www.muslimuz
Нурул изоҳ: ТАЯММУМ. МАСҲ.
*** Таяммум ***
Таяммумнинг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар лозим:
- Ният. Ниятнинг моҳияти таяммум қилимоқчи бўлган нарсага қалбан боғланиш бўлса, вақти таяммум қилинадиган нарса устига қўллар урилган пайтдир.
Ният дуруст бўлишининг учта шарти бор:
а). Ният қилувчининг мусулмон бўлиши. б). Ният қилган ибодатини, бошқа ибодатлардан ажрата олиши. в). Киши ният қилган ибодатининг моҳиятини (яъни фарз, вожиб ёки суннат эканини) билиши.
Таяммум қилиб намоз ўқишнинг ҳам шартлари бор:
– таяммум қилиб таҳорат олишни ният қилиш;
– намоз ўқишни ўзига ҳалол этишни ният қилиш (чунки таҳоратсиз ёки таяммумсиз намоз ўқиш ҳаромдир);
– таҳоратсиз адо этиш мумкин бўлмаган жаноза намози ё тиловат саждаси каби мустақил бир ибодатга ният қилиш.
Фақат таяммум қилишни ният қилиб таяммум қилган бўлса ёки Қуръони карим тиловати учун қилинган тайяммум билан намоз ўқиб бўлмайди.
- Таяммумни мубоҳ қиладиган қуйидаги ҳолатлардан бири юз бериши:
а) шаҳар жойда бўлса ҳам, сувдан тўрт минг қадам (уч км.) олисда бўлиши; б) сув ишлатиш мумкин бўлмаган бирор касалликка чалиниши; в) ҳавонинг баъзи аъзоларга зарарли ёки касалликка сабаб бўладиган даражада совуқ бўлиши; г) озгина сув бор бўлиб, унга ҳам хамир қориш эҳтиёжи бўлганида (шўрва каби унчалик зарурий бўлмаган таомлар пиширилиши эҳтиёж ҳисобланмайди); д) қудуқдан сув тортиш учун (пақир, арқон каби) зарур жиҳозларнинг йўқлиги; е) таҳорат киладиган бўлса, жаноза ёки ҳайит намозига бошидан ё келган жойидан улгура олмаслиги маълум бўлса.
Изоҳ: Таҳоратли ҳолда ҳайит ёки жаноза намозини бошлаганида, намоз ичида таҳорати бузилган кишининг намоздан чиқиб, таҳорат янгилаганидан сўнг, намозини келган жойидан давом эттириб, тамомлаши "бино қилиш" дейилади. Жаноза ё ҳайит намозида таҳорати бузилган киши, таҳорат янгилашга кетса, жамоат намозни тамомлашидан қўрқса, таяммум қилиб, намозни давом эттиради ва шу йўл билан қазосини ўқиш мумкин бўлмаган намозларни ўтказиб юбормаган ҳисобланади. Жаноза, ҳайит намози бошланганида ҳам шу ҳукмга амал қилинади). Жума, беш вақт фарз намоздан бирини ўтказиб юборишдан қўрқиш узр эмас (чунки жума намози ўтиб кетса, ўрнига пешин намозини, намоз вақти чиққан бўлса, қазосини ўқиш мумкин).
- Таяммум ер жинси ҳисобланган тупроқ, тош ёки қумга ўхшаш пок нарсаларга қилинади. Олтин, кумуш ва ёғоч материалларига ўхшаш нарсаларга таяммум қилиш жоиз эмас.
- Таяммумда масҳ қилинадиган аъзоларни тўла масҳ қилиш.
- Таяммум масҳини қўлнинг бутун ички юзаси ёки аксар қисми билан қилмоқ.
- Таяммумда икки қўл кафтини, бир жойга бўлса ҳам, икки марта уриш. Таяммумга ният қилиш шарти билан, тупроқнинг бирор восита ёрдамида қўл кафтига тегиши ҳам икки зарб ўрнига ўтиши мумкин.
- Таяммум қилаётганида ҳайз, нифос, таҳоратсизлик каби таяммумга зид ҳолатлардан холи бўлиш.
- Шам ва ёғ каби таяммум масҳининг (терига тегишига) монеъ бўладиган нарсалардан покланиш.
*** Таяммумнинг сабаблари, вожиб бўлиш шартлари ***
Таяммумнинг сабаблари ва вожиб бўлишининг шартлари таҳоратнинг сабаб ва шартлари билан бир хилдир.
*** Таяммумнинг рукнлари ***
Таяммумнинг иккша фарзи бор:
- Пок тупроққа ё унинг жинсига икки бор қўл кафтларини уриш.
- Қўлларни тирсаги билан қўшиб, юзни тўла масҳ қилиш.
Изоҳ: Бу ҳақда Пайғамбармиздан, соллаллоҳу ааайҳи ва саллам, шундай мазмундаги ҳадис ривоят қилинган: «Ерга биринчи уриш билан юз, иккинчисида қўллар тирсаклар билан қўшиб масҳ қилинади. Қўлларни икки марта ерга уриб таяммум қилинади». Сўнгра Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга кўрсатиб бериш мақсадида икки кафтларини ерга уриб, юзларига масҳ тортадилар, кейин яна қўлларини ерга уриб, ҳам ички, ҳам ташқи томонига масҳ тортадилар.
Таяммум қилишдан олдин бармоқлардаги узуклар чиқарилади. Юзнинг икки қулоқ орасидаги қисми тўла масҳ қилинади.
*** Таяммумнинг суннатлари ***
Таяммумнинг еттита суннати бор:
- Таяммумни «Бисмиллаҳ» билан бошламоқ.
- Тартибга риоя қилмоқ (аввал қўлларни тирсаклари билан қўшиб, сўнгра юзни масҳ қилмоқ).
- Қўллар ва юзни масҳ қилиш орасини узмаслик.
- Ҳар икки қўлни тупроқка ургач, уларни чангга пасайтириб тутиб кўтариш (қоқиш).
- Қўлларни силкитмоқ.
- Тупроққа яхши тегиши учун бармоқлар орасини очмоқ.
Вақт чиқмасдан аввал сув тогшшга умид қилган киши таяммумни намоз вақтининг охиригача кечиктириши мустаҳабдир.
Сув берилиши ваъда қилинган кишига, намоз қазо бўлишидан қўрқса ҳам, таяммумни кечиктириш вожибдир.
Кийим берилиши ваъда қилинган яланғоч киши, намоз қазо бўлиб қолишидан қўрқмаса, намозни кечиктириши зарур.
Сув олиш учун пақир, арқон каби анжомлар бериш ваъда қилинган ҳолда қудуқ бошида кутиб турган кишига намоз вақти чиқишидан қўрқмаса, анжомлар билан таъминлангунича таяммумни кечиктириши вожибдир.
*** Сувни ахтариш ***
Яқин орада сув бор деб ўйлаган киши, бехатар бўлса, тўрт минг қадам масофа орасида сув излаши вожибдир.
Киши халқи хасис бўлмаган бир жойда турган бўлса, (таяммум қилмасдан аввал, суви кўп бўлган бирор) кишидан сув сўраши зарур. Агар у сувни фақатгина пул эвазига берадиган бўлса, сув сўраган кишининг ейиш, ичиш каби зарур харажатларидан ортиқча пули бўлса, сувни сотиб олиши керак. Сув учун жуда катта ҳақ талаб қилинса ёки уни ўз қийматида сотиб олишга пули етмаса, таяммум килади.
*** Таяммум қилиб намоз ўқиш ***
Таяммум қилган киши хоҳлаганича фарз, суннат ва нафл намозлари ўқиши мумкин. Намоз вақти кирмасидан аввал таяммум қилиш мумкин.
*** Яраси бор кишилар нима қилади? ***
Баданининг аксар қисми ёки ярми ярали бўлган киши жунуб бўлса ғусл ўрнига, таҳоратсиз бўлса таҳорат ўрнига таяммум қилади. Аъзоларининг аксар кисми соғлом, озгина қисми ярали бўлса, соғлом жойларини ювиб, ярали жойларига масҳ тортади.
Изоҳ: Таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг аксарияти ёки ярми ярали бўлган кишининг таяммум қилиши мумкин бўлганидек, танасининг ярми ёки аксарияти ярали ҳолда жунуб бўлган киши ҳам таяммум қилиб, барча ибодатларни адо этиши мумкин. Ярали аъзолар кам-кўплиги аъзоларнинг сонига кўра ҳисобланади. Агар бир кишининг боши, юзи ва қўллари ярали, бу яралар ушбу аъзоларнинг озгина қисмини эгаллаган бўлиб, оёқлари соғлом бўлса ҳам, у киши таяммум қилади. Чунки таҳоратда ювилиши фарз бўлган аъзоларнинг аксарияти яралидир. Баъзи фикҳ уламолари ҳам таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг аксарияти ярали бўлсагина таяммум қилинади, дейдилар. Шунингдек, қорнида ёки елкасида баданига сув тегса зарарланадиган яраси бўлса, танасининг аксар қисми ярали кишилардек, жанобатдан покланиш учун таяммум қилади.
