби уйдирма ва бўҳтонларга эътибор бермаслигимиз лозим.

Савол: Камбағал киши қурбонлик қилиш учун сотиб олган қўйи йўқолиб қолса, унинг ўрнига бошқа бир қурбонлик сотиб олиб, сўйганидан сўнг йўқолган ҳайвон топилиб қолса, нима қилади?

Жавоб: Камбағал кишининг қурбонлик учун сотиб олган қўйи йўқолиб қолгач, яна бошқа қўйни қурбонлик учун сотиб олса, сўнг олдинги қўйи топилиб қолса, икки қўйни ҳам қурбонликка сўйиши лозим. Бой бўлса, фақат биттасини сўяди. Чунки фақир ҳолда ҳамда қурбонлик қилишга мукаллаф бўлмаган киши бир ҳайвонни қурбонлик қилиш ниятида олса, у ҳайвон қурбонликка аталган бўлади. Шу боис фақир кишига иккинчи марта олинган ва йўқолган ҳамда ўғриланган ҳайвон топилса, ҳар иккаласини сўйиш вожиб бўлади.

Бой киши эса, зотан, битта қурбонлик қилишга мукаллафдир. Бир ҳайвонни олиш билан мутлақо уни қурбонлик қилиши шарт эмас. Чунки у ҳайвонни олаётганда махсус ният қилмаган, фақат динимиз кўрсатмасига биноан, зиммасидаги бурчни адо этиш қурбонликка ҳайвон сотиб олган. Хоҳласа, иккинчи марта сотиб олган ҳайвонни, хоҳласа, йўқолиб ёки ўғирланиб, кейин топилган ҳайвонни сўяди (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Биз кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Қурбон ҳайити кунлари ғайридин қўшниларимизга қурбонлик гўштидан берсак бўладими?

Жавоб: Ғайридин кишиларга қурбонлик гўшти ва нафл садақалардан бериш жоиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат килган:
«Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилиингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ғуломига: «“Қўчқорни сўйиб, яҳудий қўшнига насиба бергин”, деди. Бир соат вақт ўтгач, яна деди: “Эй ғулом, агар қўчқорни сўйсанг, яҳудий қўшнимизга насиба бер”. Ғулом: “Яҳудий қўшни бизларга азият беради-ку!” деди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Эй қулоқсиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилаверганларидан қўшни қўшнига меросхўр бўлса керак, деган ўйга бордик”, деди».


Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Неділя, 26 июль 2020 00:00

Муборак ой шукуҳи

Айни пайтда барча дунё мусулмонлари учун ардоқли саналган, Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа кунлари каби кўплаб фазилатларни ўз ичида олган муборак Зулҳижжа ойида турибмиз.

Аллоҳ таоло Ўз каломида Зулҳижжа ойи ҳақида: Ва ўн кунлик билан қасам деб марҳамат қилиб, унинг аввалги ўн кунлиги қадр-қийматини кўтаради. Ушбу ойнинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Ҳақ таоло учун, айниқса, энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти). 

Ушбу ойда тутилган рўза улуғ ажрларга мушарраф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида рўзадор бўлиб, Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!”, дердилар (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).

Ҳозирги таҳликали, бутун дунёга пандемия хавф солиб турган бир пайтда юртимиз мўмин-мусулмонлари Республика махсус комиссиясининг қарори, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмаларига риоя қилиши талаб этилади.

Айни пайтда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлиги ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Чунки ҳар биримизнинг соғлигимиз муҳим ҳисобланади.

 Шу билан бирга, вазият тақазосидан келиб чиқиб, ҳайит намози адо қилинмаса ҳам, байрам шукуҳини сақлаб қолиш мақсади ва ажру савоб умидида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини тирилтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар, икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

 

Ҳанафий фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган “Мажмаъул анҳур” китобида бундай дейилади: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Хулоса ўрнида ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Ҳайит байрамини аҳли оиламиз бағрида, қурбонликларимизни тонг отгандан сўнг қуёш бир терак миқдорида кўтарилганда сўйиб унинг гўштидан ўзимиз, оиламиз ва муҳтож-фақирларга тарқатиб, хайрли дуо ва фазилатли ибодатлар билан ўтказсак, бу балоларни тезроқ юртимиздан даф бўлишини сўраб, дуолар қилсак айни мақсад ҳосил бўлади, иншааллоҳ.

Жалолиддин САБУРОВ,

Когон тумани бош имом-хатиби

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ушбу байрамни карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш борасида вазифалар белгиланди.

Бу йил Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги, нафл намозини ўқиш тартиби ва бошқа вожиб амаллар ҳақида ЎзА мухбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВсўзлаб берди.

– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мана шундай айём кунларига етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Фазилатли кунларда Аллоҳдан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллигидан Ўзи ҳимоя қилишини тилаб дуолар қиламиз.

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз бир тану, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан курашмоқда.

“Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорда белгиланган муҳим вазифалар Қурбон ҳайитининг юртимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлмоқда.

Ушбу айём кунларида бугунги синовли даврни эътиборга олган ҳолда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.

Саҳобалардан бири мушкул аҳволга тушиб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада? Расули Акрам алайҳиссалом «Тилингни тий, уйингда қол ва хатоларингга йиғла», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Уламолар “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарзи айн даражасигача кўтарилади”, деб таъкидлаган. Фиқҳий қоида шуки, “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”.

