muslim.uz
Тошкент шаҳридаги 11-июнь кунидаги Хатмоналар
Эртага 11-июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 16-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.
Эртага 11.06.2017 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
- “Маҳаммад Умар ўғли Зокир” жоме масжиди. (Манзил: Учтепа тумани, Ҳамкор кўчаси 18-уй.) Масжид имом-хатиб ва қори-Саидов Худойберди.
- “Тўлқин Акром ўғли”жоме масжиди. (Манзил: Олмазор тумани, Чиғатой Оқтепа маҳалласи, Форобий кўча 418-уй. (Мўлжал: “Фаровон” тўйхонаси) Телефон: +998 71 246 06 86.) Масжид имом-хатиби – Сатимов Саҳобиддин. Қори: Қодиров Жамолиддин.
- “Валихўжа ўғли Норхўжа”жоме масжиди. (Миробод тумани, Файзобод 1-тор кўчаси 26-уй. Телефон: +998 71 283 07 33.) Масжид имом-хатиби – Ҳамдамов Ҳабибулла. Қорилар: Шукуруллаев Омилхон, Шукруллаев Мухаммадалихон.
- “Қуддуси Шариф” жоме масжиди. (Сирғали тумани, Қипчоқ кўчаси 66-уй. Тел.: +998 71 257 40 66) Масжид имом-хатиби – Ҳамидов Нўмонхўжа. Қорилар: Каримов Абдурауф.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
Инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ислоҳотлар
Тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон Республикасида мустақил ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди. Шуни қайд этиб ўтиш керакки, босқичма- жабҳаларини қамраб олган ислоҳотлар ва либераллаштириш жараёни мамлакатимизнинг тараққиёт йўлини белгилаб берди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими яратилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан бир қаторда, 16 та кодекс ва 400 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган. Шунингдек, мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро хужжатларга, жумладан БМТнинг 10 шартномасига қўшилган.
Парламент Омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура тизимларида Инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича бошқармалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими яратилди ва улар фаол ишламоқда. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя бўйича янги механизм Бизнес Омбудсман ташкил этилди.
Биргина 2016 йилнинг сентябрь ойидан то бугунги кунгача (2017 йил май) бевосита инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид 10 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, жорий йилнинг 7 февралида Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барча жабҳасини қамраб олди.
Мамлакатимизда демократик анъаналарнинг ривожланиши шундан дарак берадики, инсон ва унинг манфаатлари ўзбек халқи менталитетининг ажралмас қисми, дунё ҳуқуқий маданиятининг энг олий қадриятларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деб қайд этиб ўтилган.
Демократик анъаналарга асосланган давлатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб давлат органларига мурожаат қилиши мумкин. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра “Жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга”[1], деб белгиланган.
Ҳар бир фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги асосий бурчи ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги инсон ҳуқуқларини таъминлашни тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжати 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони инсон ҳуқуқлари билан ишлашни янги босқичга олиб чиқди.
Маъмурий ҳудудларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини давлат идораларига тўғридан тўғри баён этиш имконини бермоқда. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбар ҳамда мансабдор шахсларининг сайёр қабулхоналари ташкил этилганлиги аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратмоқда.
Давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш оид халқаро учрашувлар ташкил қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 10 май санасида юртимизга БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси мамлакатимизнинг бир қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси мутахассиси
Ж.Хатамов
[1] Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, № 1, 7-модда. 2014.
Сахийлик – инсонийлик мезони
Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз Зотдир. У Ўз хазинасидан бандаларига ҳар қанча инъом қилса ҳам, ундан ҳеч бир нарса камайиб қолмайди. Роббимиз бандаларини доимо саховатли бўлишга буюради. Аллоҳ таоло муҳсин бандаларини севишини баён этиб, “Оли Имрон” сурасининг 134-оятида: “Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб марҳамат қилган бўлса, шу суранинг 92 – оятида шундай марҳамат қилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.
Мўъмин банда саховат билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради, деб ишонган ҳолда саховат кўрсатиши шарт. Чунки, Аллоҳ таоло ва расули (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39 оят). Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Қолаверса, саховатнинг фазилати унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос-эътиқодга кўрадир.
Ҳазрат Жобир (разияллоҳу анҳу) айтадилар: “Бизга Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб айтдилар: “Эй инсонлар! Ўлишингиздан олдин Аллоҳга тавба қилингиз, машғул бўлиб қолишдан олдин яхши амалларни қилишга шошилинглар, сизларнинг ва Раббиларингизнинг орасидаги нарсани (яъни, мағфиратни) у зотни кўп зикр қилиш билан ўзларингизга васила қилинглар! Ошкор ва пинҳон садақа беришни кўпайтиринглар, шунда сизлар ризқланасизлар, музаффар бўласизлар ва қувватланасизлар” (Ибн Можа ривояти).