Ярали киши ювиниш билан таяммумни қўшиб, биргаликда қилмайди (яъни хоҳ ғуслда, хоҳ таҳоратда бўлсин, баъзи аъзоларини ювиб, айни пайтда таяммум ҳам қилмайди, фақат таяммум қилади).
*** Таяммумни бузадиган нарсалар ***
Таҳоратни бузадиган нарсалар, таяммумни хам бузади. Та-ҳоратда ювиладиган аъзоларни ювшттга етарли сувни топиш Хамда сувни кўллашга қодир бўлишхам таяммумни бузади.
*** Қўллари ва оёқлари кесилган кишилар ***
Агар қўллари ва оёқлари кесилган кишининг юзида яраси бўлса, таҳоратсиз намозини ўқийди, юзидаги яраси тузалгач, бу намозларнинг қазосини ўқимайди (қўллари ва оёқлари кесилган кишининг юзида яраси бўлмаса, юзини ювиб намоз ўқийди).
*** Масҳ бўлими ***
*** Маҳсига масҳ тортиш ***
Маҳсига эркаклар ҳам, аёллар ҳам таҳорат қилаётганларида масҳ тортишлари мумкин.
*** Маҳсига масҳ тортишнинг жоиз бўлиш шартлари ***
Маҳсига масҳ тортишнинг жоиз бўлиши учун еттита шарт бор:
1) Маҳси таҳорат қилиб, оёқлар ювилганидан сўнг кийилган бўлиши керак. Олдин оёқларни ювиб, таҳоратни тамомламасдан маҳсини кийиш ҳам мумкин. Бу ҳолда таҳорат тамомлангунича таҳоратни бузувчи ҳеч бир амал содир этмаслиги керак.
2) Маҳси оёқларни тўпиғи билан қўшиб ёпиши зарур.
3) Маҳси ўртача одимлаб камида бир фарсаҳ (тақрибан 80 км) бетўхтов йўл босишга имкон бериши лозим Шу боис шиша, тахта ва темирдан қилинган маҳсиларга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки бундай маҳсилар инсонга азият беради.
4) Маҳсининг тўпиқдан пастки қисмида учта бармоқ сиғадиган йиртиғи бўлмаслиги керак.
5) Маҳсилар ҳеч қандай боғичсиз оёқда турадиган даражада қалин бўлиши зарур.
6) Маҳси оёққа сув ўтказмайдиган бўлиши керак.
7) Ҳар бир оёқнинг олди тарафида уч бармоқ миқдори масҳ тортиладиган қисми бўлиши зарур. Бунга кўра, оёғинг бармоқлар тарафи йўқ киши, товон тарафи бўлса ҳам, маҳсига масҳ торта олмайди.
Изоҳ: Агар оёғи тўпиқ остидан кесилган бўлиб, таҳоратда ювилиши фарз бўлган қисми қўлнинг уч бармоғи энидан оз қолган бўлса, соғлом оёғининг маҳсисига масҳ торта олмайди. Чунки кесилган оёқнинг қолган қисми масҳ қилинадиган миқдордан оз қолгани учун, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Соғлом оёққа масҳ тортиладиган бўлса, ювиш ва масҳ тортиш биргаликда бажариладики, бу ҳам ножоиздир.
*** Масҳнинг муддати ***
Масҳнинг муддати муқим учун бир кечаю бир кундуз, сафардагилар учун уч кечаю уч кундуз, яъни 72 соатдир. Муддат маҳси кийилганидан сўнг, таҳорат бузилган вақтдан эътиборан бошланади.
Муқим киши масҳ муддати ўтмай, сафарга чиқса, масҳ муддатини сафардагилар каби тамомлайди. Сафар нияти билан масҳ тортгач, бир кеча-кундуздан сўнг, қайта муқимликка ният қилса, дарҳол маҳсисини ечади. Агар бир кеча-кундуз тўлмаган бўлса, бу муддатни тўлдиради.
*** Масҳнинг фарзи ***
Масҳнинг фарзи ҳар бир оёқнинг уст қисмига маҳси устидан қўлнинг учта кичик бармоғичалик миқдорда масҳ тортишдир.
Изоҳ: Ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, таҳорат қилаётиб, маҳсиларини ечган бир кишини кўрдилар ва уни оҳиста туртдилар. Сўнгра маҳси устига мана бундай масҳ тортиш буюрилди деб, оёқ учидан бошлаб тўпиқларигача қўлларининг учта бармоғини тойдирган ҳолда масҳ тортиш кераклигини унга кўрсатиб бердилар.
*** Масҳнинг суннатлари ***
Масҳнинг суннати қўлни (сув олиб таншагач) бармоқларни очиқ ҳолда маҳсининг устига қўйиб, оёқларнинг учидан бошлаб маҳсининг қўнжигача тортишдир.
*** Масҳни бузувчи сабаблар ***
Таҳоратни бузадиган нарсалар, яна қуйидагилар масҳни бузади:
– маҳсини ечиш, оёқнинг ярмидан кўпроғини ечиш мақсадвда маҳсининг қўнжигача чиқариш;
– маҳсига сув кириб, бир ёки икки оёқнинг ярмидан кўпроғини ҳўл қилиши;
– масҳ муддатининг тугаши. Таҳорат қилса шиддатли совуқда оёқлар музлашидан қўрқса, масҳ муддати хавф ўтгунгача чўзилади. Махсини ечиш, сув кириб кетиши, масҳ муддати тугаши боис масҳ бузилса, фақат оёқлар ювилади.
Бошдаги салла, қулоқчин, рўмол, қўлқоп ва шунга ўхшаш нарсалар устидан масҳ тортиш жоиз эмас.
*** Боғлагич (бинт), гипсга ўхшаш нарсалар ҳақида ***
Аъзоларнинг биридан қон олдирилганда, бирор аъзо яраланган ёки синганида бинт ёки гипсга ўхшаш нарсалар билан боғланса ва уларни ювишга ҳам имкон бўлмаса, боғланган жойнинг аксар қисми ёки ҳаммаси устидан масҳ тортилади.
Қон олдирилган ёки ярадор бўлган аъзоларнинг боғлагичлар орасидан кўриниб турган жойларга масҳ тортиш кифоядир.
Гипс ёки боғланган жой устидан масҳ тортиш ювиш кабидир. Бунда масҳ тортишнинг маълум бир муддати йўқ, яъни яра тузалиб кетгунича масҳ тортиш мумкин.
Бир кишининг тахтакачлаш, гинслаш ёки боғлашни таҳоратли ҳолда бажариши шарт эмас.
Икки оёқдан бири ярали бўлганида, ярали оёқнинг боғланган жойига масҳ тортиб, иккинчи оёқни ювиш жоиз.
Яра тузалмасдан аввал тахта, гипс ёки бинт тушиб кетса ҳам устидан тортилган масҳ бузилмайди.
Зарурат туфайли бинт (ва шунга ўхшаш нарсаларни) янгилаш жоиздир. Бу ҳолда қайтадан масҳ тортиш вожиб эмас, лекин масҳ тортган афзал.
Касаллик туфайли мусулмон ва мутахассис шифокор томонидан ювмаслик тавсия қилинган ёки ювилса, зарар етиши тахмин қилинган ярали кўз ҳам ювилмайди. Унга масҳ тортилади.
Тирноқ синиқларига дори, сақич, ўт пуфаги қўйиб боғланган, ечиб ювиш зарарли бўлса, унга масҳ тортиш жоиздир. Масҳ тортиш зарар берса, бу ҳам тарк килинади.
Ярали аъзоларга боғланган бинт ёки гипс устидан таҳоратда эса бошга масҳ тортиш учун ният қилиш шарт эмас.
Такрорлаш унун саволлар
- Таяммумни таърифлаб, дуруст бўлиши учун зарур шартларни санаб беринг. Сўнгра ниятнинг ҳақиқатини, вақтини ва дуруст бўлиш шартларини тушунтириб беринг.
- Таяммумнинг фарзларини, суннатларини, сабабини ва фарз бўлиш шартларини айтиб беринг.
- Таяммумни кечиктириш қачон мустаҳабдир? Қачон шартдир? Сувни қанча масофагача қидириш лозим?
- Намоз вақти кирмасидан аввал таяммум қилиш жоизми? Битта таяммум билан фақат бир вақт фарз намози ўқиладими ёки бошқа вақтларнинг фарзларини ўқиса ҳам бўладими?
- Таяммумни бузадиган нарсаларни айтинг, ярали киши қачон таяммум килишини тушунтиб беринг. Бир вақтда ҳам ювиб, ҳам таяммум қилса бўладими?
- Маҳсига масҳ тортишнинг ҳукмларини айтиб беринг. Муқимнинг, мусофирнинг масҳ муддатлари қанча?