Касаллик қайси юртда кенг тарқалса, карантин талабларига амал қилиш вожиб. Бундай пайтда чора-тадбирларни белгилаш соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, улар томонидан чиқарилган қонун-қоидаларга барча аҳоли амал қилиши зарур.

Бу йил карантин туфайли юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда синовларни сабр-матонат ила енгиб ўтаётган юртдошларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Карами кенг Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.

Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.

– Домла айтингчи, Ислом динида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қандай тавсиялар келган, халқимиз бу кунларда қандай амалларни бажарганлари афзал?

– Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва уҳровий манфаатлар борлигини кўрсатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ибодат қилинишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таолонинг наздида ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалдан кўра маҳбуброқ ва улуғроқ кун йўқ. Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд санони кўпайтириинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, бу айёмларда имкони етганлар қурбонлик қилишлари энг афзал ибодатдир. Аллоҳ таоло Қурбон ҳайити кунида бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради».

Мазкур ҳадиси шариф қурбонликнинг нақадар улуғ савобли амал эканлигидан далолат беради.

Қурбонлик диний бир ибодат бўлиши билан бирга унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам бисёрдир. У ана шу хусусияти билан исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамнинг гўзал бир намунаси бўлиб хизмат қилади. Чунки, Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.

Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишида хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталарининг янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.

Ҳайит кунлари халқимиз карантин талабларини инобатга олган ҳолда телефон орқали қавму қариндошлар ва ёру дўстлар ўзаро хабарлашишлари, масофадан туриб муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилатли амалдир. Бу йилги Қурбон ҳайити кунлари карантин кунларига тўғри келиши муносабати билан, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда ушбу қоидаларга қатъий равишда риоя қилиш муҳим ҳисобланади. Бу хусусда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти ҳам эълон қилинди.

 

Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.
Баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.

 

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”. Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Аллоҳ таоло юртимиз аҳлини Зулҳижжа ойининг 10 кунлигини ва Қурбон ҳайтини Ўзига гўзал ибодатда ўтказишликни, кейинги йил Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларини барча мўмин-мусулмонлар тан сиҳатликда, ваболар даф бўлган ҳолда кенгчиликда нишонлашни насиб этсин!

 

ЎзА

Ҳар бир соҳа ривожида ўзаро тажриба алмашинув, дўстона ҳамкорлик, янги илмий, инновацион янгилик ва кашфиётлардан баҳраманд бўлиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу маънода тез суратлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон ҳам барча соҳаларда дунё ва яқин қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, манфаатли янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда. Албатта, ўзаро дўстона муносабатлар мустаҳкамланишида таълим тизими, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларига боғланишига хизмат қилиши билан эътиборлидир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Озарбайжон илоҳиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусидаги онлайн видео-конференция шу маънода ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Унда ҳар икки таълим муассасаси ўртасида яқин ва узвий ҳамкорликка доир Англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилгани мулоқотларнинг янада самарали кечишига хизмат қилди.

Қатор нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирокида ташкил этилган онлайн видео-конференция юқори савияда бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Тошкент ислом институти ҳамда таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Шунингдек, анжуманда Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пашазода, Кавказ мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев, Озарбайжон Республикасидан — Диний муассасалар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси Мубариз Гурбанли, Озарбайжон илоҳият институти ректори Агил Ширинов, институт Фан ва инновациялар бўйича проректори Мирнияз Мурсалов, Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлиги парламент гуруҳи раҳбари Элдор Иброҳимов, ушбу гуруҳ аъзолари - Жаваншир Пашазаде, Анвар Искандаров, Жейҳун Маммедовлар қатнашди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Жумладан, илм-фан, алломалар илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказиш борасида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусида тўпланган бой тажрибалар, мулоҳазалар ҳамда таклифлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги пандемия шароитида кишиларнинг бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари, инсоният бошига келган синовларни сабр-бардош, ақл-идрок билан енгиб ўтиши мақсадга мувофиқ. Диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳар бир жамият ривожи учун муҳим аҳамият касб этиши яна бир бор таъкидланди.

Анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Озарбайжон илоҳиёт институти ўртасида ўзаро ҳамкорликка қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.

Илм-фан тараққиёти, соҳага оид олиб борилаётган тадқиқотлар, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, исломшунослик ривожи йўлида ҳар иккала таълим муассасаси салоҳияти ва имкониятидан унумли фойдаланиш имзоланган Англашув меморандум бош мақсадларидан экани таъкидланди.

Шунингдек, анжуманнинг иккинчи қисми — уч йўналишда яъни, “Жамиятда диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш: Ўзбекистон ва Озарбайжон тажрибаси”, “Диний қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш”, “Исломий таълим ва замонавийлик” мавзуларида олиб борилди. Олимлар, соҳа вакиллари тўплаган ўз тажриба ва маълумотлари билан ўртоқлашишди.

Мазмунли ўтган мулоқот сўнгида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, қадим илдизлари туташ халқларимизнинг дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимиз илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этишда амалий ишларга ўтиш вақти-соати келгани билдирилди. Бунда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш давлат ва жамият ривожининг ажралмас бўлаги бўлиб хизмат қилиши яна бир бор исботланди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Top