Биз яхши билишимиз керакки, саховат дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдир, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин” дейди, иккинчиси: “Аллоҳим! Мумсикка (баднафс, бахилга) талафот бергин”, дейди”.
Саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Зеро, банданинг ризқига барака кириши, зиён-заҳматлардан омонда бўлиши ва ризқининг ҳамда умрининг зиёда бўлишида айнан унинг ўрни беқиёс. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, – деб марҳамат қилган. Демак, инсон аслида еганинг эмас, берганинг сеники бўлади. Чунки, қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. Бермай ўзи еган мол-мулкни эса ҳисоб китобини қилади”, деган ақидага кўра ҳаёт кечириши шарт.
Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривояти).
Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қилинадиган хайру эҳсоннинг кўпи ва озида чегара йўқ. Бор борича, йўқ ҳолича эҳсон қилса, унинг ҳимматига яраша Яратган ўз хазинасидан ажр-мукофот ато этади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бeргандир”.
Сахийлик — ҳаммага маълумки, хасислик иллатининг акси, аниқроғи, кишининг ўзида борини бировдан аямаслигига асосланган фазилат. Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ-эҳсон қилсанг, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан; берсанг, Мен ҳам сенга бераман; қиссанг, Мен ҳам сенга қисаман. Тилантирсанг (ялинтирсанг), Мен ҳам сени тилантираман (ялинтираман). Ризқ эшиги етти осмондан Аршга қадар очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишига унинг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади, ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким қисса, қисади. Эй Зубайр, еб-ич ва бошқаларни ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик гумон (ишончсизлик)дан бўлади, ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, гумон қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло сахийлик қилишни, бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатишни яхши кўради...” (Ҳаким Термизий, “Наводирул усул”).
Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатиш, шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бош мезонларидандир. Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади, охиратда юқори даражага етишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларидан бирида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
Шу ўринда саховат кўрсатишнинг шу дунёдаги фойдалари ниҳоятда кўп бўлишлиги билан бирга биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар.
Ибн Абу Жаъд: “Садақа етмишта ёмонлик эшикларини ёпади. Ошкор садақадан кўра махфийси яна етмиш марта зиёдадир”, – деган.
Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримизнинг қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз - бизнинг инсоний бурчимиздир.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
Қораев Муҳаммади
Рамазон саховат ойи
Бошқаларга қилинган хайр саховатнинг ажри қандай ҳам улуғ. Хусусан хайр, саховат ойи бўлмиш рамазон ойида бўлсачи? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُحَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.
Қуръони каримда хайр саховат фазилати борасида жуда кўп оятлар мавжуд. Ушбу рамазон ойини ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ хайр саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор.
Ундан ташқари қилинган садақалар касалликка шифо бўлиши ҳадисларда ворид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деб айтганлар. Ҳақиқатдан ҳам, сиз кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.
ففى الحديث الصحيح أن رسول الله - صلى الله عليه وسلم - قال :" أتاني جبريل فقال: يا محمد، عش ما شئت فإنك ميت، وأحبب من شئت فإنك مفارقه، واعمل ما شئت فإنك مجزي به، واعلم أن شرف المؤمن قيامه بالليل، وعزه استغناؤه عن الناس"... أخرجه الحاكم
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Менинг олдимга Жаброил келди ва эй Муҳаммад, алайҳиссалом ҳоҳлаганингизча яшанг, албатта бир кун вафот этасиз, ҳоҳлаган инсонингизни яхши кўринг, албатта, бир кун ундан ажраласиз, ҳоҳлаган амалингизни қилинг албатта, бир кун унинг эвазиги жазо ёки мукофот оласиз. Шуни билинки, мўминни шарафи кечалари қоим бўлишлигидадир. Ва унинг азизлиги инсонлардан беҳожат бўлишлигидадир”-дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Рамазон ойида инсонларнинг қалбига ҳурсандчилик улашишга интилайлик.
أن النبى - صلى الله عليه وسلم - قال : " أفضل الأعمال أن تدخل على أخيك المؤمن سرورا، أو تقضي عنه دينا، أو تطعمه خبزا "..... أخرجه ابن أبي الدنيا في قضاء الحوائج
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш ёки унинг қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир”. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар билан зийнатлайлик. Зеро, бу ой бизлар учун меҳмон, меҳмон эса қадрламоқ олий фазилатдир.
Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган эди. Мазкур тадбирларни ўтказишда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, тотув ва баҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган савобли амаллар ва тарғибот ишлари ташкил этиш белгиланган. Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериш тавсия қилиган эди. Мазкур олижаноб, эзгу ишларга амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳрида жойлашган “Новза” масжиди аъзоларининг ташаббуси ва ҳомийларни жалб этган ҳолда Чилонзор тумани Чўпон ота кўзи ожизлар жамиятида ифторлик зиёфати ташкил этилди.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ
"Новза" жомеъ масжиди имом хатиби