- Сафарга чиққан киши (камида 15 кун туришга) ният қилса, бир кеча-кундузлик масҳ муддатини қачон тамомлайди? Фарз бўлган масҳ миқдори қанча?
- Маҳсига тортиладиган масхнинг суннатларини, масҳни бузадиган нарсаларни ва устига масҳ тортиш жоиз бўлмаган нарсаларни баён қилинг.
- Яра боғичларининг ҳукмларини тафсилотлари билан тушунтириб беринг. Маҳси ва боғичлар устига масҳ тортиш учун ният қилиш шартми?
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ҲАЙЗ, НИФОС ВА ИСТИҲОЗА:
Покланиш нима билан тамомланади?
Фарзларнинг қазоси;
Жунуб кишига ҳаром бўлган амаллар;
Таҳоратсиз киши учун ҳаром бўлган амаллар;
Истиҳоза ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмлари;
Одам қачон узрли ҳисобланади?
Давомийлик шарти;
Нажосат ва нажосатдан покланиш;
Нажосат теккан нарсалар қандай тозаланади;
Ернинг тозаланиши;
Бошқа ҳолга ўтиш билан покланиш;
Ўлик ҳайвонларнинг териси ва шунга ўхшаш нарсаларнинг покланиши.
Ислом тарихи: ЛУТ, ИСМОИЛ, ИСҲОҚ, ЯЪҚУБ, ЮСУФ АЛАЙҲИМУССАЛОМ
УЧИНЧИ ФАСЛ
ШОМ ЮРТЛАРИНИНГ
НАБИЙЛАРИ ВА ТАМАДДУНЛАРИ
Башар Шом юртларига етиб келди ва у ерда турли жамоаларга тарқалиб кетди. Ўша жойларнинг энг катталари Ғута, Дамашқ ва бошқа номлар билан маълум ва машҳур бўлди. Уларнинг кўпчилиги соҳилда жойлашган эди.
ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга амаки бўладилар. Аллоҳ таоло у зотни ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг замонларида пайғамбар қилиб юборган.
Дастлаб Лут алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтириб, у зотнинг йўлидан юрганлар. Кейинчалик Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳим алайҳиссаломнинг изнлари билан Урдуннинг (Иордания) Садум деган жойига кетдилар.
Шундай қилиб Аллоҳ таолонинг изни билан улар Ўлик денгиз атрофидаги Садум номли шаҳар ҳамда унинг атрофидаги аҳоли яшайдиган жойларда истиқомат қилдилар ва ўша ер аҳолисига пайғамбар этиб юборилдилар.
Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган Садум шаҳрининг аҳолиси дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало бўлишган эди. Улар баччабозлик билан шуғулланишарди. Лут алайҳиссаломнинг асосий вазифаларидан бири уларни шу қабиҳ ишдан қайтариш бўлди.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:
«...ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига деди: «Сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фаҳш ишни қилмоқдасиз» (28-оят).
Бу фаҳш иш нима экани ҳаммага маълум. Бу қавм жинсий бузуқликка муккасидан кетган эди. Ушбу оятда мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин инсоният тарихида ҳеч ким қилмагани ҳам таъкидланмоқда. Кейинги оятда Лут алайҳиссалом мазкур фаҳш ишни очиқ баён этадилар:
«Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва йиғинларингизда мункар иш қиласизми?!» Қавмининг жавоби «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади» (29-оят).
Лут қавми бу ишга жуда берилганидан мазкур қабоҳатни тўп-тўп бўлиб олиб, очиқчасига қилишар эди. Улар на учларидан, на бошқалардан уялишарди.
Бу ишлари оддий фаҳш эмас, балки ўтакетган ёвузлик, иисонийлик доирасидан чиқиб кетиш эди. Шу даражада тубанликка етганлар дарҳол тавба қилиб, ўзларини ўнгламасалар, оқибати ёмон бўлиши аниқ эди.
Шунинг учун ҳам Лут алайҳиссалом ўз қавмларини юқоридаги гаплар билан бу йўлдан қайтишга даъват қилдилар. Хўш, қавм бу даъватга қандай жавоб берди?
«Қавмининг жавоби «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади».
Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу бузуқ қавмга ўзларидан чиққан пайғамбар – Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади. Аксинча, туғёнга кетган қавм ўз пайғамбарига истеҳзо билан: «Агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишди. Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов бўлди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди. Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйишганди. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлворишдан бошқа чоралари қолмади:
«Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди» (30-оят).
Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.
Азоб фаришталарининг юборилиши ва жиноятчи қавмнинг ҳалокати
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди.
Лут алайҳиссаломнинг хонадонларига ёш, хушрўй йигитлар суратида келган меҳмонлар билан баччабозлик қилиш ниятида у зотнинг уйларига ёпирилиб келган фаҳшбоз қавм уларнинг ўзларига топширилишини талаб қилди. Пайғамбар Лут алайҳиссалом қавмни бу мақсаддан қайтаришга кўп уриндилар, ҳеч фойда бермади.
Йигитлардан бири ташқарига чиқиб, баъзи бир ҳаракатлар қилди. Шунда бузуқ қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолди ва тумтарақай бўлиб, келган жойларига қайтиб кетиш учун йўл ахтариб қолишди.
Ёш йигитлар ўзларини ҳимоя қила олмайдиган меҳмонлар эмас, балки Аллоҳнинг элчилари – мазкур жиноятчи қавмни ҳалок қилиш учун юборилган кучли фаришталар эди. Улар Лут алайҳиссаломга у зотнинг мустаҳкам паноҳда – Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканларини эслатдилар.
Эътибор ва мулоҳаза билан қараладиган бўлса, кўп ҳалокатлар субҳ вақтида юз бериши маълум бўлади. Бу пайтни Аллоҳ таоло баракали қилиб қўйган. Лекин гуноҳкор ва кофир қавмлар кечаси билан гуноҳ ишларни қилиб, айни тонг – субҳ чоғида ғафлат уйқусига кетишган бўлади.
Мазкур диёрнинг номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг амри ила фаришталар Садумни борлигича кўтариб, чаппасига, яъни ернинг остини устига айлантириб қўйганлар. Садум бутун аҳолиси ва бор-йўғи билан ер остига кўмилган.
ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ
Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни ота-онаси машҳур зотлардан бирлари десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот Иброҳим алайҳиссалом ва Ҳожар онамиздан дунёга келганлар. Исмоил алайҳиссалом ўз зурриётлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чиққанликлари билан ҳам машҳурдирлар. Шундай қилиб Исмоил алайҳиссалом ота тарафдан ҳам, фарзанд тарафдан ҳам ўзларидан кўра машҳур зотларга боғланадилар.
Исмоил алайҳиссаломнинг туғилишларигача бўлган воқеалар юқорида, Иброҳим алайҳиссаломнинг тарихлари баён этилган саҳифаларда келтирилди.
Ушбу ўринда уларнинг қисқача баёнини яна бир бор келтирамиз:
Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар мисрлик бўлиб, ўша ернинг подшоҳи томонидан Сора онамизга, у киши томонидан эса эрлари Иброҳим алайҳиссаломга ҳадя қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг ваъдасига биноан, қартайиб қолган Иброҳим алайҳиссаломдан ҳомиладор бўлган Ҳожар онамиздан Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар.
Кейин оилавий сабабларга кўра, Аллоҳ таолонинг ҳикмати асосида Иброҳим алайҳиссалом гўдак Исмоилни онаси билан бирга ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб, Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар...
Кейин нималар бўлганини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари орқали ўрганамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аёллардан биринчи бўлиб Исмоилнинг онаси минтақ[1] тутган. У изини Сорага кўрсатмаслик учун минтақ тутган эди. Кейин Иброҳим уни ва унинг фарзанди Исмоилни олиб келиб, Байтуллоҳнинг ёнига, улкан дарахт олдига – масжиднинг тепа томонидаги Замзамнинг устига туширдилар. Ҳожар уни эмизар эди. У пайтлар Маккада на одам, на сув бор эди. Икковларини ўша ерга тушириб, олдларига бир халта хурмо ва бир сувдонда сув қўйдилар. Сўнг Иброҳим йўлга тушмоқчи бўлиб, ортларига отланган эдилар, Исмоилнинг онаси унга эргашиб: «Эй Иброҳим! Бизларни на бир инсон, на бирор нарса бор бу водийга ташлаб, қаерга кетяпсиз?» деди. У буни унга бир неча марта айтди. Иброҳим алайҳиссалом эса унга қарамай туриб олдилар. Ҳожар унга: «Буни сизга Аллоҳ буюрдими?» деди. У киши «Ҳа», дедилар. Ҳожар «Ундай бўлса, У Зот бизни зое қилмайди» деб, сўнг ортига қайтди.
Иброҳим алайҳиссалом йўлга тушдилар. Ниҳоят улар кўрмайдиган жойга – довонга етганларида Байт сари юзландилар. Сўнг қўлларини кўтарганча, ушбу сўзларни айтиб, дуо қилдилар: «Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар».
Ҳожар Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ича бошлади. Ниҳоят сувдондаги сув тугаб, чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Ҳожар унинг қийналаётганини кўриб, бунга қараб туришга чидай олмай, юра бошлади. Сафонинг ўша ерда ўзига энг яқин тоғ эканини кўриб, унинг устига чиқиб, турди. Сўнг бирор кишини кўриб қолармиканман, деган илинжда водийга қаради. Бироқ ҳеч кимни кўрмади.
Сафодан тушди. Ниҳоят водийга етганида кўйлагининг тагини кўтарди-да, оғир аҳволга тушган инсоннинг югуришидек югура кетди. Шу тарзда водийдан ўтиб ҳам кетди.
Кейин Марвага келиб, унинг устига чиқиб турди ва бирор кишини кўриб қолармиканман деб қаради. Бироқ ҳеч кимни кўрмади. Етти марта шундай қилди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг шу иккиси (Сафо – Марва) орасида саъй қилишлари шундан», деганлар). Марванинг устига чиққанда бир овоз эшитди. Ўзига ўзи: «Жим тур», деди-да, қулоқ тутди, яна эшитди. Ҳожар: «Эшиттириб бўлдинг, агар сенда бирор ёрдам бўлса (кўрсат)...» деди. Қараса, Замзамнинг ўрнида бир фаришта турибди. У товони билан (ёки қаноти билан) кавлади, ниҳоят сув чиқди. Ҳожар унинг атрофига қўли билан тупроқни уйиб, ҳовуз қила бошлади. Сўнг сувдонига сувдан ҳовучлаб қуя кетди. Ҳар ҳовучлаб олганидан сўнг у отилиб чиқар эди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳматига олсин, Замзамни қўйиб берганида эди (ёки сувдан ҳовучлаб олмаганида эди), Замзам оқар булоқ бўлар эди», деган эдилар). У ундан ичиб, боласини эмизди. Фаришта унга: «Зое бўлишдан қўрқманглар, чунки мана шу ерда Аллоҳнинг уйи бўлади, (уни) шу бола ва унинг отаси қуради. Аллоҳ унинг аҳлини зое қилмайди», деди.
Байт ердан кўтарилган, худди тепаликдек жой эди. Селлар келиб, унинг ўнгидан ва чапидан ювиб кетарди. Ҳожар ана шу аҳволда экан, унинг олдига Журҳум[2] қабиласидан йўловчилар (ёки Журҳумдан бир оила) Кадо[3] йўлидан юриб келиб қолишди ва Макканинг пастига тушишди. Улар осмонда доира чизиб парвоз қилаётган қушни кўриб қолишди. Шунда: «Бу қуш сувнинг устида айланяпти. Аниқ биламизки, бу водийда сув йўқ», дейишди. Бир ё икки чопар юборишди. Бориб қарашса, сув бор. Ортга қайтиб, уларга сувнинг хабарини беришди. Шунда барчалари сувга келишди. Исмоилнинг онаси сув олдида эди. Улар: «Ёнингизга тушишимизга изн берасизми?» дейишди. У: «Ҳа, лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди. Улар «Хўп» дейишди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмоилнинг онаси унс-улфат истаб турганида уни учратди», деганлар). Улар ўша жойга тушиб, ўз аҳлларига одам юборишди. Улар ҳам биргаликда келиб тушишди. Натижада бу ерда улардан кўплаб оилалар пайдо бўлди.
Бола улғайиб, уларни ўзига ром қилди. Вояга етгач, уни ўзларидан бир аёлга уйлантириб қўйишди. Кейинроқ Исмоилнинг онаси вафот этди.
Исмоил уйлангач, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари ташлаб кетган кишиларни кўргани келиб, Исмоилни топмадилар. Аёлидан уни сўрадилар. У: «Биз учун ризқ излаб чиқиб кетганлар», деди. Кейин ундан тирикчиликлари ва аҳволлари ҳақида сўраган эдилар, «Биз ёмон аҳволдамиз. Тангчилик, қийинчиликдамиз», деб шикоят қилди. У киши: «Эринг келса, унга салом айт. Яна айтгинки, эшигининг остонасини ўзгартирсин», дедилар. Исмоил келгач, ниманидир сезгандек бўлди. «Бирор киши келдими?» деди. У: «Ҳа. Шундай-шундай бир чол келди. Биздан сиз ҳақингизда сўраган эди, унга айтдим. Тирикчилигимиз қандайлиги ҳақида сўраган эди, машаққат ва қийинчиликда эканимизни айтдим», деди. «Сенга бирор тавсия айтдими?» деди. У:
«Ҳа. Сизга салом айтишимни буюрди. Айтдики, эшигингизнинг остонасини ўзгартирар экансиз», деди.
«Ўша менинг отам эди. Менга сендан ажралишимни буюрибдилар, аҳлингга боравер», деди-да, уни талоқ қилиб, ўша қавмдан яна бошқа аёлга уйланди.
Иброҳим алайҳиссалом улардан узоқда Аллоҳ хоҳлаганча юрдилар. Сўнг уларнинг олдига келдилар. Бироқ уни топмадилар. Аёлига учраб, ўғли Исмоилни сўрадилар. «Биз учун ризқ излаб чиқиб кетганлар», деди у. «Ўзларинг қандайсизлар?» деб, ундан тирикчиликлари ва аҳволлари ҳақида сўрадилар. У: «Яхшиликда, кенгчиликдамиз», деди на Аллоҳга ҳамду сано айтди. «Егулигингиз нима?» деди. «Гўшт», деди. «Ичимлигингиз нима?» деди. «Сув», деди.
«Аллоҳим! Улар учун гўштга ҳам, сувга ҳам барака бер», дедилар (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша кунда уларда дон йўқ эди. Агар бўлганида, улар учун унга ҳам дуо қилган бўлар эди», деганлар. Шу боис Маккадан бошқа ерда бирор киши фақат шу иккисини – гўшт ва сувни оса, булар унга (мизожига) тўғри келмайди). «Эринг келса, унга салом айт ва тайинлагинки, эшигининг остонасини маҳкам қилсин», дедилар.
Исмоил келгач: «Бирор киши келдими?» деди. Аёли: «Ҳа, бир хушсурат қария келди – яъни уни мақтади, – мендан сиз ҳақингизда сўраган эди, унга айтдим. Мендан тирикчилигимиз кандайлиги ҳақида сўраган эди, унга яхшиликда эканимизни айтдим», деди.
«Сенга бирор тавсия айтдими?» деди. У: «Ҳа, сизга салом айтди, яна эшигингизнинг остонасини маҳкам қилишни буюрди», деди.
«Ўша менинг отам. «Остона» сенсан, менга сени маҳкам тутишимни буюрибдилар», деди у.
Иброҳим алайҳиссалом улардан узоқда Аллоҳ хоҳлаганча юриб, Шундан сўнг яна келдилар. Исмоил Замзам яқинидаги улкан дарахт олдида ўқини учлаётган эди. Унинг келганини кўргач, ўрнидан турди. Икковлари ота болага, бола отага қиладиган муомалани қилишди. Сўнг: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», дедилар. У: «Роббингиз буюрганини қилинг», деди. «Менга ёрдам берасанми?» дедилар. «Сизга ёрдам бераман», деди. У зот бир баланд қумтепага, унинг атрофига ишора қилиб: «Аллоҳ менга мана шу жойга бир уй қуришни буюрди», дедилар.
Улар Байтнинг пойдеворларини кўтаришди. Исмоил тош келтирар, Иброҳим алайҳиссалом бинони қурар эдилар. Ниҳоят бино кўтарилгач, Исмоил мана бу тошни олиб келиб, у зот учун қўйиб берди. Иброҳим алайҳиссалом ўшанинг устида туриб, қурар эдилар. Исмоил эса у кишига тошни олиб бериб турар эди. Икковлари: «Роббимиз, биздан қабул эт, албатта Сен эшитувчисан, билувчисан», дейишар эди. Улар Байтни айланасига қура бошлашди».
Бухорий «Саҳиҳ»ида ривоят қилган.
Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган жойлардаги халқларга пайғамбарлик қилдилар.
У киши ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссалом билан туташади.
Исмоил алайҳиссалом ёлғиз қизларини укаларининг ўғли Ийс ибн Исҳоққа турмушга берганлар.
Исмоил алайҳиссалом, бир ривоятга кўра, 137 йил умр кўрганлар ва вафотларидан сўнг оналари Ҳожарнинг ёнларига, Каъба ҳижри, яъни ойсимон пойдевори ичига дафн қилинганлар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавоту саломлари бўлсин.
ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМ
Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора онамиздан туғилган ўғилларидир. Иброҳим алайҳиссалом 99 ёшга, жуфтлари Сора ҳам катта ёшга етиб қолганида Аллоҳ таолонинг инояти ила Исҳоқ алайҳиссалом дунёга кслганлар. У зотнинг башоратлари ва сифатлари ҳақида Соффот сурасида қуйидагилар айтилган:
«Яна унга солиҳлардан бир набийнинг - Исҳоқнинг хушхабарини бердик» (112-оят).
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исҳоқ алайҳиссаломгa ота томон қариндошларнинг қизларидан уйланишни тайинлаган эканлар. Шунинг учун Исҳоқ алайҳиссалом амакиваччаларининг қизига уйландилар. Улар икки эгизак ўғил фарзанд кўришди: бири – Ийс, иккинчиси – Яъқуб. Исроил лақабини олган Яъқуб алайҳиссаломдан Бану Исроил тарқалди ва у зотнинг сулолаларидан бир неча пайғамбарлар чиқди.
У зот ўзлари яшаб ўтган Фаластин ва Шом ерларидаги канъонийларга пайғамбар бўлганлар.
Исҳоқ алайҳиссалом 180 ёшга кириб бу дунёни тарк этганлар. У зот оталари Иброҳим алайҳиссалом дафн қилинган Халил шаҳри яқинидаги ғорга дафн этилганлар.
ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМ
Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. «Яъқуб»нинг маъноси «ортдан келувчи»дир.
Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаблари Исроил бўлган. Муҳаққиқ уламолар «Исроил» сўзи Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қули, бандаси) деган маънони англатишини айтадилар.
Яъқуб алайҳиссалом Фаластин ерларида дунёга келдилар. Оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг тарбияларини олиб ўсдилар.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга ўн икки ўғил ато қилди. Бу ўн икки ўғилнинг ҳар бири Бану Исроил асботидан бир «сибт»га ота бўлган. «Асбот» сўзи «сибт»нинг кўплик шакли бўлиб, «авлод» деган маънони билдиради.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломни Оли Имрон сурасида Исроил номи ила зикр қилган:
«Таврот тушишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол эди. «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт!» (93-оят).
«Исроил»дан мурод, аввал баён қилинганидек, Яъқуб алайҳиссаломдир. Ривоятларда келишича, Яъқуб алайҳиссалом оғир касал бўлиб ётганларида, агар Аллоҳ шифо берса, энг яхши кўрган таомларини – туя гўштини емаслик ва сутини ичмасликни назр қилган эканлар. Аллоҳ бу назрни қабул қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Бану Исроилдан содир бўлган гуноҳлар сабабли уларга иқоб-жазо суратида баъзи ҳайвонларни ҳамда мол билан қўйнинг чарвисини ҳаром қилди. Ҳолбуки, булар Таврот нозил бўлишидан олдин Бану Исроилга ҳалол эди.
Ушбу оятдан Яъқуб алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам таомларнинг ҳалол-ҳаромлиги, назр аташ каби ҳукмлар бўлганини билиб оламиз.
«Ислом» сўзида бўйсуниш, тоат, ихлос маънолари бор. Барча пайғамбарларнинг, жумладан, Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг набиралари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳам динлари Исломдир. Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўзлари мусулмон бўлишлари билан кифояланиб қолмадилар, балки ушбу Ислом динини маҳкам тутишни васият қилдилар. Ушбу васият Бақара сурасида келади:
«Иброҳим ўз ўғилларига ва Яъқуб ҳам: «Эй ўғилларим, Аллоҳ сизларга динни танлади, мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг», деб буни (миллатни) васият қилдилар» (132-оят).
Шундай экан, мусулмон бўлиб яшаб, мусулмон бўлиб ўлишга ҳаракат қилишдан бошқа йўл йўқ.
Ўғиллари Юсуф алайҳиссаломнинг йўқолишларидан қаттиқ куюнган Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари кўрмай қолганди. Ўғилларини топгандан сўнг кўзлари ҳам тузалди ва барча оила аъзолари билан бирга Юсуф алайҳиссалом ҳукмдорлик қилаётган Мисрга келиб яшай бошладилар. Ўша пайтда Яъқуб алайҳиссалом 130 ёшда эдилар. У зот Мисрда ўн етти йил яшаганларидан кейин 147 ёшларида вафот этдилар. Яъқуб алайҳиссалом вафотларидан олдин Юсуф алайҳиссаломга ўзларини оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёнларига дафн этишларини васият қилган эдилар. У зот Фаластиннинг Халил шаҳридаги Макфила номли ғор ичига дафн қилиндилар.
ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ
Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир:
«У каримдир, каримнинг ўғли бўлган каримнинг ўғлидир, Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир».
У зотнинг оналари Роҳила бинт Лобондир.
Юсуф алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғилларидан бири ва уларнинг ичидан чиққан ягона пайғамбардирлар.
Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғиллари Бинёмин ва Юсуфни бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўрар ва уларга кўпроқ меҳрибончилик кўрсатар эдилар, чунки икковларининг оналари Роҳила анча йиллар аввал вафот этиб кетган эди.
Юсуф алайҳиссаломнинг машҳур қиссаларининг қисқача баёни қуйидагилардан иборат:
Яъқуб алайҳиссаломнинг Юсуф алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари зиёда бўлгани сабабли ака-укалари у кишига нисбатан ҳасад қилиб яшар эдилар: Кунларнинг бирида улар укаларидан қутулиш чорасини ўйлаб топишди ва бу ишни амалга оширишга қарор қилишди. Оталари кичик Юсуфни ниҳоятда авайлар, ҳеч кимга ишонмас эдилар. Лекин ўша куни акалари Юсуфни ўзлари билан олиб кетиш учун ялиниб, қаттиқ туриб олишгач, улар билан бирга юборишга мажбур бўлдилар. Акалари Юсуфни Байтул мақдис заминидаги бир қудуққа ташлашди. Сўнг оталарининг олдига йиғлаган ҳолда қайтиб келишди. «Биз ўйинга берилиб, ғафлатда қолибмиз, Юсуфни бўри еб кетибди», деган ёлғон гапларни гапириб, бу гапларига ашёвий далил сифатида Юсуфнинг қонга бўялган кўйлагини кўрсатишди.
Шомдан Миср сари йўлга чиққан карвондагилар ўша ердан ўтиб кетаётиб, Юсуф алайҳиссаломни кўриб қолишди. У кишини қудуқдан чиқариб олиб, ўзлари билан бирга Мисрга олиб кетишди ва у ерда Юсуф алайҳиссаломни Миср азизи (бош вазири) сотиб олиб, тарбия қилди. Юсуф алайҳиссалом ниҳоятда гўзал ва кўркам йигит бўлиб вояга етдилар.
Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлиб қолган бош вазирнинг аёли кунларнинг бирида у зотни зинога таклиф қилди. Юсуф алайҳиссалом бош тортган эдилар, аёл «У мендан фаҳш ишни истади», дея бўҳтон тўқиди. Ҳакам чақирилиб, Юсуф алайҳиссаломнинг содиқликлари, аёлнинг ёлғончилиги исботланди. Ҳамма бунга ишониб, қаноат ҳосил қилди. Аммо шундай бўлса ҳам, Юсуф алайҳиссалом зиндонга ташландилар. У киши қамоқда бир неча йил қолиб кетдилар. Сўнг подшоҳнинг етти йиллик қаҳатчилик ҳақидаги кўрган туши, Юсуф алайҳиссаломнинг бу тушни оқилона таъбир қилиб беришлари, бош вазирнинг хотини ўз айбига иқрор бўлиши у кишининг қамоқдан озод қилинишларига сабаб бўлди.
Подшоҳ Юсуф алайҳиссаломда ишларни идора қилиш қобилияти борлигини билиб, у кишини хазинага ва давлатнинг баъзи ишларига раҳбар қилиб қўйди. Юсуф алайҳиссалом бошларига тушган қийинчиликларга, қамоқ ва туҳматларга қарамай, яхши амалларни қилаверганларининг мукофоти ўлароқ, улкан мақомга эришиб, омонат (ишончлилик) билан кўпчилик манфаати йўлида хизматларини давом эттириб бордилар. Юсуф алайҳиссалом қўшни юртлардаги етти йил давом этган очарчилик пайтида у ерларга буғдой сотар эдилар. Бу эса ўша пайтда Миср ерлари унумдор ерлар бўлгани, Миср халқи фаровон ҳаёт кечирганига далолат қилади.
Юсуф алайҳиссаломнинг тадбиркорликлари ва Аллоҳ берган имкониятларни ишга солишлари туфайли Миср аҳли бу қаҳатчиликдан катта зарар кўрмади. Ҳатто бошқа ўлкалар-да яшовчи халқлар улардан озиқ-овқат борасида ёрдам сўраб ксла бошлашди. Мисрда озиқ-овқат сероблигини эшитиб, Юсуф алайҳиссаломнинг оға-инилари ҳам бу ерга келишди. Юсуф алайҳиссалом уларни кўрган заҳоти таниб, ўзига яраша муомала қилдилар, лекин оға-инилар у кишини танишмади. Юсуф алайҳиссалом уларга буғдой сотар эканлар, янаги сафар келишларида укаларини ҳам бирга олиб келишларини талаб қилдилар. Акалар қайтиб бориб, Яъқуб алайҳиссаломга хабар беришган эди, у киши болани уларга қўшиб юборишдан бош тортдилар. Лекин ўғиллар қаттиқ туриб олишгач, рухсат бердилар. Улар яна Мисрга бориб, дон сотиб олишди. Қайтиб кетаётганларида подшоҳнинг сув идишини ўғирлаганликда айбланиб, йўллари тўсилди. Идишни излаб, Бинёминнинг юклари ичидан топиб олишди ва Юсуф алайҳиссалом уни олиб қолдилар. Бу ишларнинг барчаси аввалдан ўйланган тадбир асосида бўлаётган эди. Акалар қайтиб бориб, оталарига хабарни етказишди. У зот алайҳиссалом қаттиқ куюнганларидан кўзлари кўрмай қолди.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига Юсуфни ва унинг укасини излаб топишни буюрдилар. Ўғиллар яна йўлга чиқиб, учинчи бор Мисрга келишди ва Юсуф алайҳиссаломга учрадилар. Бу сафар Юсуф алайҳиссалом ўзларини танитиб, уларни афв қилдилар ва қайтиб бориб оталарини, аҳли аёли, фарзандлар – ҳаммаларини олиб келишларини талаб қилдилар. Шу тариқа Бану Исроил – яҳудийлар Мисрга кўчиб ўтишди.
Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримнинг Юсуф сурасида батафсил зикр қилинган.
Юсуф сураси битта қисса бошидан охиригача тўлиқ, бошқа мавзулар аралашмаган ҳолда ҳикоя қилинган ягона сурадир. Фақат қисса тамом бўлганидан кейин суранинг охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган оятлар келади.
Бу сурада бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларга тегишли ҳолатларга эътибор қаратилган.
Бу сурада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам. У бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳатдан иборат. Аллоҳ таолонинг ваҳий қилиб юборган илоҳий китобида келган ушбу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодатдир.
Юсуф алайҳиссалом тахминан 110 йил умр кўрдилар.
ЎША ДАВРДАГИ БАЪЗИ ТАМАДДУНЛАР
Мазкур даврда Шом диёрига Ироқдан ва Арабистон яриморолидан кўплаб ҳижратлар бўлиб ўтди. Муҳожирлар турли унумдор минтақаларга тарқалиб кетишди. Шимолий минтақаларда Аммурийя давлати тикланди. У Ўрта ер денгизи соҳилларида эса Финикия давлати, Фаластин ва унинг атрофларида Канъон давлати ташкил топди. Бу давлатларнинг халқлари Аллоҳга ширк келтирган, бутларга ибодат қилувчи қавмлар эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кўпгина пайғамбарлар юборишига қарамай, улар пайғамбарларни ёлғончига чиқаришда ва куфрда тобора ҳаддан ошишди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ШОМ ДИЁРИДАН ЧИҚҚАН НАБИЙЛАР:
Айюб алайҳиссалом;
Зулкифл алайҳиссалом;
Илёс алайҳиссалом;
Ал-Ясаъ алайҳиссалом;
Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом;
Ҳизқил (Ҳизқиёл) алайҳиссалом;
Шамвил алайҳиссалом;
[1] Минтақ – тананинг пастки қисмига ўраладиган изорга ўхшаш кийим. У аввалда худди хизмат вақтида кийиладиган пешбанд сингари аёллар кийими бўлган. Ҳожар онамиз Сора онамизнинг рашкини пасайтириш мақсадида ўзини унинг хизматига шай қилиб кўрсатиш, ўзини унинг олдида хизматкордек тутиш учун ҳам минтақ туган.
[2] Журҳум - қадимий араб сулолаларидан бири. Улар асли яманлик бўлишган.
[3] Кадо – Макканинг юқори томонидаги тоғ. Баъзан мазкур довоннинг ўзи ҳам шу ном билан аталган.
Қуръон илмлари: ҚУРЪОННИНГ ИСМЛАРИ
ҚУРЪОННИНГ ИСМЛАРИ
Араблар ўз асарларини имкон қадар қисқа, ҳатто бир сўз билан номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло бунга хилоф ўлароқ, Ўзининг ваҳий тўплами учун турли исмларни ихтиёр қилди. Бунда ушбу исмларнинг сирлари ва уларнинг келиб чиқиши эътиборга олинди. Мазкур исмларнинг энг машҳурлари «Қуръон» ва «Китоб»дир.
- Ислом дастур Китобининг асосий исми «Қуръон»дир.
«Қуръон» сўзининг луғатдаги маъноси ҳамда уламолар истилоҳидаги таърифини юқорида кўриб ўтдик. Зотан, Аллоҳ таолонинг Ўзи бу мўъжизакор Каломини унинг ўзида «Қуръон» деб атаган.
Аллоҳ азза ва жалла Исро сурасида шундай деб марҳамат қилади:
إِنَّ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانَ يَهۡدِي لِلَّتِي هِيَ أَقۡوَمُ ٩
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (9-оят).
- Қуръони Каримнинг номларидан бири «Китоб»дир.
Бу илоҳий дастурнинг «Китоб» деб номланиши унинг сатрларда жамланганига ишорадир, чунки ҳарфларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланиши ва улардан ташкил топгтан лафзларнинг тартиб билан жойлаштирилишидан ҳосил бўладиган тўпламга «китоб» дейилади.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:
ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَىٰ عَبۡدِهِ ٱلۡكِتَٰبَ وَلَمۡ يَجۡعَل لَّهُۥ عِوَجَاۜ١
«Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга хамд бўлсин» (1-оят).
Оятда «бандаси» деганда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляпти. «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг Муҳаммад алайҳиссаломга туширган ваҳий тўпламини бошқа кўплаб оятларда ҳам «Китоб» деб номлаган. Баъзи оятларда эса ушбу икки исмни бирга зикр қилган.
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат Қилади:
الٓرۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡكِتَٰبِ وَقُرۡءَانٖ مُّبِينٖ١
«Алиф лаам ро. Ушбулар Китобнинг ва очиқ-ойдин Қуръоннинг оятларидир» (1-оят).
Аллоҳ таоло яна Намл сурасида бундай дейди:
طسٓۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡقُرۡءَانِ وَكِتَابٖ مُّبِينٍ١
«То син. Ушбулар Қуръоннинг – очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир» (1-оят).
Юқоридаги икки оятда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни «Китоб» ва «Қуръон» деб атамоқда. Аввалгисида «Китоб» исмини, кейингисида «Қуръон» исмини олдин келтирмоқда.
Ушбу илоҳий ваҳийнинг «Китоб» ва «Қуръон» деб номланиши ниҳоятда табиийдир. Зеро, ушбу имтиёз Муҳаммадий ваҳийнинг барча босқичларида – матнлаининг сақланишида, таълимотларининг ёд олинишида, сатрларда нақшланиб, қалбларда жамланишида яққол кўринади, намоён бўлади.
Шунга кўра, ушбу икки исм Қуръони Каримнинг бошқа исмларига қараганда кўпроқ ишлатилади.
- Қуръони Каримнинг номларидан бири «Зикр»дир.
«Зикр» сўзи икки хил маънога эга бўлиб, унинг биринчи маъноси «эслатма», иккинчи маъноси «шараф»дир. Қуръони Каримнинг «Зикр» деб номланишида мазкур икки маъно ҳам ўз ифодасини топган.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:
وَهَٰذَا ذِكۡرٞ مُّبَارَكٌ أَنزَلۡنَٰهُۚ أَفَأَنتُمۡ لَهُۥ مُنكِرُونَ٥٠
«Бу Биз нозил қилган муборак эслатмадир» (50-оят).
Биз «эслатма» дея таржима қилган сўз ояти каримада «зикр» деб келган. Ҳа, Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир.
Қуръони Карим фақат одамлар учун эмас, балки биз билган ва билмаган барча оламлар учун, масалан, жинлар оламига ҳам эслатмадир. У бутун оламларга иймонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатади. У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатади. У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради.
Аллоҳ таоло Зухруф сурасида бундай дейди:
وَإِنَّهُۥ لَذِكۡرٞ لَّكَ وَلِقَوۡمِكَۖ وَسَوۡفَ تُسَۡٔلُونَ٤٤
«Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам, қавмингга ҳам шарафдир. Ва албатта сўралурсизлар» (44-оят).
Бу ерда «шараф» дея таржима қилинган калима ояти каримада «зикр» деб айтилган.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло шундай демоқда:
«Эй Муҳаммад, ҳеч шубҳа йўқки, сенга туширилган Қуръон сен учун, шунингдек, қавминг учун ҳам шон-шарафдир».
Дарҳақиқат, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шону шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръон у зоти бобаракотнинг зикрларини бутун оламга таратди, миллионлаб инсонлару жинларни у зотга уммат қилди. Сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар томонидан доимий равишда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтиб турилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу Қуръон туфайли инсониятнинг энг намунали вакилига, башариятнинг энг улуғ кишисига айландилар. У зотнинг башарият учун қилган хизматларини дўст ҳам, душман ҳам тан олди.
Шунингдек, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмларига ҳам шону шараф келтирди. Улар Қуръон уммати сифатида бутун дунёга танилдилар. Қуръонга амал қилиб, дунёнинг пешқадам умматига айландилар. Дунёдаги барча халқлар уларга ҳавас билан қарайдиган бўлди. Дунё тургунча номлари зикр қилинадиган, қиёматгача ҳақларига халқлар дуойи хайрлар, мадҳу олқишлар ўқийдиган бўлди.
- Қуръони Каримнинг номларидан бири «Фурқон»дир.
«Фурқон» лафзи луғатда «фарқловчи», «ажратувчи» деган маъноларни англатади. Қуръон ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни фарқлаб, ажратиб бергани учун шу ном билан ҳам аталган.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:
تَبَارَكَ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡفُرۡقَانَ عَلَىٰ عَبۡدِهِۦ لِيَكُونَ لِلۡعَٰلَمِينَ نَذِيرًا١
«Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир» (1-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зот. Ана шу беқиёс баракотлилиги, улуғлигининг аломатларидан бири шуки, У Зот бу дунё аҳлига, барча оламларга бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг иқоби ва азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборди ҳамда у кишига ҳақдан ботилни фарқлаб берувчи Фурқонни – Қуръонни нозил қилди.
- Қуръони Каримнинг исмларидан бири «Танзил»дир.
Бу лафз «нозил қилинган» – «туширилган» деган маънони англатади, Қуръони Каримнинг бундай номланиши унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига нозил қилинган ваҳий тўплами эканидандир.
Аллоҳ таоло Шуаро сурасида шундай деб марҳамат қилади:
وَإِنَّهُۥ لَتَنزِيلُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ١٩٢
«Албатта, у (Қуръон) оламлар Роббининг нозил қилганидир» (192-оят).
Ҳа, Қуръони Карим нозил қилингандир, юқоридан, оламларнинг Робби ҳузуридан тушгандир.
Ушбу исмлар Қуръоннинг энг кўп тарқалган машҳур исмларидир. Лекин баъзилар Қуръон исмларини санаб, бир неча ададга етказишган. Мисол учун, имом Заркаший қози Шайзаладан нақл қилиб, Қуръонга нисбатан эллик бешта исмни зикр қилган. Табиийки, улар исм ва сифатларни аралаштириб келтиришган.
Қуръони Каримнинг биз зикр қилгандан ташқари исм ва сифатларига мисол қилиб яна қуйидагиларни келтириш мумкин:
- «Алий» – Олий:
وَإِنَّهُۥ فِيٓ أُمِّ ٱلۡكِتَٰبِ لَدَيۡنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ٤
«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, олий дир, ҳикматлидир» (Зухруф сураси, 4-оят).
2) «Мажид» – Улуғвор:
بَلۡ هُوَ قُرۡءَانٞ مَّجِيدٞ٢١
«Йўқ!!! У Қуръони мажиддир» (Буруж сураси, 21-оят).
3) «Азиз» – азиз, ғолиб:
وَإِنَّهُۥ لَكِتَٰبٌ عَزِيزٞ٤١
«Албатта, у азиз китобдир» (Фуссилат сураси, 41-оят).
4) «Арабий» – арабча:
وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ قُرۡءَانًا عَرَبِيّٗا لِّتُنذِرَ أُمَّ ٱلۡقُرَىٰ وَمَنۡ حَوۡلَهَا وَتُنذِرَ يَوۡمَ ٱلۡجَمۡعِ لَا رَيۡبَ فِيهِۚ فَرِيقٞ فِي ٱلۡجَنَّةِ وَفَرِيقٞ فِي ٱلسَّعِيرِ٧
«Ана шундай қилиб, сенга... арабча Қуръонни ваҳий қилдик» (Шуро сураси, 7-оят).
Уламоларнинг баъзилари, мисол учун, Ҳарролий Қуръон исмларини тўқсондан ошириб юборган. Қуръони Каримни қайси исми билан номлашдан қатъи назар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган, мусҳафларда ёзилган, мутавотир тарзда нақл қилинган, тиловати ибодат бўлган мўъжиза калом кўзда тутилади.
ҚУРЪОННИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ
Қуръоннинг нозил бўлиш босқичлари ҳақида Қуръони Каримнинг ўзида ва Суннатда матнлар келган. Мазкур матнларда «нузул» масдаридан олинган турли сўзлар ишлатилган. Мавзунинг ичига киришдан олдин, одатдагидек, ушбу «нузул» сўзининг луғатдаги маъноси ҳақида керакли билимга эга бўлиб олсак, яхши бўлади.
Араб тилида «нузул» сўзи бир жойга «тушиш» ва «жойлашиш» деган маъноларни англатади. Бинобарин, унда «тушириш» ва «жойлаштириш» маънолари ҳам бўлади.
Баъзи уламолар: «Нузул сўзининг ушбу маънолари моддий нарсаларга ишлатилади, Қуръони Карим моддий бўлмагани учун, унга нисбатан бу сўзнинг ишлатилиши мажозий бўлиши керак», дейишган. «Нузул» сўзининг мажозий маъносини эса «билдириш» деб таъвил қилишган. Аммо бошқа уламолар: «Қуръони Каримнинг ўзи бу маънони жуда кўп ўринда турли кўринишларда ишлатган, шунинг учун уни таъвил қилишга ҳожат йўқ», дейдилар.
«Улуми Қуръон» олимлари Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ҳақида луғат жиҳатидан бир оз ихтилоф қилган бўлсалар ҳам, унинг амалий нозил бўлиши уч қисмга бўлинишига иттифоқ қилганлар.
- Қуръони Каримнинг Лавҳул-маҳфузга нозил бўлиши.
Бунинг дали ли Қуръони Каримнинг ўзида келган.
Аллоҳ таоло Буруж сурасида марҳамат қилади:
بَلۡ هُوَ قُرۡءَانٞ مَّجِيدٞ٢١ فِي لَوۡحٖ مَّحۡفُوظِۢ٢٢
«Йўқ!!! У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир» (21-22-оятлар).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Расулига нозил қилган ваҳийлар тўплами бўлмиш «Қуръони Мажид»нинг «Лавҳул-Маҳфузда» эканини айтмоқда.
Лавҳул Маҳфуз, яъни «Муҳофаза қилинган лавҳ», исломий эътиқод бўйича Аллоҳнинг ҳузуридаги лавҳ бўлиб, барча нарсалар унда ёзилган бўлади. Ҳа, Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Қуръони Карим ҳам дастлаб ўша Лавҳда бўлган. Лавҳул Маҳфуз Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас.
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч бир зот билмайдиган тарзда ва вақтда Лавҳул Маҳфузда мавжуд бўлган. Бўлганда ҳам, ояти каримада зикр қилинганидек, бир йўла яхлит ҳолда бўлган.
- Қуръони Каримнинг Байтул Иззатга нозил бўлиши.
Бунинг далили ҳам Қуръони Каримнинг ўзида келган.
Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади:
إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةٖ مُّبَٰرَكَةٍۚ إِنَّا كُنَّا مُنذِرِينَ٣
«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...» (3-оят).
Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:
شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدٗى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٖ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (185-оят).
Аллоҳ таоло Қадр сурасида марҳамат қилади:
إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةِ ٱلۡقَدۡرِ١
«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (1-оят).
Ушбу оятларда зикр этилаётган воқеълик, яъни Қуръоннинг нозил қилиниши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонидаги Байтул Иззатга, яъни «Иззат уйи»га бўлган. Бу нузул ҳам бир йўла бўлган.
Байтул Иззатнинг яна бир номи Байтул Маъмур бўлиб, «Обод уй» демакдир. Байтул Маъмурнинг нима экани Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларидан маълум бўлади.
Суддий айтадилар: «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: «Байтул Маъмур нима, биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. Шунда у зот: «У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Бир кириб, чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дедилар».
Байтул Маъмурнинг зикри Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот ўша уйни кўрганлар, фаришталарнинг тавофи Байтул Маъмурни айланиш билан бўлишини ҳам айтганлар. Яна у уйга Иброҳим алайҳиссаломнинг суяниб ўтирганларини кўрганларини ҳам зикр қилганлар.
Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб, ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, Байтул Маъмур еттинчи осмондаги, муаззам Каъбанинг тепасидаги бир уйдир, масжиддир. Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади, бениҳоя кўп бўлганларидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда Байтул Маъмур ҳам шундай улуғланади.
- Ваҳийнинг Байтул Иззатдан ваҳий амини Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тушиши.
Ябн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул Иззатга қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди». Имом Ҳоким ривоят қилган.
«Қуръонни тартил билан ўқиш» деб унинг ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида, дона-дона қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди». Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни дастлаб Лавҳул Маҳфузга жойлаган. Кейин у Лавҳул Маҳфуздан Байтул Иззат, яъни Байтул Маъмурга нозил қилинган. Кейин Жаброил алайҳиссалом орқали йигирма уч йил давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган.
ҚУРЪОН ВАҲИЙСИНИНГ БОШЛАНИШИ
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилдилар. Дунёнинг муаммолари ҳақида, ундаги разолатларни қандай йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа муҳим ишлар тўғрисида ёлғиз ҳолда фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учун ўзлари тушар, баъзан эса уйдан озиқ-овқат келтириб беришарди. Бу эса у зотни Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбарликка тайёрлаш эди.
Кунлардан бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан «Ўқи!» деган гулдурос овозни эшитдилар. У зот: «Ўқишни билмайман», деб жавоб бердилар. Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна: «Ўқи!» деди. У зот алайҳиссалом яна: «Ўқишни билмайман», дедилар. Бу ҳол уч марта такрорланганидан сўнг гулдурос овоз Алақ сурасининг дастлабки беш оятини ўқиди. Унинг сўзлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тошга ўйилгандек муҳрланиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйга қайтдилар. Ранглари оқарган ҳолда уйларига кириб: «Мени ўраб қўйинглар», деб ётиб олдилар. Бир оз ўзларига келгач, бўлган воқеани жуфти ҳалоллари Хадижа онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, у зотни тинчлантирди. Кейин икковлари Хадижа розияллоҳу анҳонинг амакиваччалари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпна кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Хадижа онамиздан бўлган воқеани эшитгач: «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди», деди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.
Бу инсоният тарихидаги энг саодатбахш кун эди. Чунки инсоният маълум бир босқичга етган пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури – Ўзининг охирги Китобини Ўзининг сўнгги Расулига нозил қилишни бошлаган эди. Шу кундан эътиборан, адашиб юрган инсониятга Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл кўрсатишни ирода қилган, Арш билан ер орасида яна қайтадан боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи ибтидо топди. Аста-секин оятлар нозил бўлаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада – жами 23 йил давом этди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ваҳий;
Қуръоний ваҳий ҳолати;
ИСЛОМ – БУ АЛЛОҲНИНГ БУЙРУҚЛАРИГА ТАСЛИМ ВА ИТОАТ ЭТИШДИР
Ислом – бу Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлсада, лекин исломсиз имон, имонсиз ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан овра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.
Аллоҳни барча сифатлари билан Китобида ўзи тавсиф этганидек ҳақиқий маърифат билан таниймиз. Лекин ҳеч ким Унга лойиқ, ҳақиқий ибодат билан ибодат қила олмайди. Лекин Китобида буюрганидек, Расулининг суннатида кўрсатилганидек ибодат қилиши мумкин. Демак, барча мўъминлар маърифат (Аллоҳни таниш)да, ишончда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавфда, умидда ва имонда тенгдирлар. Бундан ташқари амалларда эса, бирбирларидан фарқ қилурлар.
Аллоҳ таоло ўз бандаларига нисбатан фазлу карамли ҳамда адолатлидир: баъзида бандасига қилган ишига яраша эмас, балки неча баробар ортиғи билан савоб бахш этар. Гоҳида гуноҳига яраша жазо берур. Баъзан фазлига олиб, кечириб юборур.
(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳи акбар” китоби)
Фитналардан огоҳ бўлайлик!
Барчамиз Aллоҳ берган беҳисоб неъматларга шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду насиҳатларига рағбат кўрсатиб ва уларга амал қилиб боришимиз ҳаётимиз мезонидир. Ўрталаримизда амри маъруф, наҳий мункар, мусибатларга сабр қилиш, аҳли сунна ва жамоа билан бир сафда бўлиш, бир-биримизга меҳр-шафқат, меҳрибонлик ва мурувватпарварлик руҳида яшамоғимиз керак. Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан сақланишимиз эса ўта зарурдир. Шунда барчаларимиз дунё ва охират яхшилигига эришиб, муваффақият ва нажот топувчилардан бўламиз, инша Аллоҳ.
Aллоҳ таоло бизни турли фитна ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишга чорлаб ўзининг Каломида шундай амр етади:
وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Aллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.
“Фитна” деганда динда фитнага тушишни кўзда тутишган. Яъни фитнани иймон ҳақиқатларига, ислом хислатлари, сифатлари ва фарзларига бепарво бўлишдан сақланиш, деб талқин қилишган. Aйрим уламолар еса Aллоҳ таолонинг китоби ва Ҳазрати Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши энг катта фитна деб айтишади. Шунинг учун ҳам барча муҳаққиқ уламолар мусулмонларни фитналардан сақланиш, Aллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَلَا تُطِيعُوا أَمْرَ الْمُسْرِفِينَ الَّذِينَ يُفْسِدُونَفِي الْأَرْضِ وَلَا يُصْلِحُونَ
“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат етмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини Aллоҳ таолонинг номи билан фитналардан уларнинг ёмонлигидан, адаштиришидан ва гумроҳлигидан паноҳ тилашга йўллаганлар. Баъзи ўтган солиҳ уламоларимиз шундай дуо қилишаркан:
" اللهمَّ إنّا نَعُوذُ بِكَ اَنْ نَرْجِعَ عَلَى أَعْقَابِنا أوْ أنْ نُفتَنَ "
“Эй Aллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб қолишимизда сендан паноҳ тилаймиз”.
Шунга мувофиқ инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи асоссиз ғоя сўзларни айтувчи ва тарқатувчи кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатларидан барча мусулмонларни эҳтиёт бўлишларига чорлаймиз. Зеро, дин душманларининг фитналари ва фитнага сабаб бўлувчи миш-мишлари Aллоҳ таолонинг қўйидаги ояти каримаси мазмунига мутлақо зид ва хилофдир. Aллоҳ таоло айтади:
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ لِيُضِلَّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّخِذَهَا هُزُوًا أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Aллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Aна ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир”.
Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоққа риоя этишимиз керак. Ҳар биримиз Aллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазмунига амал қилиб боришимиз керак:
يَوْمَ تَجِدُ كُلُّ نَفْسٍ مَا عَمِلَتْ مِنْ خَيْرٍ مُحْضَرًا وَمَا عَمِلَتْ مِنْ سُوءٍ تَوَدُّ لَوْ أَنَّ بَيْنَهَا وَبَيْنَهُ أَمَدًا بَعِيدًا وَيُحَذِّرُكُمُ اللَّهُ نَفْسَهُ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ
“Ҳар бир жон ўзи қилган яхши ва ёмон амаллари (номаи аъмолида) ҳозир қилинган Кунда (қиёматда) улар (ёмон амаллари) билан унинг ўртаси узоқ масофа бўлишини орзу қилади. Aллоҳ сизларни «Ўзидан» огоҳлантиради. Aллоҳ бандаларга меҳрибондир”.
Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар:
«Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Aллоҳнинг лаънати бўлсин».
Демак, Aллоҳ таоло Ўз ҳабиби Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га умматларининг қиёмат кунига қадар дуч келишлари мумкин бўлган кўплаб фитналар ҳақида хабар берган ва улардан огоҳлантирган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар. Маълумки, фитнага кўплаб сабаблар мавжуд, шулардан айримларини шу ўринда зикр этиш лозим.
Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай дейилган: Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида жипслашиш, улардан асло узоқлашмаслик. Бу ҳақда Ибн Aббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расул акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Барака улуғларингиз билан биргадир”.
Инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Aксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.
Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:
“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.
Ҳозирги пайтда яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади. Бу ҳам бўлса, дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда.
Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” жамиятдаги маънавий ҳаётни издан чиқаради, ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Aбдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди. Бундай фитналардан мамлакатимиз мусулмонлари ҳам ниҳоятда огоҳ бўлишлари лозим.
Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Ёшларимизга, фарзандларимизга таълим-тарбия берганда, насиҳат қилиб, ўргатганда Ватанга муҳаббат ота-она, оиласига, уларни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар-миллий қадриятларга, улар югуриб ўсган тупроқ, отаси эккан ва у билан бирга улғайган дарахт, онаси тебратган бешикка бўлган муҳаббат эканлигини уқтирайлик. Фақат буни ҳис қила билиш керак, холос. Буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш демакдир.
Aллоҳ таоло барчаларимизни ҳар бир ишда ақл юритиб, фикрлаб тафаккур қиладиган солиҳ бандаларидан қилсин! Aқл ва фикр самараларидан баҳраманд бўлиб яшашимизга муяссар айлаб, икки дунёда саодат аҳлидан бўлишимизга насиб этсин! Aллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна-фасод ва ихтилофлардан сақласин! Юртимизни ва динимизни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!
A.Жўраев,
Олтиариқ тумани “Жаҳонгирхон” масжиди имом-ноиби